16:17 / 28.04.2020
26387
Тошкентда узоқ вақт сунъий нафас олиш аппаратига уланган ҳолда бўлган 72 ёшли бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги учта тиббиёт муассасасига ётқизилган беморларнинг 49 нафари ва Бухоро вилоятидаги 9 бемор соғайгани тўғрисида маълумот берди.

Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 21 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 4 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан бир йўла 24 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 15 нафари Тошкент шаҳридан, 6 нафари Тошкент вилоятидан. Улардан 2 нафари Туркиядан, яна 1 нафари Россиядан, яна 1 нафари Англиядан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 17 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 9 нафари эркак, 12 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. 

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг барчаси Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 1 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 72 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 28 ёшда.

«Эътиборли жиҳати, жорий йил 30 март куни коронавирусга чалинган 72 ёшли бемор жуда оғир аҳволда мазкур клиникага олиб келинган. Узоқ вақт сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор фидойи шифокорларимизнинг самарали даволаш муолажаларидан кейин инфекциядан тўлиқ тузалган бўлса-да, бошқа ҳамроҳ касаллиги борлиги сабабли ихтисослашган шифохонага реабилитация учун ўтказилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан соғайиб чиққанларнинг 20 нафари Тошкент шаҳридан, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 5 нафари Туркиядан Истанбул – Тошкент йўналишида, 4 нафари Россиядан Москва – Тошкент йўналишида чартер рейслар орқали келишган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 15 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 11 нафари эркак, 13 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 65 ёшда бўлса, 11 ойлик ва 1 ёшли чақалоқлар ҳам бор.

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 63 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 87 нафарга етди. 

Шунингдек, бугун Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 9 нафар бемор тўлиқ соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг барчаси жорий йил 25 март куни Россиядан  чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Улардан 8 нафари эркак, 1 нафари аёл. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Тошкент, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёш.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 280 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 289 нафарга етди. Ўзбекистонда беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича энг юқори кўрсаткич ҳозирча Бухоро вилоятидан қайд этилмоқда. 

  • 28 апрель куни соат 14:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 1939тага етганди. Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар сони 958 нафарга етди, 8 киши вафот этган. Айни вақтда мамлакатдаги шифоохоналарда 973 нафар бемор қолмоқда. 
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top