15:43 / 25.02.2020
0
3023
Тошкентда «Ле Кордон Блю» олий мактабининг филиали очилиши мумкин

Тошкент меҳмонхона сервиси, ресторанлар бошқаруви ва кулинария йўналишида Франция билан амалий ҳамкорликни ривожлантиради

Фото: globalazeri.az

Тошкент шаҳар ҳокими Франциянинг «Ле Кордон Блю» меҳмонхона сервиси ва кулинария олий мактаби Ходимларни саралаш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Филипп Рошерон билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Франция Республикалари ўртасида савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Филипп Рошерон ҳозирда дунёнинг 20 та давлатида 125 йиллик тарихга эга «Ле Кордон Блю» меҳмонхона сервиси ва кулинария олий мактаби билан ҳамкорликда институтлар очилганлиги ва уларда асосан техник (ошхонада ишлаш, новвойлик, қандолатчилик), ишбилармонлик, меҳмонхона бизнеси ва жамоа бошқаруви каби йўналишларда мутахассислар тайёрланишини, таълим магистрлар учун 1 йиллик, бакалаврларга 3 йиллик дастурларда олиб борилишини айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими мазкур олий мактаб билан хизмат кўрсатиш соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш ва келгусида «Ле Кордон Блю» олий мактабининг филиалини Тошкентда очиш юзасидан музокараларга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Франция элчихонасининг таълим ҳамкорлиги бўйича атташеси Софи Жиндт ҳам иштирок этиб, Франциядаги олий таълим даргоҳларида ўзбекистонлик талабалар учун мунтазам грантлар ажратилиши ва ҳар йили турли мутахассисликлар бўйича ўқиётган ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, пойтахт ҳокимлиги билан элчихонанинг кўча театрини ривожлантириш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш таклифини билдирди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top