14:55 / 25.02.2020
4
13625
81та дарахт кесилган ҳудудни қурувчига беришда амалдаги тартибга риоя қилинмагани маълум бўлди

Ер участкасини ажратишда кадастр ва ёнғин хавфсизлиги органлари, «ТошкентбошпланЛИТИ» институти ва тегишли комиссия билан келишилмаган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

21 февраль куни Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирида 81 туп кўп йиллик дарахт қурувчи компания томонидан ноқонуний кесиб ташланган эди.

Натижада Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари ва «BUILDING AND SUPPLIES» МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, туман прокурорига ҳайфсан берилди.

Олий суднинг Суд амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бош консультанти Нуриддин Муродов бу вазиятнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида Kun.uz`га маълумот берди.

Унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарори билан, «BUILDING AND SUPPLIES» МЧЖга Яккасарой тумани, Юнус Ражабий маҳалласи 72, 66/4, 66/2, 66/1-уйлар оралиғида кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун 0,5 гектар ер майдони ажратилган.

Бу қарорни бекор қилиш ҳақида Тошкент шаҳар прокурори томонидан 2018 йил 4 июлда Тошкент шаҳар ҳокими номига протест киритилган.

Протестда ҳоким қарори Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сонли ҳамда 2008 йил 31 декабрдаги 2925-сонли қарорлари талабларига риоя қилинмаган ҳолда, яъни ер ажратиш бўйича тўпланган ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларини бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссияга юборилмагани ва келишилмагани кўрсатилган.

Шу асосда, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 7 июлдаги 1053-сонли қарори билан (Ж.Ортиқхўжаев) шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарори (Р.Усмонов) бекор қилинган.

Биринчи иш

Бу қарордан норози бўлиб, «BUILDING AND SUPPLIES» МЧЖ судга шикоят билан мурожаат қилган.

Бектемир туман маъмурий судининг 2018 йил 12 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан шикоят қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 7 июлдаги 1053-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Суднинг бу қароридан норози бўлиб, фуқаролар О.Пяновская, О.Белкина, М.Сабирова, З.Мавриди (низоли ер участкасида уларнинг гаражлари бўлган) кассация шикояти берган.

Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 18 сентябрдаги ажрими билан фуқаролар суд қарори устидан кассация тартибида шикоят бериш ваколатига эга эмаслиги сабабли иш юритиш тугатилган.

Бу ҳолатда, Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларини бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссия, ҳокимлик ёки бўлмаса, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мурожаат қилганида, ўшанда ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эди.

Иккинчи иш

Фуқаролар О.Пяновская, О.Белкина, М.Сабирова Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилган.

Чилонзор туман маъмурий судининг 2019 йил 11 декабрдаги ҳал қилув қарори билан аризачиларнинг талаби рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 27 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Фото: Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарорини чиқариш пайтида йўл қўйилган камчиликлар:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 июлга қадар амалда бўлган, 2013 йил 25 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14-бандига асосан, ер участкасини жойлаштириш плани кимлар билан келишилиши лозимлиги белгиланган.

Низоли ҳоким қарорини чиқариш пайтида эса, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати, Ички ишлар бош бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, «ТошкентбошпланЛИТИ» институти билан келишилмаган.

2. Мазкур Низомнинг 22-бандига зид равишда, низоли ер участкасини ажратиш материаллари Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларини бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилмаган ва бу комиссия билан келишилмаган.

Судларнинг аризачилар талабини рад қилиш асослари

Аризачилар О.Пяновская, О.Белкина, М.Сабирова ўз талабларида низоли ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш асоси сифатида ҳоким қарори юқорида қайд этилган Низом талабларига риоя қилинмаган ҳолда чиқарилганини маълум қилганлар.

Лекин, судда низоли ҳоким қарори аризачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид равишда чиқарилгани ўз исботини топмагани сабабли ариза рад қилинган.

Аризачилар ўзларининг аризасида келтирилган асос бўйича улар эмас, балки юқорида қайд этилган Комиссия ёки бўлмаса, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мурожаат қилганда, ўшанда ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш мумкин бўлади.

Суд қарорлари устидан Олий судга шикоят келиб тушмаган.

Хулоса

Олий суд бошқармаси бош консультанти ҳолат юзасидан ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

«Агар, Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларини бериш амалиётини ўрганиш бўйича Комиссия, ҳокимлик  ёки бўлмаса, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси судга мурожаат қилганда, ўшанда ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эди.

Ўшанда бундай салбий ҳолатлар ҳам кузатилмасди.

Тошкент шаҳар прокурори эса, ишончни оқлай олмагани учун пойтахтнинг ҳар бир туманида миллионтадан дарахт кўчати экишни ваъда қилмасди.

Бир ўйлаб кўринг, ҳақли саволлар туғилади. Биргина шаҳар ҳудуди учун шунча (11 миллионта) кўчат қаердан ва қайси пулга олинади?

Ўзи шусиз ҳам шаҳарда ер, сув танқис, экишга жой масаласи ва маблағ учун яна қанча тадбиркор «ҳомий» бўлади? Прокуратуранинг иши дарахт экишми? Ундан кўра, қонунлар ижроси устидан шаффоф ва тизимли назорат ўрнатиб, ўз фаолияти билан шуғулланиши керак эмасми?

Tashkent City қурилишида қанча дарахт кесилди, бир хил қараш ва қонун устуворлиги қачон таъминланади? Қоғозларда ва қуруқ гапларда қолиб кетаётган тадбиркорнинг манфаати қачон кафолатланади? Нима учун фақат тадбиркор балогардон бўлиши керак?

Қачон сиёсий ва маъмурий тизим ўрнига қонун устуворлиги тамойилига ўтамиз? Қачонгача асл ҳуқуқбузарлар қолиб, қонунни четлаб қарор қилганларни жавобгар қилмай «лакировка» қилиб юрамиз? Қачонгача амалдорларимизнинг саъй-ҳаракати билан «Адолат» қарор топди дейишдан, масала қонунан ўз вақтида ҳал этилди дейишга қачон ўтамиз?

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу борадаги ислоҳотларимиз шахслар (шу жумладан, ҳокимлар) ўзгаришига боғланиб қолиб, ер ажратиш масаласи фақатгина қонунга асосланади деган тамойил тўлиқ амалга татбиқ қилинмас экан, бу каби ҳолатлар кўзатилаверади.

Яна бир гап. Дов-дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинган пайтда, тадбиркор ҳам ер меники деб дарахтларни кесмаслиги, ҳоким ўринбосари эса бунга рухсат хати бермаслиги лозим эди.

Ўз ўрнида, тадбиркор товон тўлашига сабаб ҳам айнан биз юқорида айтгандек тадбиркорнинг қонун ҳужжатларини бирламчи, деб эмас, айрим топшириқ берувчи раҳбарларга ишончни устун қўйганидан келиб чиққан.

Шунинг учун ҳам қонунларимизга ҳурмат ҳар биримизни онг-у шууримизда бўлсин», – дея муносабат билдирди Нуриддин Муродов.

Эслатиб ўтамиз, Яккасарой туманидаги маҳаллада 81 туп дарахт кесилиши бўйича тезкор чоралар кўрилиб, ҳокимлик ва МЧЖ мансабдорларидан 1,9 миллиард сўмга яқин товон ундирилди. Ноқонуний кесилган дов-дарахтлар ўрнига тўрт хил турдаги дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top