18:11 / 23.03.2020
5493
Uzbekistan Airways чиптафуруш фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Россияда Ўзбекистонга чартер рейсларга чипта олиб беришни ваъда қиладиган, ўзини Uzbekistan Airways вакили деб таништирган фирибгарлар пайдо бўлган.

Россиянинг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганлар айни пайтда навбати билан чартер рейслар орқали олиб келинмоқда.

Шундай вазиятда Uzbekistan Airways номидан ижтимоий тармоқларда саҳифалар, хусусан телеграм канали очиб, чипта сотган фирибгарлар пайдо бўлган.

Тарқалган скриншотларга эътибор қилинса, бу фирибгар Тула вилоятида ишловчи Ўзбекистон фуқаросига чипта ваъда қилиб, бунинг учун 8450 рубль сўраган. 

Авиакомпания матбуот котиби Ҳабибулло Набиев Kun.uz билан суҳбатда айтишича, Россиядаги айрим юртдошларимиз бундай алдовларга ишонганлари тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

«Uzbekistan Airways авиакомпанияси аэропортларда фирибгарлар пайдо бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Улар фуқароларимизнинг ишончига кириб, чартер қатновига чипта сотиш билан боғлиқ масалаларни мессенжерлар орқали ҳал қила олишини ваъда бермоқда. Йўловчилардан паспорт маълумотларини ва чипта нархининг 70 фоиз тўловни олдиндан амалга оширишни талаб қилади. Айнан шу пайтда икки юртдошимиз шу фирибгарлар томонидан алданган.  

Тошкентга бўлган чартер қатновига чипта сотиб олишни ваъда қилган шубҳали шахслар билан алоқа қилишда эҳтиёт бўлишингизни сўраймиз», дейилади авиакомпания хабарида. 

Авиакомпания бундай фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш кераклиги, барча маълумотларни компания расмий сайти ва саҳифаларидан олиш зарурлигини билдирган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top