16:40 / 05.03.2020
0
5566
Фармацевтика агентлиги дорихоналарда тиббиёт ниқоблари танқислиги кузатилаётгани бўйича муносабат билдирди

Ўзбекистонда тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарадиган 10дан ортиқ корхоналар мавжуд ва улар ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишлаб турибди

Фото: Ysia.ru

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати ҳозирги кунда тиббиёт ниқоблари танқислиги кузатилаётгани бўйича баёнот билан чиқди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарларга кўра, дорихоналарда тиббиёт ниқоблари етишмаслиги ёки умуман йўқлиги ва деярли ҳамма дорихоналарда бу маҳсулот нархи ошгани аҳолини ташвишга солмоқда.

Тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатига киритилган. Лекин шу билан бирга, дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига тиббиёт ниқоблари киритилмаган.

Шу боис дорихонада тиббиёт ниқоблари йўқ бўлса, бу учун дорихонани айблаш ёки дорихона ҳодимидан тиббиёт ниқобларини талаб қилиш нотўғри. Лекин республикамизда ҳозирги кундаги эпидемиологик ҳолатни, яъни коронавирус хавфини ҳисобга олган ҳолда, дорихоналар томонидан аҳолини тиббиёт ниқоблари билан таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2647 сонли қарорида, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш – уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Дорихона тиббиёт ниқобларини мисол учун, улгуржи 2000 сўм нархда сотиб олган бўлса, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари билан, яъни, 2400 сўмдан сотиши керак бўлади.

Маълумот учун, юртимизда 15га яқин тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқарадиган корхоналар мавжуд ва улар ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишлаб турибди. Aммо тиббиёт ниқобларига бўлган эҳтиёж юқори бўлгани ва буюртмалар кўплиги сабаб, дорихоналарда айнан шу маҳсулот нархи ошгани кузатилган бўлиши мумкин», дейилади баёнотда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top