Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган компания 81 туп дарахтни кесиб ташлагач, қонунбузарлардан 1 млрд. 891,3 млн. сўм миқдорида зарар ундирилди. Прокуратура дарахтларни кесишга рухсат берган ҳоким ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига жиноий иш қўзғатган.

21 февраль куни Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси 66/1, 66/2, 66/3, 66/4 ҳамда 72-уйлар оралиғида 81 туп дарахт кесиб ташланганини аниқлади.
«20 февраль куни мазкур ер майдонида жами 81 дона, жумладан 6 дона «қайрағоч», 3 дона «заранг», 1 дона «акация», 11 дона «айлантус», 24 дона «шумтол», 10 дона «сафора», 3 дона «эман», 9 дона «бруссонетия» (қоғоз дарахти), 14 дона «тут» дарахтлари кесилган. Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан жами 70 дона дарахтларни кесилиши юзасидан рухсатнома берилган (ҳужжат санаси кўрсатилмаган). Рухсатномада кўрсатилмаган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига 74,7 млн сўм миқдорида зарар етказилган», дейилганди хабарда.

21 февраль куни мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент прокуратурасига тақдим этилган.
22 февраль куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳарда дарахтлар кесилиши ҳолати давлат назоратига олингани маълум қилинди. Пойтахт ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда барча алоқадор ташкилот, идоралар таркибида ишчи гуруҳ тузилган.
Бугун, 23 февраль куни Тошкент шаҳри прокуратураси ўсимлик дунёсига етказилган зарар ундирилгани ҳақида маълумот берди.
Прокуратура хабарида айтилишича, «Building And Supplies» МЧЖ томонидан унга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 туп дарахт қонунга зид равишда кесилгани оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн сўм моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Яккасарой тумани ҳокимлиги ва «Building And Supplies» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Дов-дарахтларни кесишга рухсатнома берган Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари А.Саттаров жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган, «Building And Supplies» МЧЖ раҳбари А.Қодировга айблов эълон қилинган.
Жиноят кодексининг 198-моддаси 4-қисмига кўра, етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмайди.
Дастлабки терговда айбланувчилар А.Саттаров ва А.Қодировдан 1 млрд. 891,3 млн. сўм ундирилди.
«Юнус Ражабий» маҳалласи ҳудудида ноқонуний кесилган дов-дарахтлар ер майдони тезкорлик билан тозаланиб «Липа», «Берёза», «Каштан» ва «Павлония» дарахтлари экилиши ташкил қилинди.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 30 октябридаги фармони билан давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматли дарахт ва буталарни кесишга 2020 йил 31 декабрига қадар мораторий эълон қилинган эди. Ушбу давр мобайнида қимматли дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома берилиши тақиқланган.