20:39 / 30.04.2020
2953
ССВ: Коронавирус пандемияси даврида тез тиббий ёрдам хизматига қарийб 1,5 млн марта мурожаат бўлган

Пандемия даврида, яъни жорий йил 15 мартдан бугунги кунга қадар аҳоли томонидан тез тиббий ёрдам хизматига қарийб 1 ярим миллион марта мурожаатлар бўлган. Бу мамлакат бўйича кунига ўртача 30 мингдан зиёд чақириқлар тушганини кўрсатади. Ҳозирда мамлакатда кунига 2,5 мингта бригада тун-у кун самарали фаолият олиб бормоқда.

«Ушбу бригадалар пандемия даврида коронавирус инфекциясига гумонланган инсонларни карантинга жойлаштириш, ушбу касалликка чалинган беморларни махсус шифохоналарга етказишда кеча-ю кундуз фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари, аҳоли томонидан йўлланган чақириқ манзилларига ўз вақтида етиб бориш, зарур тез тиббий ёрдам кўрсатиш, оғир беморларни шифохоналарга етказиш борасида ҳам самарали иш олиб боришмоқда.

Шу боис, давлатимиз раҳбари кеча ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам пандемияга қарши курашнинг олдинги сафларида чинакам қаҳрамонлик кўрсатаётган барча шифокорларимизга, шу жумладан, тез ёрдам хизмати ходимлари ва ҳайдовчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирдилар.

Айни пайтда автомобиллар паркининг кенгайиши, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилиши туфайли чақириқларга кечикиб бориш каби қатор муаммолар ҳам бартараф этилди.

Охирги уч йил ичида тез тиббий ёрдам хизматига ажратилаётган маблағ ҳам бир неча баробар ошди. Жумладан, битта чақириққа тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишлатиладиган дори воситалари учун сарфланган маблағнинг нархи 2016 йилда 800 сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 5800 сўмни ташкил қилмоқда.

Ўтган йил сўнгида пойтахтимизга хориждан 150та Ford русумидаги энг замонавий реанимобиллар олиб келиниб, фойдаланишга топширилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Барча қулайликларга эга ушбу машиналар тез тиббий ёрдам хизматига топширилиши, моддий–техник базани мустаҳкамланаётганлиги бу мамлакатимизда ушбу соҳа мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берувчи тизимга ўтганидан далолатдир», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top