15:05 / 06.05.2020
16049
Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 1556 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда беморларнинг навбатдаги гуруҳлари соғайгани ҳақида хабар берди. Бунгача Андижон вилоятида 7 нафар, Наманган вилоятида 31 нафар беморга жавоб берилгани маълум қилинганди.

Хусусан, Бухоро вилоятида 5 нафар, Самарқанд вилоятида 3 нафар, Тошкент шаҳрида 9 киши касалликдан тўлиқ соғайган.

Бухорода соғайганларнинг 2 нафари эркак, 3 нафари аёл, энг каттаси 50 ёшда, энг кичиги 14 ёш. Уларнинг 4 нафари Бухородан — касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган; 1 нафари Тошкентдан — у Россиядан чартер рейсда Бухорога олиб келинган, карантинда коронавирус тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Бухорода соғайганлар сони 372 нафарга етди.

Самарқандда соғайганларнинг учаласи (7 ёш, 31 ёш ва 78 ёш) эркак бўлиб, улар вилоятнинг Тойлоқ туманидан, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган эди. Вилоятда коронавирусдан соғайганлар сони 37 нафарга етди.

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 6 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 3 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайганларнинг 3 нафари Россиядан чартер рейсда келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 63 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёшда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан тузалганларнинг 2 нафари (73 ёшли ҳамда 40 ёшли аёллар) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. 1 нафари (29 ёшли эркак) эса Қорақалпоғистон Республикасидан бўлиб, Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган. 

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 459 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 468 нафарга етди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 6 май соат 12:50 ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар сони 1556 нафарни ташкил этмоқда.

6 май соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 2217тани ташкил этмоқда – беморлардан 651 нафари ҳозирда даволанишни давом эттираётган бўлса, 10 нафари вафот этган.

Top