08:16 / 04.05.2020
17340
Дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 3,5 миллион кишидан ошди

Икки ҳафта ичида дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 1 миллион кишига кўпайди. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, 247 мингдан ортиқ бемор COVID-19 асоратларидан вафот этди, 1,1 млн киши соғайди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Жонс Хопкинс университетининг ҳозирги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 3,5 миллиондан ортиқ одам коронавирус юқтириб олган. Икки ҳафта олдин, 21 апрель куни 2,5 миллионта касалланиш ҳолати қайд этилганди.

4 май кунги вазиятга кўра, дунёда 3 502 126та коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолати қайд этилган, унинг асоратлари натижасида 247 мингдан ортиқ одам вафот этган, 1,1 миллиондан ортиқ киши тузалди.

Касалланганлар сони бўйича биринчи ўринда 1,1 миллион кишида коронавирус аниқланган АҚШ турибди. Худди шу мамлакатда касаллик қурбонларининг аксарияти қайд этилди - 67,4 минг киши. Бироқ, АҚШ коронавирус билан касалланишнинг энг юқори чўққисидан ўтди, деди 16 апрель куни мамлакат раҳбари Дональд Трамп.

Касалликка чалинганлар сони бўйича АҚШдан кейин Испания ва Италия боряпти. Уларда 217,4 минг ва 210,7 минг киши инфекция юқтириб олган. Ушбу икки мамлакатда ҳам апрель ойи ўрталарида касалланиш ва ўлим ҳолатлари камайгани қайд этилди.

Касалликка чалинганлар сони бўйича тўртинчи, бешинчи ва олтинчи ўринларни Буюк Британия (187,8 минг киши), Франция (168,8 минг) ва Германия (165,6 минг) эгаллаб турибди. Россия ушбу рўйхатда 134,6 мингта касалланиш ҳолати  билан еттинчи поғонада.

Коронавирус билан касалланганлар орасида ўлим даражаси бўйича иккинчи ўринда Италия, ушбу мамлакатда 28,8 минг киши вафот этди. Ундан кейинги ўринда Буюк Британия: эпидемия бошлангандан бери бу давлатда 28,4 мингта ўлим қайд этилган. 

1 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемияси туфайли глобал фавқулодда вазият режимини кучда қолдирди. 23 январь куни, 600 киши инфекция юқтириб олгани маълум бўлганида, ЖССТ касалликнинг тарқалишини фавқулодда вазият деб тан олишдан бош тортди, аммо бир ҳафта ўтгач, 6 мингдан ортиқ одам юқтирганида, ташкилот ўз қарорини ўзгартирди. 11 март куни ЖССТ коронавирус тарқалишини пандемия деб баҳолади.

Миннесота университети ҳузуридаги Юқумли касалликлар бўйича тадқиқотлар маркази мутахассисларининг фикрига кўра, коронавирус пандемияси бир неча йил давом этиши мумкин ва дунё аҳолисининг учдан икки қисми вирусни юқтириб, унга иммунитетга ҳосил қилмагунича кузатилади. Мамлакатлар томонидан инфекцияга қарши курашиш бўйича кўрилган чораларга қарамай, келажакда коронавирус тарқалишда давом этади, 2022 йилдан кейин унинг янги ҳолатлари пайдо бўлиши мумкин, дейди мутахассислар. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top