11:48 / 05.05.2020
16219
Қозоғистонда фавқулодда вазият бекор қилиниши шарти маълум қилинди  

Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашмаса, унда фавқулодда вазият 11 майдан бекор қилинади. Бироқ карантин билан боғлиқ чоралар сақланиб қолади.

Фото: nur.kz

Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга таяниб “Хабар 24” нашри маълум қилди.  

“Бу аҳоли хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Умид қиламанки, фуқароларимиз секин-аста одатий турмуш тарзига қайтадилар. Бизда узоқ муддатли стратегик тараққиёт йўли бор”, деб айтган Тўқаев.

Қозоғистон раҳбари иқтисодий ривожланишни тиклаш бўйича дастурни амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтган. 

“Мен келгусидаги бир қатор вазифаларга эътибор қаратмоқчиман. Авваламбор соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш учун янги ташаббуслар қабул қилиш зарур. Замонавий шифохоналар қуриш ва уларни барча зарурий қурилмалар билан жиҳозлаш жуда муҳимдир. Бундан буён тиббиёт фани ривожланишига алоҳида эътибор қаратмоғимиз лозим. Бу соҳада фаолият юритувчи олимларимиз катта салоҳиятга эга. Яхшиси профессионаллар учун муносиб муҳит яратиш ва реал кўмак кўрсатиш керак. Биз, шунингдек, таълим ва фанни тўлиқ модернизация қиламиз. Шу билан бир вақтда илғор технологиялар ва рақамлаштиришдан кенг фойдаланишимиз даркор. Бу асосий вазифалардан биридир”, деб қўшимча қилган Тўқаев.

Қозоғистон президентининг айтишича, миллат ҳам рақобатбардош бўлмоғи зарур. Бунинг учун инсон капиталини ривожлантириш лозим. Шунингдек, республиканинг бизнес-салоҳиятини ошириш, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш керак. Миллий иқтисодиётни диверсификациялаш билан жиддий шуғулланмоқ лозим. Импортга тобе бўлмаслик учун маҳаллий ишлаб чиқаришни жонлаштириш зарур бўлади. 

Қозоғистонда фавқулодда вазият 16 мартда киритилганди. Кейинроқ у 15 апрелдан узайтирилганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top