00:50 / 29.04.2020
89954
Дунёдаги вазият: Россия Эронни ҳам қувиб ўтди, АҚШ миллионлик нуқтани забт этди

Россияда қайд этилган зарарланиш ҳолатлари сони 93 558тани ташкил қилмоқда ва бу борада Эрон ортда қолдирилган. Британияда қариялар уйларида коронавирусдан ўлим бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди; Германиядаги вазият яна ёмонлаша бошлади ва Ангела Меркель федерал ерлар ҳукуматларидан карантин чораларини бекор қилишга шошилмасликка чақирди; Аргентина 1 сентябрга қадар барча парвозларни бекор қилди.

ARTYOM GEODAKYAN/TASS

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 3,1 миллиондан ошган, 215 мингдан ошиқ киши вафот этган, соғайганлар сони 944 мингдан кўп.

Россияда рекордлар
6 411 янги ҳолат - мамлакатда коронавирус тарқалишни бошлагандан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи. Янги ҳолатларнинг қарийб ярми - 3 075 бемор - Москвада қайд этилди. Пойтахтдаги ташхисларнинг жами сони 48 426тага етди, бутун Россия бўйлаб қайд этилган ҳолатлар сони 93 558та.

Сўнгги бир кунда Россияда яна 72 киши коронавирусдан вафот этди. Бу ҳам пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич (аввалги рекорд 25 апрель куни қайд этилган, ўшанда 66 киши оламдан ўтганди. 26 апрель куни ҳам 66 нафар бемор касалликдан вафот этган, 27 апрель куни эса 50та ўлим ҳолати ҳақида хабар берилган). Пандемия бошланганидан буён қайд этилган ўлим ҳолатлари сони 867тани ташкил қилмоқда, 8 456 бемор соғайиб кетган.

Бир кун олдин дунё рейтингида Хитойдан ўзиб кетган Россия бугун яна бир поғона юқорилади. Айни вақтда Эронда қайд этилган ҳолатлар сони Россиядагидан камроқ - 92 584.

Россиянинг Тиббий биология федерал агентлиги раҳбари Вероника Скворцова жорий ҳафта Россияда касаллик ўзининг энг юқори чўққисига чиқиши мумкинлигини айтган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 22 апрель куни берган интервьюсида мамлакатда кунлик аниқланадиган янги ҳолатлар май ойининг ўртасида энг юқори нуқтага чиқиши ҳақида гапирган.

Айни вақтда РФнинг кўплаб ҳудудларида мажбурий тартибда «ўзини яккалаш» режими жорий қилинган.

Президент Владимир Путин бугун губернаторлар билан видеоалоқа орқали йиғилиш ўтказди. Унда ишланмайдиган кунлар муддати 11 майга қадар узайтирилди. Путин буни эпидемия Россияда ҳали чўққисига чиқмагани учун коронавирусга қарши қатъий кураш чораларини узайтириш зарурлиги билан изоҳлади. «Биз ҳозирда эпидемия билан курашнинг янги, кескин босқичида турибмиз. Биз эпидемия тўлқини сусайиб, пасайишига эришишимиз лозим», деди у.

Британиядаги вазият

Британияда коронавирусдан ўлимларнинг ҳар учинчиси кексалар уйларида қайд этилмоқда / GETTY IMAGES

Буюк Британия Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Англия ва Уэльсдаги коронавирус қурбонларининг учдан бир қисми кексалар уйларига тўғри келмоқда. 13 апрелдан 17 апрелгача кексалар уйларида 2 минг киши Covid-19 оқибатида вафот этган, бу эса ундан аввалги ҳафтадагидан икки баравар кўпроқдир. Жорий ҳафтадаги вазият ҳам ёмонроқ бўлиши прогноз қилинган. Шотландия ва Шимолий Ирландиядан ҳам шу каби хабарлар келмоқда.

Шу билан биргаликда, мамлакатдаги барча шифохоналарда Covid-19 қурбонлари сони 8 апрель кунги пикдан кейин узлуксиз равишда пасайиб келмоқда. 28 апрель тонгидаги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 161,1 мингдан ошган ва 21,6 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Маҳаллий вақт билан 28 апрель куни соат 11да мамлакат аҳолиси коронавирусга қарши кураш вақтида қурбон бўлган 100дан ортиқ шифокорлар хотираси учун сукут сақлади.

