20:18 / 29.04.2020
21120
Юзаларни вирусларга қарши зарарсизлантиришдаги бош хато маълум қилинди  

Юзаларни зарарсизлантириш коронавирусга қарши курашдаги энг самарали чоралардан бири ҳисобланади. Бироқ кўпчилик одамлар бу жараённи нотўғри амалга оширадилар.

Фото: Shutterstock

Бу ҳақда биологик зарарсизлантириш бўйича австралиялик мутахассис Кори Чалмерс сўзлаб берди.

Унинг таъкидлашича, вирусларни йўқотишда энг юқори самара юзани тозалаш ва сўнгра уни зарарсизлантиришда эришилади. Бу тушунчалар янглиш тарзда бир синоним деб тушунилади. Ваҳоланки, тозалаш совунланган латта билан, зарарсизлантириш эса махсус воситалар билан ишлов беришни назарда тутади.

“Ифлос юзалар микроблар билан қопланган бўлади. Улар биоплёнка ҳосил қилади. Бу биоплёнка зарарсизлантирувчи аралашмаларнинг киришига тўсқинлик қилади. Яъни дастлаб микроблар қатламини йўқотиш лозим. Буни оддий совун яхши уддалай олади. Сўнгра кимёвий восита юзада қолган барча вируслар ва бактерияларни самарали йўқ қила олади”, деб келтириб ўтган мутахассиснинг сўзларини Business Insider нашри.

Чалмерснинг таъкидлашича, энг яхши натижага эришиш учун совунланган латтани тўрт қилиб буклаш ва муайян юзани тозалагандан кейин бошқа томонига ўгириш лозим. Бир латта билан уйдаги барча буюмларни артиш тавсия этилмайди – бу аксинча микроблар тарқалишига ёрдам беради. Матони ҳар қўллагандан кейин яхшилаб чайиш ёки қалин қоғоз сочиқлардан фойдаланиш лозим.

Юза тозалангандан кейин унинг ортидан бериладиган зарарсизлантирувчи восита дарҳол артиб ташланмаслиги керак. Мутахассиснинг айтишича, бундай таркибни вируслар тўлиқ зарарсизланиши учун ўртача 10 дақиқа ушлаб туриш лозим.

Тадқиқотларга кўра, коронавирус турли юзаларда 7 кунгача сақланиб қолиши мумкин. Мисол учун, вирус қоғоз ва тангаларда 3-4 соат, ёғоч, мато ва металл юзаларда 2-3 кун, ойна ва банкноталарда 4 кун яшаши мумкин. Вируснинг сақланиб қолиши узоқлиги хонадаги ҳарорат ва намликка ҳам боғлиқ.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top