13:56 / 08.05.2020
16395
Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 1700дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро ва Хоразм вилоятларида жами 33 бемор коронавирусдан тузалгани тўғрисида маълумот берди.

Бухоро вилоятида 32 нафар киши коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг 21 нафари Россиядан чартер рейс билан, яна 1 нафари эса Қирғизистон Республикасидан Бухорога келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Қолган 10 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган.

Уларнинг 22 нафари эркак, 10 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 78 ёшли онахон бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 372 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 404 нафарга етди.

Хоразмда бир нафар бемор тузалган, у 49 ёшли эркак бўлиб, Фарғона вилоятидан. У Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Эндиликда вилоятда соғайганлар сони 168 нафарга етди.

Бундан аввалроқ Наманган, Сирдарё ва Андижонда жами 32 нафар беморга жавоб берилгани хабар қилинганди.

Эндиликда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар сони 1721 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top