Британияда бир дақиқа сукут / PA MEDIA

Европадаги вазият
Франция бош вазири Эдуард Филипп парламентга мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини 23 июлга қадар узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юборилганини маълум қилди. Бу қонун парламент томонидан қабул қилинса, ҳукумат бу муддат давомида йиғилишларни ва фуқароларнинг кўчалардаги ҳаракатини, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан бирга, ҳукумат карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиб боришни режалаштирган.

Франция бош вазири локдаундан чиқиш режасини маълум қилди / EPA

Бош вазир мамлакат 11 майдан локдаундан чиқишни бошлаши назарда тутилган режани ҳам тақдим этган. Бу режа Франциянинг айрим ҳудудларига татбиқ этилади, аммо эпидемиядан жиддий зарар кўрган ҳудудларда қатъий карантин чоралари амал қилиши давом этади.

Режада дўконлар ва бозорларни очиш кўзда тутилган. Ресторанлар ва барлар эса ёпиқлигича қолади. Жамоат транспортида тиббий ниқобда юриш мажбурий бўлади.

Мамлакатдаги спорт турнирлари, хусусан футбол чемпионати сентябрдан олдин бошланмайди.

Режа ҳукуматда жиддий келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, режа мамлакат илмий ҳамжамиятининг болаларни мактабга қайтариш бўйича тавсияларини инобатга олмаган. 

Бундан ташқари, ҳукумат эпидемияга қарши курашда муваффақиятга эришиш учун фуқароларни рақамли кузатиш тизимини жорий этмоқчи, бу ҳам катта баҳсларни келтириб чиқарган.

Италия бош вазири Жузеппе Конте мамлакатда 4 майдан карантин чоралари юмшатилишини маълум қилди. Шу кундан хиёбонлар очилади, заводлар ва қурилиш майдонларида иш тикланади. Фуқароларга қариндошларини зиёрат қилиш учун боришга рухсат берилади.

Шу билан биргаликда, мактабдаги машғулотлар сентябргача бошланмайди. Черковлар ҳам ёпиқлигича қолади. Италиядаги бир неча епископлар Контега мактуб йўллаб, диний йиғилишларга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўрашган.

Ўтган якшанбада Италияда 260та янги ўлим ҳолати қайд этилган ва бу эпидемия бошланганидан буён энг кам кунлик ўлим кўрсаткичи бўлганди. Аммо сешанба куни ўлим ҳолатлари сони 382та бўлгани маълум қилинди.

Италия Европада коронавирус пандемиясдан энг кўп зарар кўрган мамлакатдир. Сешанба кунги ҳолатга кўра, бу ерда қурбонлар сони 27 минг 359 кишига етган. Зарарланиш ҳолатлари сони бўйича Италия Европада фақат Испаниядан ортда - 232,1 минг ҳолатга 201,5 минг ҳолат.

Германияда инфекция тарқалиш динамикасида ўсиш кузатила бошлади. Роберт Кох институти маълумотларига кўра, айни вақтда виурус тарқалиши индекси 1.0га тенг, бу эса ҳар бир бемор яна бир кишига вирус юқтирганини кўрсатади.

Канцлер Ангела Меркель федерал ерлар ҳукуматларини карантин чораларини бекор қилишга шошилмасликка чақирди.

Франциядаги шифохона ходимлари бинога кираверишда рақс тушмоқда / GETTY IMAGES

Испания ва Греция карантиндан чиқишда давом этмоқда. Сешанба куни бу икки мамлакатда навбатдаги юмшаш чоралари қабул қилинди. Испанияда ўтган якшанбада 14 ёшгача бўлган болаларга кўчага чиқишга рухсат берилди. Болалар март ойидан буён уйдан чиқиши тақиқланганди.

Португалия президенти Марсело Ребелу ди Соза 2 май кунидан мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режими бекор қилиниши ҳақида маълум қилди.

Дунёда нималар бўлмоқда
АҚШда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони миллиондан ошди. Қўшма Штатлар - Covid-19 беморлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда, бу мамлакат Хитойни бу кўрсаткич бўйича март ойидаёқ ортда қолдирганди.

