10:29 / 28.02.2020
0
2044
Ўзбекистонда япон модели бўйича мактабгача таълим ташкилоти қурилиши мумкин

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшчинори Фуджияма билан учрашди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Вазирлик хабарига кўра, Агриппина Шин Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан буён ўтган йиллар мобайнида эришилган натижалар, хусусан, халқаро ҳамкорлик ҳақида қисқа маълумот тақдим этди. 

Бунда Мактабгача таълим вазирлигининг Япония ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан қуйидаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўрнатилган ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди:

Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам Дастури доирасида миллий кадрларни тайёрлаш бўйича (JDS) стипендия тақдим этиш;

Япония ҳукуматининг кичик қамровли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам кўрсатиш лойиҳаси;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўнгиллиларини Нукус шаҳридаги Оролбўйи минтақаси болалари учун «Имкон» давлат кўптармоқли ихтисослаштирилган реабилитация марказига эга бўлган МТТга жалб қилиш.

Учрашув чоғида вазир Япония билан мактабгача таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қатор таклифлар билдирди:

Япония тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда япон модели бўйича мактабгача таълим ташкилотини қуриш;

республика МТТ тармоқларини кенгайтириш жараёнига Япония хусусий секторини жалб этиш;

мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантирувчи ўйинчоқлар, қўлланмалар, ўйинлар ва мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқариш;

мактабгача таълим соҳасида IT-ечимларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш;

имконияти чекланган болалар учун давлат МТТларни реабилитация ва махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун Япониянинг беғараз ташқи кўмагини жалб этиш.

Элчи Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик салоҳиятини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top