19:15 / 04.05.2020
6883
Пандемия ва шартномавий мажбуриятлар: ҳуқуқий таҳлил

Коронавирус пандемияси шароитида шартномавий мажбуриятлар бажарилмаслиги мумкинми? Жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи қандай ҳал қилинади? Етказилган зарар учун жавобгарлик қўлланиладими? Ушбу мақола орқали шу каби саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Фото: Pexels

Коронавирус пандемияси ҳақида мутахассислар турлича нуқтайи назарни илгари суришмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Масалан, «пандемия сабаб мажбуриятни бажариш шарт эмас, фоизлар тўланмайди ва ҳ.к.».

Ушбу фикрлар ҳаммаси ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Шу боисдан мазкур масалада фикр билдириш зарурати мавжуд. Бу нафақат илмий-назарий ёки соҳага доир масала, балки амалий жиҳатдан ҳам содда, оддий тилда тушунтирилиши ва тўғри татбиқ этилиши зарур бўлган масалалардан биридир.

Айтиш мумкинки, коронавирус пандемияси форс-мажор, енгиб бўлмас куч сифатида мажбуриятларни бажармаслик, лозим даражада бажармаслик, етказилган зарарни қоплаш ёки қопламаслик масаласига бевосита дахл қилади.

Шунинг учун ҳам коронавирус пандемиясини – енгиб бўлмас куч – форс-мажор, вазиятни жиддий ўзгариши, мажбуриятни бажаришнинг мумкин бўлмаслиги деб талқин қилиш мумкин.

Енгиб бўлмас куч

Аввало, форс-мажор ҳолатига тўхталиб айтиш мумкинки, аксарият ҳолларда шартномада бу ҳақда кўрсатишга ҳаракат қилинади. Масалан, сув тошқини, иш ташлашлар, тартибсизлик ва ҳ.к. Бироқ, 2019 йил якунида ҳам бирор бир давлатда тузилган шартномада коронавирус пандемияси форс-мажор сифатида кўрсатилмаган. Тўғрироғи, буни олдиндан кўришнинг ҳам иложи йўқ эди.

Шу боисдан ФКнинг 333-моддасида башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади.

Демак, ҳодиса кутилмаганда рўй бериши, унинг олдиндан олдини олиш иложсизлиги туфайли рўй берса, бу форс-мажор ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда форс-мажор тушунчаси берилган.

Унга кўра, форс-мажор – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда ташқи савдо битимлари (шартномалар) ва халқаро шартномалар бўйича томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлардир.

Бундай ҳолатларга қарздорнинг контрагентлари томонидан мажбуриятлар бузилиши, бозорда мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган товарларнинг йўқлиги ва бошқалар кирмайди.

Енгиб бўлмас куч фавқулодда рўй бериши, кутилмаган ва унинг олдини олиш мумкин бўлмаган ҳодиса бўлади. Кутилмаган вазиятда рўй беради. Коронавирус пандемияси шундай хусусиятга эга ва бу каби талабларга жавоб беради.

ФКнинг 333-моддасида белгиланган енгиб бўлмас куч моҳиятан қандай қўлланилиши керак? Табиийки, бу ҳолатда инсонлар мажбуриятларни бажара олмайди ва натижада шартнома шартлари бузилади. Ҳар қандай шартнома бузилиши эса, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради ва унинг муайян оқибати юзага келади.

Мисол келтирамиз: А. тараф Б. тараф билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси тузади ва А. тараф аванс тўловини ҳам олди. Коронавирус пандемияси туфайли А. тараф хизматни кўрсатмади. Бунинг натижасида Б. тараф зарар кўрди. Кўрилган зарарни А. тараф қоплайдими? Йўқ. Чунки, Б. тарафнинг кўрган зарари А.тарафга ёзилмайди.

У ҳолда занжир қаерда узилади? Бу борада ҳар хил ёндашув бўлмаслиги муҳим. А. тараф ўзига аванс сифатида тўланган тўловни иккинчи тарафга хизмат кўрсатилмагани сабабли қайтариши, шартнома форс-мажор туфайли бекор қилиниши лозим.