АҚШда коронавирус қурбонлари сони - 57 941 нафар, бу ҳам дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Шу билан биргаликда, Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо 15 май кунидан штатнинг айрим ҳудудларида локдаун режими юмшатилиши бошланишини маълум қилди.

Мамлакат президенти Дональд Трамп мамлакатда коронавирус тарқалишига боғлиқ вазият яхшиланаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Нью-Йорк, Янги Орлеан, Детройт, Бостон ва Ҳюстонда касалликка чалиниш ҳолатлари камаймоқда. Бундан ташқари, президент Вашингтон, Денвер, Сиэтл, Индианополис, Сент-Луисдаги вазият барқарор эканлиги ва касалланиш ҳолатлари камаяётганини билдирди. Унинг маълум қилишича, АҚШ чиндан ҳам қўрқинчли вазият билан тўқнашган, бироқ мамлакат олдинга ҳаракат қилишда давом этяпти.

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида 3 нафар полициячи коронавирусдан вафот этгач, 55 ёшдан катта бўлган полициячиларга уйда қолишга рухсат берилди. Махараштра штатида жойлашган Мумбай шаҳри коронавирус эпидемиясидан энг кўп жабр кўрган ҳудуд ҳисобланади. Сешанба куни бу шаҳарда 500та янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилди. Мамлакатда айни вақтгача 31,3 мингдан ортиқ кишида хасталик аниқланган, қурбонлар сони мингдан ошган. Ҳиндистонда март ойи охиридаги қатъий карантин режими 3 майга қадар амал қилади.

27 апрель куни коронавирус устидан ғалаба қозонилгани эълон қилинган Янги Зеландияда 5 ҳафталик карантиндан кейин нормал ҳаётга қайта бошлаган одамлар фастфуд ва кофе учун узун навбатлар ҳосил қилишди. Ижтимоий тармоқда одамлар «Макдоналдс» учун эрталабки соат 4да навбат олиш учун боришаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Янги Зеландия ҳукумати эпидемия хавфи даражасини учинчи даражага туширган, бу эса ресторанларга «олиб кетиш» хизмати билан ишлашга рухсат беради, шунингдек, минглаб кишилар ўз иш жойларига қайтишган. Пандемия бошланганидан буён беш миллион аҳолиси бор ушбу мамлакатда Covid-19 билан боғлиқ уч мингга яқин ҳолат қайд этилди. Янги Зеландия дунёда биринчилардан бўлиб ўз чегараларини ёпди, зудлик билан карантин чоралари жорий этди ва беморлар билан алоқада бўлганларни карантинга олди. Халқаро экспертлар Янги Зеландиянинг муваффақиятида бош вазир Жасинда Ардерннинг хизмати беқиёс бўлганини эътироф этишмоқда.

Қўшни Австралияда 2,4 миллиондан ортиқ киши ҳукуматнинг Covid-19 беморлари билан алоқаларини кузатишга мўлжалланган иловасини кўчириб олган. Янги иловада «рақамли қўл бериш» функцияси мавжуд бўлиб, агар илова фойдаланувчиларидан икки нафари бир-бирига 1,5 метр масофада яқин келса фаоллашади. Агар шахс вирусдан зарарланган бемор яқинида 15 дақиқадан кўп вақт ўтказса, унинг телефонига огоҳлантирув келади. Мамлакатда сўнгги бир кунда қайд этилган 12та янги зарарланиш ҳолатининг 11таси ушбу илова орқали аниқланган.

Аргентина ҳукумати барча халқаро рейсларга, шунингдек мамлакат ичидаги тижорий парвозларга 1 сентябрга қадар тақиқ қўйди. Авиакомпаниялар фақат куздаги рейслар учун чипта сотишлари мумкин. Авиасаноат вакиллари бу туфайли ўн минглаб кишилар ишсиз қолишидан огоҳлантиришмоқда.

GETTY IMAGES

Аргентина март ойи ўрталарида қатъий карантин чоралари жорий этганди. Айни вақтгача мамлакатда қарийб 4 минг кишида коронавирус қайд этилган, беморларнинг 192 нафари вафот этган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top