15:55 / 12.04.2020
54923
Коронавирусга қарши яна бир муолажа - яхшилик, эҳсон, зикр, тавба-тазарру, дуо қилишдир

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «(Эй инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳ)ларни афв этиб турур».

Коронавирус пандемияси Ер юзидаги аксар мамлакатларни ларзага солишда давом этмоқда. Ҳар бир давлат ҳукумати карантин туфайли чекловлар боис вужудга келган мураккаб вазиятда имкониятидан келиб чиққан ҳолда фуқароларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хорижда қолган ватандошларни юртига қайтариш чораларини кўрмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу борада қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Аммо, 30 мартдан эътиборан коронавирус тарқалишига қарши чораларни қатъийлаштиришга қарор қилди.

Афсуски, айрим ватандошлар кўрсатилаётган ёрдамларни оз санаётган бўлса, бошқалари бесабрликларини карантинда зерикиб кетишгани билан изоҳлашмоқда. Тошкент шаҳридаги «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Раҳматилла Сайфуддинов сабрсизлик ва ношукрлик мавзусида Kun.uz ўқувчилари учун махсус маъруза қилди.

Мана бир қанча кунлардан бери бутун дунёни ташвишга солиб турган бу бало Ўзбекистонда ҳам ўзининг ташвишлари, хатарларини кўрсатмоқда. Халқимиз бу синовга ҳам сабр ва матонат кўрсатиб, бардош бериб келмоқда.

Аммо афсуслар бўлсинки, баъзи одамларнинг хурмача қилиқлари, халқнинг айни синовли кунларда асабига тегадиган, бошқа инсонларни масхара қилгандек ўзларини тутишлари, карантинда уйда қолгани боис эси оғиб қолгандек қилиқлари, ёки бўлмаса ҳомийлар томонидан кўрсатилган ёрдамларнинг ҳажмини оз деб ношукрчилик қилаётгани, ёхуд кўча-кўйда карантин қоидаларига риоя қилмасликни эплаётганини намойиш қилаётганларнинг кўпайиб бораётгани бизни хавотирга ҳамда ташвишга солади. Биз бунинг ҳам муолажасини қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Шуъро сураси 30-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳ)ларни афв этиб турур. (Акс ҳолда, мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди)”. Яъни, банданинг бошига келган мусибатга бандадан бошқаси сабабчи эмас.

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Раҳматилла Сайфуддинов

Бандаларга меҳнатлар, бало-мусибат, синов-имтиҳонлар нима учун берилади? Бандаларнинг Робби субҳанаҳу таолога иймонини зиёда қилиш, Аллоҳ адли ва эҳсонига зиёда қилиш учун юборилади.

Нима учун биз шукр қилишга буюриламиз? Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”. Бу оятда Аллоҳ ҳам қасам ичган ва таъкид билан келтирганки, қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қиламан, деяпти. Қасамки, агар ношукрчилик қилсангиз, албатта азобим қаттиқдир, деяпти.

Шунинг учун биз, Аллоҳ субҳанаҳу таоло бизларнинг кўп гуноҳларимизни кечириб юборганлиги учун шукр қиламиз. Агар, ҳар бир гуноҳига азоб берганида нима бўларди? Ҳали ҳам Аллоҳнинг азоби келгани йўқ, бу синов-имтиҳондир. Булар банданинг иймонини чархлаш учун юборилади. Агар синов Аллоҳнинг азоби бўлганида эди, пайғамбарларга бало келмаган бўларди. Ашараи мубашшаралардан бўлган саҳобалари Амвос вабосидан шаҳид бўлмаган бўларди. Ҳаётида балоланмаган бирор пайғамбар ҳам йўқ. Ҳаттоки, саркаш қавм томонидан қатл қилинган пайғамбарлар ҳам бор.

Демак, турли кўринишдаги бундай балолар Аллоҳнинг азоби эмас. Шунинг учун саросимага тушмайлик, ховлиқмайлик, ўзимизни босиб олайлик. Зотан, уйда ўтирган бўлсак-да, ҳамма нарса бор. Лекин, имом Ибн Қаййим “Зодил Маъот” китобларида шундай деганлар:

“Касаллик кўринишидаги балоларнинг энг катта муолажаси бу – яхши ишларни қилиш, эҳсон, зикр, тавба-тазарру, дуо қилишдир”.

Уйда ўтирибмиз, бекорчи қилайлик, тавба-тазарру қилайлик, ахир гуноҳларимиз боис бу бало келди. Уйда ўтирар эканмиз, вақтимизни тақсимлаб олайлик, болалар тарбияси, ўзимиз ва Роббимизга, тавба-истиғфорга вақт ажратайлик.

Мол-дунё ризқнинг энг кичик кўриниши ҳисобланади. Ризқнинг энг аълоси саломатлик, офият, хотиржамликдир. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳдан офият сўранглар”, - деб буюрдилар.

Top