14:39 / 28.03.2020
9503
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги республикадаги мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан аҳолига мурожаат билан чиқиб, ваҳимага тушмасликка чақирди.

Фото: KUN.UZ

“Айни кунларда коронавирус инфекцияси бутун дунё аҳли саломатлигига жиддий хавф солиб, мамлакатда ҳам етарли хавотир уйғотмоқда. Ушбу касалликка қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатлар ва амалий ишлар давлат раҳбари умумий назорати остида ўтказилмоқда, Ўзбекистон Республикаси бош вазири раҳбарлигидаги махсус комиссия томонидан қисқа муддатларда барча топшириқ ва кўрсатмалар кеча-кундуз бажарилмоқда.

Барчамиз шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, зарурият бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз, ҳеч бир истисносиз ниқобда бўлишимиз, карантин билан боғлиқ вазиятни вазминлик ва тушуниш билан қабул қилишимиз, турли асоссиз ва саросима уйғотадиган ёлғон хабарларга ишонмаслигимиз лозим. Инфекциянинг кенг тарқалишига сабабчи бўлмайлик”, дейилади мурожаатда.

Кексаларни эҳтиётлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш зарурати вазирлик томонидан алоҳида қайд этилган.

“Хонадонларимиз фаришталари – ота-оналаримиз, бобо-бувиларимиз, ёши улуғ қўни-қўшни ва маҳалладошларга ҳар қачонгидан-да кўра кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатайлик. Уларнинг аҳволидан доимий бохабар бўлайлик, талаб ва истакларини бажо келтириб, дуоларини олайлик! Айниқса, якка-ёлғиз, бева-бечоралар, эҳтиёжманд оилаларда яшовчиларнинг ош-овқат ва дори-дармонсиз қолиб кетмаслиги учун мурувват ҳамда саховат ёрдамларини кўрсатайлик!

Сизлардан юртимиз бўйлаб коронавирус хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган хайрия тадбирларида имкон қадар иштирок этиш, муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандлари учун қўлингиздан келган ёрдамни кўрсатишда фаол бўлишингизни сўраймиз”.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова хотин-қизларга алоҳида мурожаат қилди.

“Бугун коронавирус пандемияси бизни безовта қилиб турган бир пайтда кўпни кўрган маҳалла фаоллари, кайвони оналаримиз, муҳтарама аёлларимиз, қўйингки, барчамиз қуйидаги қоидаларга амал қилайлик. Аввало, ўз соғлигимизни асраган ҳолда, синовларда сабр қилайлик, ваҳимага берилмайлик.

Ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда, карантин жорий қилинган ҳолатларда қатъий талабларга риоя этайлик. Шифокорлар тавсияларига амал қилайлик! Тобимиз қочса, ўзимиз шифокорга мурожаат қилайлик! Шу мураккаб вазиятдан оддий соғлом турмуш тарзига риоя этиш билан инсон ўзини асраб қолиши мумкинлигини тушуниб етайлик.

Биз оддий, кичик, маиший, глобал бўлмаган, деб баҳолаган омилларимиз аслида, умуммиллат саломатлигини сақлашда катта роль ўйнашини ёдда тутайлик. Энг муҳими, касалликнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолмайлик!

Кексаларимиз, нуронийларимиз, ёрдамга муҳтож юртдошларимизга ҳар қачонгидан кўра ғамхўр ва эътиборли бўлайлик! Имконияти чекланган қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимизнинг ош-овқати ва дори-дармонидан хабардор бўлиб, мурувват-у саховат ёрдамларини кўрсатайлик.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек халқининг маърифий қиёфасини кўрсатиш асносида ваҳимали, тушкунликка туширадиган ва инсон кўнглига озор берадиган сўзларни сўзлашдан тийилайлик”, дейилади Боситхонованинг мурожаатида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top