22:57 / 05.05.2020
5462
Boeing сунъий онгга эга жанговар дрон прототипини тақдим этди

Boeing корпорацияси жанговар дронлар Loyal Wingman’нинг учта прототипидан биринчисини тақдим этди. Ушбу қурилма Австралия ҳарбий-ҳаво кучлари буюртмасига кўра яратилмоқда.

Фото: Boeing

Турли давлатлар қуролланишида турган ва одам томонидан масофадан бошқарилувчи жанговар дронлардан фарқли ўлароқ, Loyal Wingman сунъий онг билан жиҳозланади. Бунда ҳам инсон аралашуви керак бўлса-да, у анча камаяди. 

Ушбу дронларни яратиш дастури раҳбари Шейн Арноттнинг таъкидлашича, бундай дронларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши “2020-йиллар ўрталарида, балки ундан эртароқ” бошланиши мумкин. Дроннинг синовлари жорий йил охирида бошланиши керак. 

Янги қурилманинг узунлиги 11,6 метрни, учиш узоқлиги 3,7 минг км.ни ташкил қилади. У Boeing’нинг Австралиядаги жамоаси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Австралия ҳарбий-ҳаво кучлари лойиҳага 25,7 млн доллар сармоя киритган.  

Сунъий онг билан жиҳозланувчи дронлар жангда мустақил ёки гуруҳнинг бир қисми сифатида ҳаракат қилиши мумкин. Бунда у бошқа самолётларга нисбатан хавфсиз масофани сақлай олади. 

Австралия ҳарбий-ҳаво кучлари вице-маршали Кэтрин Робертснинг айтишича, Loyal Wingman жанг шароитида қурол ташиши ва самолётларни ҳимоялашда хизмат қилиши мумкин. Бундай дронлардан 16 тагачаси учувчилар бошқарадиган самолётлар билан биргаликда у ёки бу вазифани бажаришда жанговар гуруҳ шакллантириши мумкин. Таъкидланишича, лойиҳага АҚШ ва Британияда қизиқиш билдирилмоқда.

Top