15:18 / 04.03.2020
0
2076
Заргарларга лицензия ва гувоҳномалар бериш тезлаштирилди

Заргарлик тармоғини тартибга солувчи бир қатор қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Фото: Fotolia

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш жараёни жадаллаштирилади. Бунга лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан 5 кунга, қайта расмийлаштириш бўйича – 5 кундан 2 кунга (ариза қабул қилинган санадан эътиборан, уни тақдим этиш усулидан қатъи назар) қисқартирилганлиги орқали эришилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Бу қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олишга ҳам тааллуқлидир. Энди Асиллик даражасини белгилаш палатаси гувоҳномани бериш ёки муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани 5 иш куни (илгари 7 иш куни эди), қайта расмийлаштиришда эса 3 иш куни (илгари 5 иш куни эди) мобайнида кўриб чиқади. Худди аввалгидек, 1 БҲМ миқдоридаги қўшимча ҳақ эвазига заргарлик буюмлари билан савдо қилиш ҳуқуқини берадиган гувоҳномаларни олишга доир мурожаатлар тезкор тартибда (тегишинча 2 ва 1 иш куни давомида) кўриб чиқилади.
 
Шунингдек таъкидлаш жоизки, заргарлик буюмлари билан савдо қилишга доир амалдаги қоидаларга тузатишлар киритилди. Ўзгаришларнинг катта қисми бевосита Президентнинг 18.05.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5721-сон Фармони қоидаларидан келиб чиқди. Бундан ташқари, шундай маҳсулотларни воситачилар ва интернет-дўкон орқали реализация қилишнинг ўзига хос жиҳатлари қайд этилган.  
 
Ҳужжат 21.02.2020 йилдан кучга кирди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top