23:25 / 06.04.2020
40657
1,3 млн бемор, 73 минг ўлим. Хулоса қилинг, уйдан чиқманг

Дунё бўйлаб қарийб 1,3 млн одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Шу вақтгача 275 минг бемор соғайган бўлса, 70 мингдан ортиқ киши касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Фото: AP

Айни пайтда қарийб 50 минг нафар беморнинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда. Ижтимоий тармоқларда оғир аҳволдаги беморлар, айниқса, болаларнинг нафас олишга қийналаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

Коронавирус нафас йўллари, оғиз ва кўздаги шиллиқ пардалар орқали танамизга тушади. Вирус томоқ тўқималари деворини, нафас йўллари ва ўпкани зарарлайди ва уларни коронавирусни кўпайтирувчи корхонага айлантиради. Яъни янги вируслар ишлаб чиқилади ва бошқа тўқималарга ҳам юқа бошлайди.

Касаллик кексалар ва сурункали касали бор одамларда оғир кечмоқда. Коронавирусдан вафот этаётганларнинг аксарияти ҳам шундай тоифадаги беморлар. Бироқ ушбу касалликдан ўлганлар орасида ёш, соғлом инсонлар, болалар ҳам учрамоқда.

Коронавируснинг оғир ҳолатлари ўпка яллиғланиши ёки зотилжам (пневмония) билан кечмоқда. Бундай беморлар нафас олишга қийналишади. Шу сабабли улар аксарият ҳолларда сунъий нафас берувчи қурилмаларга уланмоқда. Бироқ бундай қурилмалар анча қимматлиги боис кўпчилик давлатларда уларнинг сони кўп эмас. Шу боис эпидемия кенг ёйилган ҳудудларда сунъий нафас берувчи қурилмалар етишмаяпти, шифокорлар ёшлар ва ёши катта беморлар ўртасида танлов қилишга мажбур бўлаётган ҳолатлар мавжуд.

Коронавирусга чалинган беморларда ўпканинг ҳаддан ташқари яллиғланиши натижасида тана яшаш учун кераклича кислородни ололмайди. Натижада буйраклар қонни тозалашни тўхтатади, ичаклар ички деворлари зарарланади. Айрим беморларда жигар, талоқ, буйрак ва юрак мушакларининг ишдан чиқиши кузатилган.

Бора-бора инсоннинг бутун танаси ишдан чиқади ва ўлим эҳтимоли кучаяди. Мутахассислар айтишича, коронавирусдан тузалгандан кейин ҳам касаллик асоратлари организмда сақланиб қолиши мумкин.

Ер юзидаги 183 мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар аниқланган. Шу сабабли дунёнинг аксарият мамлакатларида фуқароларни карантинга олиш орқали коронавирусга қарши кураш олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам айни пайтда 90 мингга яқин киши махсус шифохоналар ва уй шароитида карантинга олинган.

Карантин чекловларига кўникиш қийиндир, аммо коронавирусни юқтирганлар бошидан кечираётган азоблар олдида улар ҳеч нарса эмас.

Касалликдан азобланаётганларнинг ҳолатидан хулоса қилинг: карантин чекловларини ўйин деб билманг. Қоидаларга амал қилинг.

Коронавирусни юқтириб олсангиз, нафақат ўзингиз, балки яқинларингиз ва бошқаларни ҳам азобга қўйишингизни, кимлардир бунинг оқибатида ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини кўз олдингизга келтиринг.

Уйда қолинг. Занжирнинг кейинги ҳалқасига айланманг.

Жамшид Ниёзов

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top