14:31 / 25.04.2020
24598
Бухорода бир йўла 32 нафар бемор тўлиқ соғайди

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 657 нафарни ташкил этмоқда.

Бухоро вилоятидан бир йўла 32 нафар беморнинг тўлиқ соғайиб чиқди. Уларнинг 22 нафари вилоят кўп тармоқли марказидан, 10 нафари юқумли касалликлар шифохонасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг 30 нафари Россиядан, 1 нафари эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. 1 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. 

Улардан 28 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Андижон вилоятидан, 5 нафари Тошкент вилоятидан, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларидан 3 нафардан, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 74 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 178 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 210 нафарга етди. Юртимизда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича Тошкент шаҳридан кейин энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда. 

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 657 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top