00:11 / 11.04.2020
60431
Коронавирус: Қурбонлар сони 100 мингдан ошди, Британияда янги антирекорд

Сўнгги маълумотларга дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 1,7 миллионга яқинлашмоқда, қурбонлар сони 100 мингдан ошиб кетган, эпидемия жаҳоннинг 185 мамлакатига тарқалган.

Фото: Reuters

Британия антирекордларни янгилашда давом этмоқда: бу ерда сўнгги кунда яна 980 киши Covid-19 қурбонига айланди ва шу вақтгача ҳалок бўлганлар сони 8958тага етди (бу статистикага фақат шифохонада вафот этганлар киритилган). Жами зарарланиш ҳолатлари сони 73758тани ташкил қилмоқда - сўнгги бир кунда яа 8681 кишида вирус аниқланди.

Борис Жонсон жамоаси жума куни махсус матбуот анжуманида журналистларга бош вазирнинг аҳволи секинлик билан яхшиланиб бораётгани ҳақида хабар берди. У бироз аввалроқ интенсив терапия бўлимидан оддий палатага ўтказилганди.

Бош вазир қачон ўз ишига қайтиши ҳақидаги саволга ҳозирча жавоб йўқ.

Жума куни Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг транспорт самолёти Буюк Британияга индивидуал ҳимоя воситаларини етказиб берди.

Буюк Британиядаги тиббиёт ходимларида айни вақтда тиббий ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситалари танқислиги кузатилмоқда, ҳолбуки мамлакат ҳали эпидемиянинг пик даврини босиб ўтмади.

Фото: Reuters

АҚШ вирусдан зарарланганлар сони бўйича етакчиликни давом эттирмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда зарарланиш ҳолатлари сони ярим миллионга яқинлашган, қурбонлар сони 17 мингдан ортиқ - сўнгги кунда яна 1324 киши вирусдан зарарланиш оқибатида вафот этди.

Испания ва Италияда ўлимлар сони камайди

Испанияда ўтган кунда 605 киши коронавирус қурбони бўлди, бу 24 мартдан буён кузатилган энг паст кунлик кўрсаткичдир. Бу эса ҳукуматда мамлакат пандемиянинг пик давридан ўтиб олгани ҳақида умидлар пайдо қилмоқда.

Шунингдек, кунлик зарарланишлар сони ўтган кунгидан 3 фоизга пасайган. Мамлакатда сўнгги бир кунда  4576та ҳолат қайд этилган ва жами ҳолатлар сони 157 мингдан ошиқроқни ташкил этмоқда.

Испания зарарланганлар сони бўйича дунёда иккинчи, қурбонлар сони бўйича эса АҚШ ва Италиядан кейин учинчи. Сўнгги маълумотларга кўра, Испанияда Covid-19 дан вафот этганлар сони 15970 нафарга етди.

Италияда ҳам қаторасига иккинчи кун коронавирус қурбонлари сони камайди.

10 апрель куни 570 киши вафот этди, бу бир кун олдингидан камроқ - 610. Мамлакатда эпидемия чўққисида, 28 март куни 971 бемор ўлими қайд этилганди. Айни вақтга келиб жами қурбонлар сони 18849 нафарга етган.

Шу вақтгача вирусдан зарарланганиш ҳолатлари сони 147577тани ташкил қилмоқда.

Шу кунларда Италиядаги нашрлар беморларнинг тузалиш ҳолатлари ўсиб бораётгани ҳақида ёзмоқда. Ҳозирга келиб соғайганлар сони 30 мингдан ошган.

Энг оғир вазият Ломбардияда кузатилмоқда, бу шимолий вилоятда қурбонлар сони ўн мингдан ошиқ.

Сўнгги кунларда ўлимлар сони камайиши пандемия туфайли энг кўп қурбон берган Италияга умид бермоқда. Рақамлар мамлакат ўлимлар сони бўйича кўтарилиш давридан ўтганини кўрсатмоқда.

Европада яна нималар бўлмоқда
Жума куни кечқурун ЕИ молия вазири иттифоқнинг нисбатан қашшоқ давлатлари ҳукуматларига, ишсиз қолган фуқаролар ва бизнесга кўмак сифатида 500 миллиард евро миқдоридаги пакет ажратиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Франция жанубидаги Каннда кўчалар дезинфекция қилинмоқда / AFP

Францияда коронавирусдан вафот этганлар сони ўсишда давом этмоқда. Сўнгги бир кунда вирус 987 кишини ҳаётдан олиб кетди. Шу вақтгача мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 124 мингдан ошди, 13 мингдан ортиқ ўлим қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Жером Саломнинг маълум қилишича, сўнгги бир кунда вафот этганлар орасида 10 ёшли бола ҳам бор.

Шу билан бирга, мамлакатда реанимация бўлимларига жойлаштириш зарурати бўлган беморлар сони камаймоқда. Касалланганларнинг 23 мингдан ортиғи соғайган.

Грецияда лўлиларнинг йирик қишлоқларидан бирида яшовчи 3 мингдан ортиқ киши карантинга жойлаштирилди, бу ерда 13 кишида Covid-19 аниқланган. Грецияда вирус ташхиси қўйилганлар сони 2 мингга яқинлашмоқда - 1995.

Бельгияда кунлик ўлим бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди - 496 киши, бу мамлакатда коронавирусдан вафот этганларнинг жами сони 3019 нафарни ташкил қилмоқда.

Швециядаги Dagens Nyheter нашри хабар беришича, март ойи бошида ўтказилган зиёфатда қатнашган 100 нафар меҳмондан 70 нафарида вирус аниқланган. Лекин ўша зиёфатда бўлганларнинг барчаси ҳам тест топширмаган.

Швеция - эпидемия даврида қатъий карантин чоралари қўлламасликка қарор қилган кам сонли давлатлардан биридир. Скандинавия давлати ҳукумати вакиллари бу орқали аҳолида иммунитет ҳосил қилишни мақсад қилган. Айни вақтгача мамлакатда қарийб 10 минг киши вирус юқтирган, шундан 870 киши вафот этган, 381 киши соғайган.

Россияда салбий динамика
Россияда кундан-кунга зарарланиш ҳолатлари ортмоқда, 10 апрель куни эпидемия бошланганидан буён энг юқори кўрсаткич қайд этилди - 1786 киши зарарланиб, яна 18 киши вафот этди. Эндиликда Россияда жами зарарланиш ҳолатлари сони 12 мингга яқинлашди, ўлимлар сони 94та.

Энг кўп ҳолатлар Москвага тўғри келмоқда, лекин вирус барча регионларга ёйилган. Москва мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, шаҳарни ҳали касаллик тарқалиши кўтарилиши олдинда кутиб турибди.

Беларусьда 10 апрелга келиб 1981 ҳолат қайд этилган, шундан 169 киши соғайиб, 19 бемор вафот этган. Сўнгги 11 кунда касалланганлар сони 10 баробар ошган.

Дорихоналарда қатор дори воситалари харидига чеклов ўрнатилган, парацетамол, тиббий ниқоб, дезинфекция гели ва бошқа шу каби воситаларни маълум миқдордан ошиқ сотиб олиб бўлмайди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий ҳукумат аҳолини иҳоталаниш чораларига қатъий риоя қилиш ва оммавий тадбирлардан қочишга чақирмоқда. Лекин мамлакатда расман карантин жорий этилмаган.

Минскда Ғалаба кунига тайёргарлик давом этмоқда, футбол чемпионати ҳам ўтказилмоқда, савдо марказлари ҳамон очиқ.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top