07:59 / 07.05.2020
5106
Трамп Эронга куч қўллашини тақиқловчи резолюцияга тақиқлов қўйди

АҚШ президенти Дональд Трамп конгресснинг унга Эронга қарши ҳарбий куч қўллашни тақиқловчи резолюциясига тақиқлов қўйди.

Фото: Carlos Barria / Reuters

Бу ҳақда Оқ уй маълум қилди.

“Бу жуда ҳақоратомуз резолюция эди. Уни демократлар республикачилар ўртасида нифоқ солиш ва бунинг эвазига 3 ноябрдаги сайловларни ютишдан иборат бўлган стратегия доирасида тузган. Бу резолюцияни қўллаб-қувватлаган бир неча республикачи демократларга жўр бўлган”, деб айтилган Трамп баёнотида.

АҚШ президентининг фикрича, резолюция муаллифлари вазиятни тушуниб етишмаган. Трампнинг таъкидлашича, АҚШ Эронга шундоқ ҳам куч қўлламайди, АҚШ махсус операцияси давомида Эроннинг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг Ироқда йўқ қилиниши эса қонуний бўлган. Жумладан, операцияга Ироқда ҳарбий куч қўллаш ҳақидаги резолюция билан рухсат берилган.

“Бундан ташқари, ушбу резолюция президентнинг АҚШни ҳамда унинг ҳамкорлари ва иттифоқдошларини ҳимоялашдаги имкониятларини кучли чеклаган бўларди. Резолюция президент муқаррар ҳужумдан ҳимояланиш учунгина ҳарбий кучни қўллашга қонуний ҳуқуққа эгалигини кўзда тутган. Бунга эса умуман йўл қўйиб бўлмасди”, деб таъкидлаб ўтган Трамп.

АҚШ президентининг тушунтиришича, дунёда АҚШ учун кўплаб хавфлар мавжуд ва улар вақт ўтиши билан ўзгариб бормоқда. “Конституцияда президентда олдинроқ ҳаракат қилиш ва тезкор ҳамда қатъий жавоб ҳаракатлари амалга ошириш учун имконият бўлиши кераклиги кўрсатилган. Айнан шуни мен қилганман [Сулаймоний вазиятида]”, деб ўз сўзларини якунлаган АҚШ президенти. 

2020 йил январда Қосим Сулаймоний йўқ қилингандан кейин АҚШ конгресси Трампнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини чеклашга қарор қилган. Конгрессменлар бундай чекловларсиз Трамп уруш бошлаши мумкин, деб ҳисоблашган. 

АҚШ президенти конгресс рухсатисиз уруш олиб бора олмайди. Бироқ у қонунчилик ҳокимияти билан келишмаган ҳолда хорижда кўлам ва вақт бўйича чекланган ҳарбий амалиётлар ўтказиш ҳуқуқига эга. 

Top