16:15 / 08.05.2020
4402
Ўзбекистонда апрель ойида ҳаво ифлосланишининг мониторинги бўйича маълумот берилди

«Ўзгидромет» атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини 25та шаҳардаги 63 та стационар кузатув пунктида амалга оширади. Аҳоли сонига қараб ва норматив ҳужжатлар асосида шаҳарларда 2 тадан 4 тагача пост жойлаштирилган. Тошкентда 13 та кузатув пункти бор. 

Жорий йилнинг апрель ойида ҳавонинг ифлосланиш даражаси республикада 23 та шаҳардаги 53 та кузатув пунктида текширилган, деб ёзмоқда «Ўзгидромет»

Унинг юқори қийматлари Олмалиқ ва Фарғона шаҳарларида қайд этилди, ифлосланиш индекси тегишлича 7, 95 ва 5,34 ни ташкил қилди.

Шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасининг юқорилиги саноат корхоналари ажратмаларининг тарқалиши ва метеошароитларга боғлиқ бўлди.

Қайд этилишича, республика бўйича апрель ойида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр чегарасида бўлган.

Билдирилишича, кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та газ аралашмаси назорат қилинади. Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.

Атмосфера ҳавоси ҳолати устидан кузатувлар ҳар куни ҳафтасига 6 кун сутка давомида 3 марта (маҳаллий вақт билан соат 7:00, 13:00, 19:00 да) амалга оширилади. Кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида олинади. Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасининг кўрсаткичи — бу атмосфера ифлосланишининг комплекс индексидир (АИИ).

Шаҳар атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасини тавсифлаш учун стандарт интеграл кўрсаткич — атмосферанинг ифлосланиш индекси (АИИ)дан фойдаланилади, у бешта асосий ифлослантирувчи ингредиент (чанг, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксиди) бўйича ҳисобланади. АИИнинг 5 баллдан кам қиймати паст ифлосланиш даражасига тўғри келади.

Ҳавонинг ифлосланиш даражаси АИИ 0-4 бўлганда паст, АИИ 5-6 бўлганда ошган ва АИИ 7-14 бўлганда юқори, АИИ> 14 бўлганда энг юқори ҳисобланади.

Top