16:53 / 07.04.2020
23419
Қуролли кучлар коронавирусга қарши қуролсизми? Дунё армияларидаги вазият ҳақида
Фото: REUTERS/Flavio Lo Scalzo

Сайёрамиздаги бугунги вазият ҳақида бехабар одам бўлмаса керак. Шундай одам топилганда ҳам, уни жамият замона кишиси сифатида қабул қилолмасди. Чунки коронавирус балоси биргина миллат ё мамлакат ёки қитъага эмас, балки бутун ер юзига тааллуқли муаммога айланиб улгурди. Ҳа, бугун дунё аҳли шу касалликка қарши курашмоқда. Дунёда ҳозирча ёлғиз Хитойгина бу жангда ғалаба қозонган давлат бўлиб турибди.

Хўш, Хитой коронавирусни қандай енгиб ўтди? Бу курашда армиянинг роли қандай бўлди? Умуман, касалликка қарши курашаётган давлатлар армияси бу кўринишдаги жанговар топшириқни қай тарзда бажармоқда? Қуйида шулар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Хитойда бошланган жанговар топшириқ

Хитойнинг марказий ҳарбий кенгаши Уҳан шаҳрида тарқалган коронавирусга қарши курашга армияни ҳам жалб этганди. (Шу тариқа дунё армиялари мана шу кўринишдаги жанговар топшириққа бирин-кетин жалб қилина бошлади). Кейинроқ расмий Пекин коронавирусни Хитойга америкалик ҳарбийлар олиб келган, деган тахминни илгари сурди.

Ҳозирда Хитой коронавирус вакцинасини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. Эътиборлиси, COVID-19га қарши вакцина Хитой халқ-озодлик армиясининг Ҳарбий тиббиёт академияси олимлари ва маҳаллий фармацевтика компанияларининг мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Француз армияси «дахлсиз душман»га қарши

Францияда ҳам вазият ўта жиддий. Президент Макрон мамлакат фуқароларининг алоҳида сабабсиз уйни тарк этишини тақиқловчи фармон имзолаган. У мактаб, дўкон, кафе ва музейлар ёпилиши етарли чора бўлмаганини айтмоқда.

«Шифокорлар вазият нақадар жиддийлиги тўғрисида огоҳлантирганига қарамай, одамлар хиёбон, бозор ва ресторанларда йиғилишда давом этиб, ҳукумат фармойишларини инкор этмоқда», – деди Макрон миллатга телемурожаатида.

Француз армияси асосан беморларни шифохоналарга ташиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги вазият барқарорлигини таъминлашда ҳам армияга таянилмоқда.

Афғонистонда жангарилар ҳам вирусдан ҳимояга отланган

Эътиборлиси, Афғонистон армияси ортидан толиблар ҳам коронавирусга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этяпти.

«Толибон» назоратидаги ҳудудларда жангарилар тинч аҳолига коронавирусга қарши қандай курашиш бўйича маслаҳатлар битилган варақалар, совун ва тиббиёт ниқобларини тарқатмоқда.

Ҳозирда «Толибон» ҳаракати алоҳида диагностика ва даволаш марказларини ташкил этиш ва ишга тушириш мақсадида фондга маблағлар ажратиш бўйича ҳам ишлар бошлаган. Бундан ташқари, толиблар халқаро ташкилотларни ҳам коронавирусга қарши курашда ҳамкорликка чорлаган.

Таъкидлаш жоизки, 24 мартдан буён толиблар ҳеч қандай жанговар ёки тажовузкор ҳаракатларни амалга оширгани йўқ.

Қозоғистонда нима гап?

Қозоғистон Қуролли Кучлари дезинфекция тадбирларини ўтказиш учун биологик ҳимоя бўлинмаларини тузмоқда, полиция эса фавқулодда вазиятда профилактик чора-тадбирларни олиб бориш ва тартибни сақлашга кўмаклашмоқда.

Мамлакатда 15 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 23 март куни Фавқулодда вазиятни назорат қилиш давлат қўмитаси учрашувида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев берган буйруқ асосида, мамлакат бўйлаб полиция ва ҳарбий патруллар жойлаштирилди.

Қозоқ Қуролли Кучларининг биологик ҳимоя бўлинмалари мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, савдо марказлари, бозорлар, масжидлар, темирйўл вокзаллари, пиёдалар йўлакчалари, бекатлар, хиёбонлар ва майдонларни дезинфекция қилмоқда.

Ҳарбийлар хорижда қолиб кетган қозоғистонликларни ватанига қайтаришга ҳам кўмаклашмоқда: чет элдаги қозоғистонликларни ватанга қайтаришда ҳарбий самолётлардан ҳам фойдаланиляпти.

Шу билан бирга, мудофаа соҳасида фаолият юритадиган «Казахстан инжиниринг» пудратчи корхонаси 25 март куни тиббий муассасаларга 180та сунъий нафас олдириш аппарати етказиб берилганини маълум қилди.

Германия армияси ўз аскарларини даволаш учун ҳам жой ҳозирламоқда

Германия Қуролли Кучлари – Бундесвернинг тиббий бўлимларида 20 мингга яқин қўшин бор. Ҳозирга қадар улар фавқулолда ҳолат рўй берса, ёрдам кўрсатиш мақсадида 5та дала касалхонасининг «кучини синаб кўрди». Ушбу шифохоналарда интенсив терапияга муҳтож оғир беморлар учун жой ҳозирланган.

Оддий вазият учун бу етарли, аммо экстримал ҳолларда ҳозирланган жойлар сони камлигини Бундесвер ҳам яхши англаб турибди. Коронавируснинг на миллат, на элат ва на касб танламаётганини инобатга олиб, немис ҳарбийлари ҳеч бўлмаса ўз-ўзини жой билан таъминлаш масаласини биринчи галда ҳал этишга киришди. Яъни, жойлар кўпайтирилмоқда. Аммо вазият ўта жиддий тус оладиган бўлса, ҳарбийлар томонидан аҳолига ҳам тиббий хизматлар кўрсатилишига ишонтирилмоқда.

Қуролли Кучлар коронавирусга қарши қуролсизми?

Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, коронавирусга қарши курашда ўз давлатига ёрдам бераётган армияларнинг ўзи ҳам хавфдан ҳоли эмас.

Касаллик жанговар сафларга ҳам кириб борган. Вирус давлатлар Қуролли Кучларига-да таҳдид солмоқда. Армиялардаги вазият кундан кунга ёмонлашмоқда.

Қўшинларнинг кўплаб юқори мартабали ҳарбий хизматчилари касалликни юқтириб олган. Бу борада Италия, Греция, Эрон ва Миср армияларини алоҳида таъкидлаш мумкин. Италияда 9 нафар генерал касалликка чалиниб, карантинга олинган. Эрон, Миср ва юнон қўшинларида ўлим ҳолати қайд этилди.

Эпидемия НАТОнинг Бельгиядаги бош штаб-квартирасига ҳам етиб борди.

Ҳозирча дунё армиялари ичида энг кўп талафот кўргани АҚШ армияси бўлиб турибди. Америкалик ҳарбийлар орасида коронавирусга чалинганлар сони бошқаларникига нисбатан кўпроқ. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу – АҚШнинг бир неча йил Қўшма Штатлардан ташқари бошқа ҳудудларда жанговар амалиёт ва машғулотларни олиб боришдан чеклаши мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам, армия – ҳар бир давлатнинг таянчи. У мамлакат тақдирига дахл қиладиган ҳар қандай хавфни бартараф этишда энг олдинги сафларда бўлади.

Исломжон Қўчқоров,
«Ватанпарвар» газетаси мухбири.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top