18:59 / 10.04.2020
10221
ОТМ профессор-ўқитувчилари учун масофавий курслар йўлга қўйилди

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” ва “Инглиз тилини ўрганиш” масофавий курслари йўлга қўйилди

Фото: Getty Images

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари”, “Инглиз тили (beginner)”, “Инглиз тили (intermediate)” йўналишлари бўйича масофавий курсларда ўқиш имконияти яратилди.

Мазкур масофавий курсларнинг мақсади профессор-ўқитувчиларнинг Масофавий таълимни ташкил этиш ва бошқариш маҳоратларини шакллантириш ва ривожлантириш, шунингдек уларнинг инглиз тилини ўзлаштиришлари учун қулай имкониятлар яратишдан иборат.

Масофавий курсларда ўқиш учун профессор-ўқитувчилар ўзларининг электрон портфолио тизимидаги логин ва пароллари орқали http://mk.bimm.uz/ порталига кириб, авторизациядан ўтадилар.

Масофавий курслар порталининг бош саҳафасида курслар рўйхати берилган бўлиб, тегишли мурожаат орқали профессор-ўқитувчилар ўзларига керакли курсларга ўтишлари мумкин.  

Ҳар бир курснинг таркибида маърузалар матни, видео материаллар, мавзулар юзасидан топшириқлар, тестлар, фойдали манбалар ҳамда адабиётлар манзиллари келтирилган.

Профессор-ўқитувчилар ушбу курсларда ўқишлари асосида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича педагогик дастурий воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ўқув контентларини яратиш кўникмаларига эга бўладилар. Шунингдек, инглиз тили бўйича бошланғич ёки давом эттирувчилар учун алоҳида курсларда ўзларининг тил кўникмаларини ривожлантирадилар.

Мазкур курсларда ўқиш натижалари профессор-ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ошириш тизимининг таркибий қисми сифатида навбатдаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари якунида инобатга олиниши режалаштирилган. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top