20:51 / 21.04.2020
23937
Илоҳий мувозанатга дахл қилмайлик — пандемия туғдирган ўйлар

Тўғрисини айтганда, бугун дунёда инсоният тарихида мисли кўрилмаган ҳолат юзага келган, дейишга барча асослар бор. Гарчи ҳозирга қадар кечган ҳар бир асрнинг ўлатлар, урушлар, табиий офатлар билан боғлиқ ўз фалокатлари кузатилган бўлса-да, бироқ улар ҳеч қачон бутун дунёни бугунги коронавирус пандемияси даражасида тўла қамраб олмаган эди.

Фото: Athit Perawongmetha

Албаттаки, бу ерда гап қурбонлар сони, йўқотишлар ҳажми ҳақида эмас, балки фалокатнинг жуғрофий кўлами хусусида бормоқда. Бу кўлам эса жамики одамзодни – ирқи, ёши, жинси, миллати, мамлакати, динидан қатъи назар – барчани бирдек қамраб олди; инсон зоти борки, ҳамманинг ақл-у шуурига, руҳиятига, кайфият ва дунёқарашига жиддий таъсирини ўтказмоқда.

Фалокатнинг қачон тугаши, қандай тугаши, у ариганидан кейинги ҳаётнинг қандай тус олишини ҳам ҳозирча ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди. Одамзод энг йирик вулқонларнинг отилиши, катта сув тошқинлари, улкан ёнғинлар, океан ва саҳролардан келадиган довул ва бўронлар, ҳатто кучли зилзилани ҳам кўриши, кузатиши, улардан сақланишнинг недир тезкор чорасини топиши мумкин эди. Ҳозирги ёв эса унга мутлақо кўринмаслиги, узоққина вақт сезилмаслиги, сезилганида эса доғда қолдира олиши билан ҳам ғоят хавфли, ўта маккордир.

Шу нуқтайи назардан қараганда, бутун одамзод бир жиҳатдан ҳатто кулгили ҳолга тушган: унинг шунча куч-қудрати, қурол-яроғию бойликлари, минг хил илмий ишланмалари, роботлари, сон-саноқсиз ноу-хау ва бошқа ускуналари кўзга ҳам кўринмас жимитдеккина танача қаршисида ожиз-у лол қолган.

Дунёнинг ҳақиқий, мумтоз адабиёти ва санъатининг жамики қаҳрамонларини беписанд четга суришда бир-биридан ўтаман деган суперменлар ҳам, ўргимчак одамлар-у Бетменлар ҳам жим-жим, сайёралараро урушлар қилиб юрган қаҳрамонлар эса тўрт метрли ҳовлисига ҳам ўйлаб чиқадиган бўлиб ўтирибди. Бир экрандан соқоллари тикандек ўсиб кетган Терминатор ушоқдеккина бўлиб ожиз термулса, бошқасидан қанча урушларда ўзи якка юзлаб инсонни тутдек тўккан Рембонинг кўзи айб иш қилиб қўйган боланикидек мўлтирайди...

Худди реал ҳаётда бўлгани сингари, адабиёт ва санъатда ҳам кимнинг ким эканлиги, инсониятга берадиган ибрати ва оқибати нечоғли экани анча равшанлашиб қолди. Зеро, юқорида тилга олганимиз синтетик «санъат қаҳрамонлари»га маҳлиё бўлган бугунги кун истеъмолчиси, масалан. Альбер Камью огоҳ этган «Вабо»даги доктор Риэни, Чингиз оға дунёга соғинган Эдигейни деярли танимай қолган эди...

Ҳозир дунёнинг аксарият миллионер шаҳарлари, қишлоқ-овуллари, ҳатто экин экиладиган далалари ҳам карантинда – одамсиз ҳувиллаган. Одамларни зериктирмай олиб ўтириш учун телеканалларда такрор-такрор намойиш этилаётган ҳужжатли, бадиий фильмларни, лавҳалардаги одамга лиқ тўла кўчаларни, кишиларнинг ўзаро қўл бериб, қучоқлашиб кўришишлари, бемалол сайр-у саёҳат этишларини кўриб одам беихтиёр ғалати ҳолга туша бошлайсан...

Бугун ўша одамнинг жисм-у жони карантинга – узлатга олинган. Бироқ унинг ақлини, тафаккурини карантин қилиб бўлмайди. Аксинча, маълум бўлмоқдаки, айни шу шароитда инсоннинг тафаккур қилиш, мулоҳазага берилиш, ўз-ўзига разм солиб кўриш имконияти ҳам, мажбурияти ҳам жиддий ошар экан.

Авваллари ҳаёт тарзи деярли автоматлашиб қолган, у ёхуд бу вазифани худди заводдаги робот сингари механик ҳолатда бажариб кунини ўтказган кишилар ҳам ўзида ўйга берилиш, бир масалага чуқурроқ назар солиш, атрофдагиларга қизиқиш, ҳатто, ўзини ўзи кузатиш, ўрганиш деган хусусиятлар ҳам бор эканини сезмоқдалар, руҳиятида ғалати силжишлар, ўзгаришларни ҳис қилмоқдалар.

