18:10 / 25.04.2020
19663
«Беморлар билан биринчи бўлиб биз мулоқотда бўламиз» – Тез тиббий ёрдам фаолиятидан репортаж

Шифокорлик – машаққатли ва шарафли касб. Ҳозирги эпидемиологик шароитда уларнинг елкасидаги масъулият яна ҳам ортган. Бу борада тез тиббий ёрдам ходимларининг ўрни бўлак. Kun.uz мухбири Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими бош шохобчасида бўлиб, тез тиббий ёрдам ходимларининг иш фаолиятидан репортаж тайёрлади.

Иш ҳар доимгидан-да қизғин ва кўпроқ масъулиятни талаб қиляпти. Бу ерга туман бўйича барча чақирувлар келиб тушади ва ҳудудга қараб 10та шохобчага тарқатилади.

Нилуфар Назарова

Навбатчи диспетчер чақирув қўнғироқларини қабул қилиб, уни шифокор, ҳамширага йўналтиради. Чақирув бўлмаган вақтда ҳамшира Нилуфар Назаровани суҳбатга чорладик.

«Иш куним соат 8:00дан 14:00гача давом этади – ҳозир кундузги навбатчиликда 6 соат ишляпман. Тунги смена давомийлиги эса 18 соат. Ҳар ойда навбатчилик вақти алмашади.

Иш кунимиз дори қутисида белгиланган препаратлар борлигини текширишдан бошланади. Дорилар журналида 34 хил дори воситалари бўлади. Шундан сўнг чақирув бўлса, шифокор билан манзилга етиб борамиз. Бир кунда 5-8та чақирувга бораман. Карантин пайтида чақирувлар сони кўпайган. Кекса фуқаролар мавсумий касалликлар бўйича мурожаат қилишмоқда», дейди Нилуфар Сафарова.

Жараён ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун навбатчи шифокор, тез тиббий ёрдам бўлими мудири Собир Усмонов ва ҳамшира Нилуфар Сафарова ҳамроҳлигида бир неча чақирувларга бордик. Асосан кекса ёшдаги фуқаролар мурожаати кўпайганини борган чақирувларимиздан ҳам билиб олиш мумкин.

Собир Усмонов

Собир Усмонов 25 йиллик иш тажрибасига эга, мутахассислиги – реаниматолог. Бир вақтнинг ўзида тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам ва реанимация бўлимида ишлайди. Суҳбатдошимиз карантин даврида иш ҳажми ошгани, бўлаётган чақирувлар тури ва иш фаолиятига оид бошқа маълумотларни айтиб ўтди.

«Тез тиббий ёрдам бўлимида 2 турдаги чақирувлар: ўта шошилинч ҳолатдаги, кечикиб бўлмайдиган ва сурункали, ўта шошилинч бўлмаганлари ажратилади. Туман бўйича бир кунда ўртача 70-75та чақирувлар бўлади. Карантин даврида чақирувлар сони бироз кўпайди, яъни кунига 75-80та чақирувлар бўляпти.

Пандемия даврида тез тиббий ёрдам ходимларининг масъулияти янада ортган. Биз касаллик билан илк марта тўқнашамиз. Шуни англаган ҳолда, зарур эҳтиёт чораларини кўрамиз. Акс ҳолда, билмаган ҳолда касалликка чалинган бемор билан контакт ўрнатилиши мумкин. Коронавирус касаллиги белгиларига ўхшаш касалликка чалинган беморларга алоҳида эътибор қаратамиз. Ваҳимага тушиб қолган беморлар ҳам бор. Шундай вақтда уларга тўғри тушунтириб, ортиқча қўрқувга берилмасликларини сўраймиз.

Касб тақозоси билан турли вазиятларга тушамиз. Улардан бири – бемор яқинлари билан бўладиган муносабат. Айрим ҳолларда фуқаролар манзилни тўғри тушунтиришмайди, телефонда қўполлик билан тезроқ етиб келишимизни талаб қилишади. Биз бор имкониятимиз билан биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Кўрсатилган манзил тўғри тушунтирилмаса, етиб боришимиз ҳам кечикади. Айниқса, кечаси тоғли ҳудудларга чақирувлар бўлса, телефон алоқаси яхши ишламаслиги мумкин. Шунақа ҳолатда ноқулай бўлса ҳам қишлоқдаги хонадонлардан керакли манзилни топиб борамиз. Фуқаролар шунақа вазиятлар бўлишини тўғри тушунишса, ишимиз ҳам анча енгиллашган бўларди», дейди шифокор.

Абдували Холбоев

Тез тиббий ёрдамда 5 йилдан бери навбатчи-диспетчер бўлиб ишловчи Абдували Холбоев билан ҳам суҳбатда бўлдик.

«Бир кунда 80-100тача чақирувлар бўлади. Қабул қилинган чақирувни шифокорларга етказиш учун 3 дақиқа, тез тиббий ёрдам гуруҳининг етиб манзилга етиб боришига эса 15-20 дақиқа кетади. Бундан узоқроққа чўзилиб кетиши ҳам мумкин. Об-ҳаво, вақт (айниқса, кечаси), телефон алоқаси таъсир кўрсатади. Телефон алоқаси ишламай қолган пайтларда ҳудудга бириктирилган тез тиббий ёрдам шохобчалари ходимларига қўнғироқ қиламиз. Улар ўша ердаги ҳар бир фуқарони танийди ва тез тиббий ёрдам манзилга етиб боришига кўмаклашишади», дейди у.

Шохобчада ходимлар 2 сменада навбатчилик асосида фаолият олиб боришади. Кундузги иш вақти эрталаб соат 8дан 17гача, тунги иш вақти эса 17дан эрталаб 8гача давом этади. Кечаси чақирувлар сони кўпаяди.

Шохобчада шифокорлар дам олиши учун махсус хона ҳам ажратилган. Чақирувлардан бўшаган вақтларида ҳордиқ чиқаришлари мумкин, шу ерда тамадди ҳам қилиб олишади.

Акбар Ёлғошев

Акбар Ёлғошев 7 йилдан бери тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. У билан қўпол муомалада бўлувчи беморнинг яқинлари ва чақирув жойига кечикиш сабаблари ҳақида гаплашдик.

«Баъзи ҳолларда бемор яқинлари шифокор ёки ҳамширага қўполлик қилишади. Шунда уларни тинчлантириб, аввал беморга ёрдам бериб, кейин масалани ҳал қиламиз, деймиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам оғир-босиқлик билан муносабатга киришишга ҳаракат қилиш лозим.

Қиш-қировли кунларда тоғли ҳудудларга автомобилда чиқолмаган вақтларимизда гуруҳ билан пиёда боришга тўғри келган. Беморни замбилда кўтариб қайтганмиз», дейди у.

Репортажни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Муҳаббат Маъмирова.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top