07:50 / 27.02.2020
0
4426
Жанубий Корея ва АҚШ коронавирус сабабли биргаликдаги ҳарбий машғулотларни қолдиришга қарор қилди 

Жанубий Корея ва АҚШ коронавирус сабабли биргаликдаги қўмондонлик-штаб машғулотларини қолдиради.

Фото: KIM HONG-JI/REUTERS

Бу ҳақда Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилди.    

“Жанубий Корея ва АҚШ альянси коронавирус билан боғлиқ вазият даражаси “жиддийгача” оширилгани муносабати билан кейинги кўрсатмалар берилгунга қадар жорий йилнинг биринчи ярмига белгиланган машғулотларни қолдиришга қарор қилди”, дейилган хабарда. 

Жанубий Кореяда айни вақтда коронавирусдан 1595 киши касалланган, 12 киши вафот этган. Эпидемиологик таҳдид даражаси учинчи “зарғалдоқ” даражадан тўртинчи “қизил” даражагача оширилган.

Аввалроқ Жанубий Корея Cobra Gold 2020 машғулотларига 30 га яқин юқори лавозимли амалдорини жўнатиши маълум қилинган. Дастлаб машғулотларда Жанубий Кореянинг 400га яқин ҳарбийси ва битта кемаси иштирок этиши режалаштирилган, бироқ мамлакат коронавирус сабабли жорий йилда дала машғулотларини ўтказиб юбориши маълум қилинган.

Шунингдек, Жанубий Корея вирус сабабли ўз захира қўшинларининг мартга белгиланган машғулотларини апрелга кўчирди. 

Ҳар йилги Cobra Gold ҳарбий машғулотлари АҚШ ва Таиланд томонидан 1982 йилдан бери ўтказиб келинади. Айнан шу икки давлат бу машғулотларга энг кўп сонда кема, техника ва ҳарбийларни юборади. Машғулотларнинг илк йилларида уларда фақатгина АҚШ ва Таиланд қўшинлари иштирок этган бўлса, ҳозирда унинг иштирокчилари сони анча ошган. Жанубий Корея уларда 2010 йилдан бошлаб иштирок этиб келади. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top