23:23 / 26.03.2020
12193
Видео: Водий вилоятлари ўртасида транспорт ҳаракати чекланмоқда

Водийнинг уч вилояти ҳудудига автомобилда кириш-чиқиш чекланди. Бу ҳақда Андижон, Фарғона ва Наманган  вилоятларини боғлаб турувчи чегара постларидан Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Фарғона ва Андижон вилоятларини боғлаб турувчи Ёзёвон ва Бўстон туманлари чегарасида йўл-патрул ва санитар постлари ишлаб турибди.

Масканда ҳар бир автоулов профилактик зарарсизлантирилиб, йўловчилар махсус тана ҳароратини ўлчовчи асбоб – тепловизорда текширилмоқда.

Фарғона рақамларига эга автомобиллар ва йўловчилар Андижон вилояти ҳудудига, Андижон вилояти автомашиналари эса Фарғона томонга ўтказилмаяпти.

Юк машиналари ва бошқа вилоят автомашиналари бундан мустасно.

«Фарғона вилояти йўловчилари учун чиқиш йўли беркитилди. Бошқа вилоят фуқаролари чиқиб кетишлари учун йўл очиқ. Тошкент ва бошқа вилоят автомашиналари ва юк машиналари чегарадан ўтишлари мумкин. Андижон вилояти фуқароларини эса ўз вилояти ҳудудига қайтаряпмиз», – дейди Фарғона вилояти ЙҲХ бошқармаси ходими Азизбек Икромов.

Постда Бўстон туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази ва туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳам хизмат вазифаларини бажаришмоқда.

«Ҳозирги кунда Андижон ва Фарғона вилоятлари ўртасида жойлашган 44-постда замонавий талабларга жавоб берадиган тепловизорлар билан жиҳозланган санитария постини ташкил қилдик.

Ушбу жойдан ўтаётган барча транспорт воситалари ва аҳоли вакиллари кучли назорат остида ўтказиляпти. Автоуловлар профилактик зарарсизлантирилмоқда. Постдан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчаняпти. Агарда ҳарорат юқори бўлса, тиббиёт ходимларига мурожаат қиляпмиз», – дейди Бўстон тумани СЭОМ бош врачи Абдурашид Жавлонов.

Андижон ва Наманган вилоятларини боғлаб турувчи Балиқчи ва Норин туманлари чегарасида ҳам санитар ва ЙПХ пости ишлаб турибди. Ҳар икки вилоятга ўтишга чеклов қўйилган.

«Санитар постимизда дезинфекция ишларини амалга оширмоқдамиз. 0,06 фоизли хлор моддасидан фойдаланган ҳолда ҳар бир ўтган автомашинани зарарсизлантирилмоқда. Йўловчиларни эса, тиббиёт ходимлари тана ҳароратини ўлчаб ўтказишяпти», – дейди Балиқчи тумани СЭОМ ходими Ферузахон Мирзаева.

Kun.uz мухбирлари: Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top