Бу ҳолатда А. тараф мен коронавирус пандемияси рўй бергани сабабли тўланган пулингни ишлатиб юбордим, деган важни келтира олмайди.

Ушбу вазиятни ижара шартномасига нисбатан ҳам қўллаб кўрамиз. Ижара тўлови тўланмайди – чунки пандемия. Бунда ижара тўловини тўламаслик сабаби ҳеч ким мендан ижарага олинган жойда товарларни харид қилмаяпти, мижозлар йўқ, табиийки пул тушуми ҳам мавжуд эмас. Шу боисдан ижарачи ижара тўловини тўлай олмайди. Бу вазиятда ижарачини шунчаки ижара тўловини тўлашдан озод қилиб бўлмайди. Тўловга қобилиятли бўлган ҳолатда ижарачи албатта ижара тўловини тўлаши лозим. Шу билан бирга ижарага берувчи ижарага олувчидан бой берилган фойдани ҳам ундира олмайди.

Форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда, томонлар ўзаро манфаатли шартлар билан келишиб олишга ҳаракат қилишлари мумкин. Масалан, шартнома муддатини узайтириш, шартномани бекор қилиш ва ҳ.к.

Вазиятнинг жиддий ўзгариши

Ушбу ҳолатда коронавирус пандемиясини вазиятни жиддий ўзгаришига сабаб сифатида олиш мумкин. Бу ҳам муайян даражада қизиқ. Агар вазият илгари шартнома тузилгандан ўзгарса, у ҳолда қонун тарафларга шартномани бекор қилиш ёки ўзгартиришга имкон беради.

Шартнома тузишда тарафлар нима манфаат кўришини олдиндан кўра билади, бироқ фавқулодда юз берадиган вазиятни эмас. Шартномани тарафлар ўз манфаатидан келиб чиқиб тузади. Ўзи манфаатини тахмин қилган ҳолда шартнома шартларини белгилайди. Бунда манфаатни олдиндан оқилона кўра олиш нуқтайи назаридан кўриб чиқиш керак.

Вазиятни олдиндан кўра олмаслик оқибати ФКда назарда тутилган. Фуқаролик кодексининг 383-моддага асосан, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.

Коронавирус пандемиясини вазиятни ўзгариши сифатида кўриш мумкин. Тарафлар унинг олдини олишга қодир эмас. Бу эса, форс-мажор сифатида ФКда белгиланган мезонлар асосида вазиятни ўзгаришига олиб келади. Масалан, шартнома тарафлари 2019 йилнинг декабрь ойида коронавирус пандемияси туфайли форс-мажор бўлишини кўра олиши мумкин эмас эди. Энди эса, бу вазият кундек равшан ва вазиятга, тарафларнинг ҳолатига ўзининг таъсирини кўрсатмоқда.

Мисол келтирамиз: Шартномани бажаришга инфляция ўз таъсирини кўрсатади. Айтайлик, илгари ижара учун бир кв.м. учун 5 минг сўм бўлса, инфляция натижасида бу пулга гугурт ҳам сотиб ололмаслик мумкин бўлиб қолди. Айниқса, қаттиқ иқтисодий инқирозлар юз берган вақтларда бу яққол намоён бўлади. Шу боисдан буни олдиндан кўра олмаслик сифатида ҳисоблаш мумкин. Бундай вазиятларда шартнома бекор қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

Яна бир мисол: Фараз қилайлик, пандемиягача бўлган вақтда МЧЖ ва савдо комплекси ўртасида ижара шартномаси тузилган эди. Бунда пандемия салбий таъсир қиладиган соҳа бўлиши керак. Бундай ҳолларда шартнома жиддий ўзгариши муносабати билан тарафлар шартномани ўзгартиради ёки бекор қилади. Ушбу мисолда мчж фақат аптека фаолияти билан банд бўлмаслиги керак (чунки, бу соҳада савдо қилиш шартлари, вазият жиддий ўзгаргани йўқ).

