17:17 / 05.04.2020
99774
Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланган беморларнинг яна 5 нафари соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан яна беш нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна 5 нафари буткул соғайди.

Тузалганларнинг навбатдаги гуруҳи Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

«Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган жами 298 нафар бемордан 30 нафари буткул соғайди. Тузалганларнинг кун сайин кўпайиб бораётганида эса, авваламбор, шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларини, шунингдек, юртимизнинг бошқа ҳудудларида коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган, шу билан бирга, карантинга олинган 100 мингдан зиёд фуқароларни тиббий кузатувга олган барча-барча тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси мужассам. 

Давлатимиз раҳбари сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида, уч марта халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларга чуқур миннатдорчилик билдирдилар. Бу эътироф тиббиёт ходимларининг кучига куч қўшиши, эпидемия балосини аритишда янада фидойилик билан меҳнат қилишларига  туртки бўлиши шубҳасиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top