Буларнинг бари ҳозирга қадар бизни, ҳаёт тарзимизни, дунёқараш ва мўлжалларимизни тутиб турган тушунчалар, қарашлар, мезонларга қайта назар солишга, уларни майдароқ кўзли элакдан ўтказишга ундамоқда.

Хоҳлаймизми-йўқми, дастлаб Хитойдаги бир шаҳарнинг бир хонадонида юз кўрсатган коронавирус инфекциясининг қандайдир икки-уч ой ичида бутун дунёга тарқалиб кетишида кимдир мақтаб, кимдир танқид қилиб ётган глобаллашув муҳити муҳим омил бўлди. Инсониятга шунча имконият, енгиллик ва ҳузур бераётган глобаллашув, ўша инсоният сўрайдими-йўқми, унга бундай «хизмат кўрсатиши» ҳам мумкинлигини индамай билдириб қўйди.

Ахир, ўйин ҳалол бўлиши керак-да.

Афсуски, одамзод глобаллашув муҳити ўзига имконият, енгиллик ва ҳузур бахш этар экан, бунинг нималар эвазига, нималар ҳисобига бўлаётгани билан астойдил қизиқмаётган эди.

Тун-у кун йўлга отланадиган юз минглаб ҳаво ва океан лайнерларининг улкан моторларидан, бир дақиқа тўхтамай ишлаши лозим бўлган сон-саноқсиз иссиқлик электростанциялари, домна печлар мўриларидан чиқаётган заҳарли газлар;

улкан мегаполислар истеъмолининг ҳар кунги пировард натижаси бўлган миллионлаб тонна ахлат-чиқиндиларнинг аксарият қисми табиат қўйнига, океанларга, дарё ва бошқа сув ҳавзаларига ташланиши, оқизилиши;

«тезроқ, кўпроқ, арзонроқ» шиори остида қуруқлик ва сувдаги ҳайвон ҳамда паррандалар, ўсимлик ва мевалар генида мутациялар ҳосил қилиниши, уларнинг инсон организмида, иммун тизимида не ўзгаришлар ясаши мумкинлигини охиригача ўйламаслик;

чиройли териси қай бир мултимиллионер никоҳсиз етаклаб юрган хонимнинг яланғоч елкаларида селкиллаб туриши учун Африка даштларида жон ҳолига тушиб қочмасин, барибир ушланган, саноқлигина қолган қоплоннинг ўлим олдидаги даҳшатга тўлиқ кўзларига мутлақо беписандлик;

ўз исм-у шарифини тўғри ёзиш тугул, ручкани эплаб ушлашни билмайдиган наркобарон бармоқлари безалиши учун мангу тоғлар бағри портлатилиб, ўйиб-тешилиб олмос-у жавоҳирлар қидирилиши...               

Бир сўз билан айтганда, инсоният оламдаги, айниқса, Ер юзидаги БУЮК МУВОЗАНАТга ортиқ даражада, ўйламай-нетмай дахл қилмоқдаки, бунинг натижасида шу мувозанат ортга қайтмас бўлиб издан чиқиб кетиши, оқибатда, ҳалокатли занжирли реакция юзага келиши мумкин.

Мана шу умумжаҳон, умуминсоний талваса ҳолатини идрок этаркансан, иқтидорли адиб Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романидаги бир манзара киши ёдига келади: Тиёншон бағридаги ғорда истиқомат қилувчи кекса Авлиёнинг ҳузурига мўъжиза кўрсатишини талаб қилиб, агар мўъжиза кўрсатмаса ўлдиражагини айтиб таҳдид қилароқ бир зўравон келади. Авлиё бу дунё зўравони талабига жавобан мана бу ҳикматни айтади:

«Қара, оламда ҳамма нарса мукаммал бир тартиб билан ҳаракатланиб турибди. Баҳорда бу ердан турли-туман наботот униб чиқади. Саноғини Тангридан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунча набототнинг униши учун керак бўлган сувни томчи-томчисигача ўлчови билан булутлар олиб келиб ёғдирса, ҳатто сен қудратини кўриб ҳайратланишинг ёки эски тупроқларнинг ичидаги бор-йўқ жасадлари билан ювиб, бошқа жойларга озуқа бўлиши учун олиб кетадиган ёхуд ҳар иккаласи учун ҳам бўронлар эсса, селлар оқса... Қуёш керагича қиздирса, дов-дарахту ўт-ўланнинг чангланиши учун қанча асалари ва ҳашарот керак бўлса, шунчаси яратилса-ю гулларни чанглантиришидан ташқари яна бол ҳам тўпласа ва ўзининг мавжудлиги ва ҳаёти билан яна унинг қудратидан хабар бериб турса... Сен айтаётган мўъжиза мана шу низомга қарши равишда, шу тартибни бузиб пайдо бўладиган ҳодисадир. Айт-чи, эй Тангримнинг бандаси, биргина менинг авлиё эканимга ишонишинг мана шу низомнинг бузилишига арзийдими?...»