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси турли ҳуқуқий оқибатга олиб келишини ҳам қайд этиш лозим. Унинг фавқулодда рўй бериши, юз беришини олдиндан кўра олинмагани ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳодисалиги албатта тарафларнинг мулкий аҳволига таъсир қилиши керак. Бу ўз навбатида жавобгарликдан озод қилиш ҳамда шартномани ўзгартириш ва бекор қилишга сабаб бўлиши мумкин. Яъни, вазиятни радикал ўзгариши сифатида кўриш лозим.

Мажбуриятни бажаришнинг мумкин бўлмаслиги

Халқаро миқёсдаги эпидемиологик вазият ва Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиши туфайли ҳукумат шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун «форс-мажор» режимини жорий этмоқда. Таълим тизимида онлайн дарс машғулотлари ўтказиш, меҳнат муносабатларида масофадан туриб ишлаш тушунчалари кириб келди.

ФКнинг 349-моддасига кўра, агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади.

Бундан ташқари, ФКнинг 350-моддасига кўра, агар давлат органининг ҳужжати чиқиши натижасида мажбуриятни бажариш тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмай қолса, мажбурият тўлиқ ёки унинг тегишли қисми бекор бўлади. Бунинг натижасида зарар кўрган тарафлар ФКнинг 12 ва 15-моддаларига мувофиқ уни тўлашни талаб қилишга ҳақлидирлар.

Давлат органининг мажбурият бекор бўлишига асос бўлган ҳужжати белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилганида, агар тарафларнинг келишувидан ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва мажбуриятни бажариш кредитор учун ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлса, мажбурият тикланади.

Мисол келтирамиз: Енгиб бўлмас куч юзага келган вазиятни кредит муносабатларига ҳам татбиқ этамиз. Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон фармони ижроси доирасида юридик шахсларнинг кредитлари бўйича 7,9 трлн сўм ҳажмдаги қарздорлиги кечиктирилган. Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2020 йилнинг навбатдаги 6 ойи мобайнида сўндирилиши лозим бўлган кредитлар бўйича муддати узайтириладиган тўловлар ҳажми 4,7 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Бироқ, «кечиктириш» ва «умуман тўламаслик» бутунлай бошқа-бошқа тушунчалар ва қарздор тараф форс-мажор туфайли кредит тўламайман дея олмайди. Кредит қарзи ва фоизлар барибир банкка тўланади. Шартнома бўйича қарздорнинг қарзи коронавирус пандемияси туфайли бекор бўлмайди.

Шу билан бирга, банк бой берилган фойдани ундиришдан манфаатдор бўлиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–5978-сон фармонига кўра, Марказий банк зиммасига амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик чораларини кўриш белгиланган.

Мазкур вазиятда банкнинг зарар сифатида бой берилган фойдани ундириш талаби қўшимча мулкий жавобгарлик ҳисобланади, шартнома мажбуриятини, яъни қарзни ва фоизини бажаришидан ташқари бўлган қўшимча ҳаражатларни – пеня тўлашни қарздорга юклаб бўлмайди.

Бу ўринда кредит учун фоизлар ва неустойка сифатида ундириладиган жарима ва пеня фарқлаш керак. Банк ўзининг асосий фаолияти сифатида кредит ва унга тўланадиган фоизларга бевосита боғлиқ. Айнан коронавирус пандемияси туфайли қарздор кредит фоизларини тўлашдан озод қилинмайди. Қарзни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш эса, тарафлар келишуви ёки қонун ҳужжатида белгиланган нормага боғлиқ.

Мисол келтирамиз: Коронавирус пандемияси туфайли умумий овқатланиш жойлари, ресторан, кафелар фаолияти таъқиқланган (албатта кўпчилик йиғилмаслиги ва касалликни юқтирмаслик нуқтаи назаридан). Агар сиз у ерга борсангиз, ҳамма жой ёпиқлиги сабабли хизматдан фойдалана олмайсиз. Мажбурият ҳуқуқи нуқтайи назаридан мажбурият бажариш мумкин бўлмаса, мажбурият тўлиқ бекор бўлади.

