11:01 / 29.02.2020
0
1750
Мактабларда «Эко туризм» дарслари жорий этилиши мумкин

Экология масаласи бўйича муҳокамаларда умумтаълим мактабларида “Эко туризм” дарсларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ва бир қатор бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари экология масаласи юзасидан муҳокамалар ўтказишди. Бу ҳақда парламент сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, иштирокчилар муаммонинг оқибатларига эътибор қаратдилар. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши натижасида инсон саломатлиги учун салбий таъсир этувчи экологик хавф-хатарлар миқёси кенгайиб бораётгани, натижада инсульт, юрак-қон томир касалликлари, ўпка саратони, астма, нафас йўлларининг сурункали ва ўткир касалликлари юзага келаётгани таъкидланди.

Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган, 2019 йил 1 ноябридан 2020 йил 31 декабргача амал қилувчи мораторийни қўпол равишда бузиш ҳолатлари танқид қилинди.

Йиғилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласини таълим тизимида кенгроқ қамраб олиш юзасидан бир қатор аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, умумтаълим мактабларида “Эко туризм” дарсларини жорий этиш, олий таълимнинг магистратура мутахассисликлари учун эса “Экологик менежмент” каби фанларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашувда янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, унда атроф-муҳит муҳофазаси масалаларини ёритиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top