Одамзод, бўлиб ҳам унинг оми, саводсиз қисми эмас, балки ниҳоятда ақлли, олим номини олган вакиллари мана шу низом – мувозанатга қарши равишда, шу тартибни бузиб... инсон зотининг жинсини ўзгартиришга, уни ҳайвон билан чатиштиришга, бир жинсли никоҳларга киришишга, жониворлар генини дурагайлаштиришга, сунъий тухум кўпайтиришга, канализация чиқиндиларини синтез қилиб олган маргаринни дунё бозорига чиқаришга... ўзини ҳақдор санамоқда.

Худо кўрсатмасин-у, бу сингари кирдикорлар оқибати ўлароқ юзага чиқажак касалликлар кўлами, даҳшати олдида коронавирус балоси ҳам ҳеч гап бўлмай қолиши мумкин...

Ҳолбуки, бугунги тараққиёт учун глобаллашув шу қадар зарур экан, бутун инсоният яхлит тан-у жон – бир бутун организм бўлиши ҳам керакми йўқми? Ҳозирги ҳолида Ер юзидаги одамзодни шундай – бир-бирови билан ҳамкор, ҳамнафас умргузаронлик қилаётир, деб бўладими?

Афсуски, йўқ!

Дунёнинг бир бурчида ортиқ даражадаги тўқлик туфайли яна қандай шўхлик ўйлаб топишдан бошқа ташвиши қолмаган лаззатпараст, ишратпараст, молпараст кимсалар бу организмни булғаб ётган бўлсалар, бошқа бурчида оч онасининг сутсиз кўкрагини тишлаганча ўзига қаратилган камера экранига жовдираб боқаётган миллионлаб норасидаларнинг маломатга тўла нигоҳи сенинг – томошабинликдан бошқа иш қўлингдан келмаслигини унсиз тан олган инсоннинг кўксини ўяди.

Бир пайтлар эртакларга айланган («Боғдодда ҳамма ёқ тинч, ҳаммаёқ тинч!...»), дунё тамаддунига онабағирлик қилган латиф шаҳарларнинг бугун ўликларга тўлиб кетган бағридан қочиб бораркан, номардларнинг ортидан отган ўқидан юзтубан йиқилган болажон: «Ҳаммасини Яратганга айтиб бераман...» дея жон таслим қилаётгани... ЭВАЗИГА худди шу дунёнинг бошқа бир четидаги аэропортнинг ВИП йўлагида турган, ягона нусхадаги шахсий самолёт бортига бирига қимматбаҳо фрак ва мўъжаз шляпа, бошқасига этаги ва кўкракларига бриллиантлар қадалган қирмизи кўйлакчалар кийдирилган кучукларини қўшни шаҳардаги, итлар ва итваччалар учун очилган махсус ресторанга кечки овқатга олиб кетаётган хонимлар ва жаноблар навозиш билан чиқиб борадилар...

Одам булар ва шунга ўхшаш манзараларга бот-бот гувоҳ бўлар экансан, бугунги инсониятнинг кўпчилиги ўқимай қўйган, ўқишга қалб ва сабр топа олмаётган Ф.М.Достоевскийнинг бир гапи кўнглингдан ўтади: «Агар уни сақлаш учун кишиларнинг терисини шилиш зарур бўладиган бўлса, ундай цивилизациянинг манфаатига, ҳатто унинг ўзига ҳам лаънатлар бўлсин»...

Виждонли бир китобда ўқиган эдим: «Агар сен тақдирнинг кафтларида роҳатланиб яшаётган бўлсанг, унинг оёқ бармоқлари орасидагиларни ўзингдан жуда узоқда, деб ўйлама!»

Дарҳақиқат, Ер сайёрасининг яхлит, узвий бир жисм-у жон эканини фақат «маълумот учун» қабул қилмай, унинг қай бир жойига заха етса, бунинг зарари, эртадир-кечдир, албатта, бошқа жойларга ҳам таъсир қилажагини чуқур идрок этмоқ, ҳужайралар билан ҳис қилмоқ, қалбдан сезмоқ пайти аллақачон келган. Коронавирус бизга буни яна бир бора яққол сездириб, ҳис қилдириб қўйдики, унинг бу хизматини ҳам эътироф этмоққа мажбурмиз.

Мана шу сезги сабаб бугун кўпчилик жавоби ноаниқлигича қолаётган ушбу савол қаршисида ўйга толган бўлса, ажаб эмас:

Одамзод ўзига келадими – ниҳоят инсондек яшаш низомига ўтадими (қайтадими эмас, зеро, ҳеч қачон бу ҳол бўлмаган!) ёки яна шу тахлит давом этаверадими?

Раҳмон ҚЎЧҚОР,
ТДЮУ муаллими, адабиётшунос

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top