Бу ўринда савол туғилиши мумкин: кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан аванс пули тўланган бўлса-чи? Жавоб шундай бўлади: барибир мажбуриятни бажариб бўлмайди. Мажбурият ҳуқуқида кредитор ва қарздор ўртасида ҳуқуқий алоқа мавжуд бўлади. Сотувчи товарни бериши, харидор пулини тўлаши керак. Ресторан сизга хизмат кўрсатиши керак эди. Сиз пулини олдиндан бир ой олдин тўлаб қўйгансиз. Қарздор вазият туфайли Сизга хизмат кўрсата олмайди. Бундай ҳолда пули тўланган бўлса, мажбуриятни бажариш кейинги даврга сурилади.

Бу вазиятда мажбурият ҳуқуқининг оқибатларига доир нормаларга мурожаат қилинади. Тарафлар ўртасида ўзаро боғлиқ ижролар мавжуд. Бир тараф аванс тўлаган, муқобил мажбурият эса, вазият туфайли пандемия сабабли бажарилиши мумкин эмас. Бунда иккинчи тараф мажбуриятдан бош тортишга ҳақли. Натижада шартнома бекор қилинишига олиб келади. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақидаги нормани амалиётга татбиқ этиш табиатан бирмунча қийин. Ушбу вазиятда пули тўланганлик факти мавжуд, шартнома бекор бўлган ва натижада пулни олган тараф асоссиз бойлик орттирувчи мақомига тушиб қолади.

ФКнинг 1023-моддасида асоссиз бойлик орттиришнинг оқибатлари белгиланган бўлиб, унга кўра, қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз (шартнома асос эди, лекин бекор қилинди) бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт.

Асосийси, ушбу қоида асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, шартнома шартлари енгиб бўлмас куч коронавирус пандемияси сабабли бажарилмаса, у ҳолда қарздордан неустойка, зарар (реал ва бой берилган фойда) ундириш мумкин бўлмайди ва қарздор тараф жавобгарликка тортилмайди.

Реал вазиятга тўғри ҳуқуқий баҳо бермасдан турли-туман баҳоналар билан ҳуқуқни суиистеъмол қилиш эса, тегишли ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Электрон шартномалар тузишнинг ўзига хослиги

Ҳозирги вазиятда ахборот-коммуникацион технологияларни қўллаган ҳолда шартнома тузишга айниқса эҳтиёж катта. Amazon, EBay, Google, Telegram, Instagram ва Facebook каби интернет дўконлар орқали ҳам шартномавий муносабатга киришилмоқда. Уйда ўтирган ҳолда смартфон, мобил қурилма ёрдамида буюртма берилади ва етказилган товар учун муайян ҳақ тўланади.

Албатта, бу ўринда шартнома тузишга таклиф–оферта ва шартномани тузишга розилик–акцепт ўзига хос тарзда намоён бўлади. Бу ўринда электрон шартнома шартларини белгилаш, ғирромликка йўл қўймаслик (навбатсиз товарларни бериш, хизматлар кўрсатиш), ортиқча нархни белгилашга йўл қўйиб бўлмайди.

Интернет тармоғи орқали шартнома тузиш мумкин. Тўловни ҳам ушбу йўл билан амалга ошириш имконияти мавжуд. Бироқ товар ҳар доим ҳам онлайн етказиб берилмайди. Айниқса, озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж товарлари ва бошқалар. Электрон шартномаларда ўзгартириш ва бекор қилиш имконияти ҳам мавжуд. Бундан келиб чиқадики, ҳар қандай шартнома ҳам электрон тарзда тузилавермайди (масалан, кўчмас мулк).

Қайд этиш лозимки, форс-мажор юз бергани, унинг мажбуриятни бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслигига боғлиқлигига суд томонидан баҳо берилади. Бу борада келгусида судларда иш ҳажми кўпайиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Шу билан бирга, ҳар қандай форс-мажор ҳодисаси енгиб бўлмас куч сифатида мажбуриятни бажарилмаслигига таъсир қилмаслиги мумкин. Масалан, карантин даврида тез тайёрланадиган овқатга буюртма берилди. Бунда буюртмани қабул қилган тадбиркор карантин туфайли мажбуриятни бажармаслиги мумкин эмас. Албатта бу ўринда сабабий боғланиш ҳам эътиборга олинади.

Қамбариддин Меҳмонов,
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top