08:34 / 10.05.2020
30415
«Космик миқдордаги» қарз ва ишсизлик. АҚШ иқтисодиёти қандай ҳолатда?

Бугун коронавирус синовидан ўтаётган АҚШ иқтисодиётида кўрсатчиклар унчалик яхши эмас. Карантин давридаги асосий синов аҳолининг бандлик даражаси тобора пасайиб бораётгани бўлиб турибди. Ишсизлик муаммоси кучайиб бораётгани ва унинг тикланиши келгусида узоқ муддат талаб қилишини инобатга олсак, аҳолининг бандлик кўрсаткичлари АҚШ учун жиддий муаммога айланиб, дунёдаги энг йирик иқтисодиётга етарлича таҳдид солмоқда.

АҚШда карантин чоралари туфайли юзага келаётган ишсизлик даражаси 1930-йилларда юз берган «Буюк тушкунлик»дан (1929-1933 йилларда юз берган дунё иқтисодий инқирози шундай деб аталади) кейин мисли кўрилмаган кўрсаткич – 14,7 фоизга етди.

Сўнгги бир ой ичида карантин сабаб дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига эга АҚШда 20 миллиондан ортиқ одам ишини йўқотди. Бу ҳақда жума куни, карантин чорлари ортидан меҳнат бозорида қулаш даражаси ҳақида тайёрланган илк батафсил ҳисоботда маълум қилинди.

2008-2009 йилларда юз берган бутунжаҳон молиявий инқирозидан кейин ўн йилликда кетма-кет 100 ой давомида ишлаб чиқариш ҳажми ошган, иш ўринлари йўқотилмаган, натижада жорий йил февраль ойида ишсизликни сўнгги ярим асрдаги энг паст даражагача (3,5 фоиз) камайтира олган мамлакат учун бу мисли кўрилмаган муваффақиятсизлик ҳисобланади.

Вақтинча ишсизлар

Аммо умид берувчи ҳолатлар ҳам бор: масалан, карантин даврида ишсиз қолганларнинг аксарияти ишдан вақтинчалик бўшатилган ва улар иш ўрнини сақлаб турибди. Иш берувчилар шу чора билан ўз маблағини тежашни хоҳлаган. Бу тоифа одамлар карантин чоралари енгиллаштирилгандан сўнг ўз ишига қайтиши мумкин.

Бошқалари эса кам иш ҳақи эвазига салмоқли имтиёзлардан фойдаланишни танлади – июль ойи охирига қадар ҳукумат уларга тўланадиган маблағни ойига одатдаги бир ярим минг доллардан ўртача 4 минг долларгача оширди. Бу учун АҚШ ҳатто «космик миқдордаги» триллионлаб қарз жалб қилишга ҳам қўрқмади.

Президент Дональд Трамп учун буларнинг ҳаммаси унчалик яхши янгиликлар ҳисобланмайди. Ноябрь ойида ўтказиладиган сайловларда у иккинчи муддатга қайта сайланиш учун иштирок этади. Яқингача, масалан, АҚШга ҳали коронавирус кириб келмаган февралгача унинг асосий «тили узун томони» иқтисодий ўсиш ва юқорида ёзилгандай ишсизликнинг сўнгги ярим асрда энг паст даражага тушгани эди.

Энди эса коронавирус пандемияси ортидан ҳаммаси ўзгариб кетди. Иқтисодиёт мисли кўрилмаган даражада пасайди, бунга ҳамоҳанг тарзда ишсизлик энг юқори даражага чиқди ва Трамп ўз қўлидаги «кузири»ни йўқотиб, сайловларга саноқли ой қолганда рейтингини йўқотмоқда.

2017 йилдан дунёдаги энг кучли иқтисодиётга эга давлатни бошқарар экан, Трамп янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат иқтисодиётини янада юксалтириб, унинг бойликларини кўпайтириш қобилиятига ишонган. Февралгача шундай бўлди ҳам. Қимматбаҳо қоғозлар бозори кўплаб рекордларни қайд этди, ривожланиш кўрсаткичлари ҳам жуда яхши бўлди. Шу туфайли сайловчилар бу ривожланиш аввалги президент Барак Обаманинг эмас, балки Трампнинг хизматлари эканига билдирилган шубҳаларга ҳам эътибор беришмади.

Бироқ коронавирус ҳаммасини чиппакка чиқарди. АҚШ нафақат вирус туфайли вафот этганлар сони бўйича етакчига айланди, балки мамлакат тарихида рўй берган энг узоқ, ўн йиллик иқтисодий юксалиш босқичи тугаб, ортга қулаш ҳам юз берди. Ҳамма кўрсаткичлар бундан қарийб 90 йил олдин юз берган «Буюк тушкунлик» давридан сўнг энг ёмон ҳолатга келди. Қисқаси бугун барча саъй-ҳаракатлар ҳавода йўқ бўлиб кетган чангдай бир зумда кўринмай қолди.

Бугун АҚШ иқтисодиёти чалажон аҳволга тушган. Трамп ўз фуқароларининг ҳаёти ва соғлигига хавфли вирус таҳдид солаётганига қарамай, карантин чораларини енгиллатиб, иқтисодиётни жонлантиришга тайёр турибди.

«Одамлар азият чекадими? Ҳа. Кимдир кўпроқ йўқотишларга учрайдими? Ҳа. Аммо мамлакатни очишимиз керак ва биз буни имкон қадар тезроқ қилишимиз лозим», деди Трамп бу борада.

Ҳаммаси шунчалик ёмонми?

Ўтган асрда, иккита жаҳон уруши ўртасида рўй берган «Буюк тушкунлик»дан бери АҚШда ишсизлик даражаси ҳеч қачон бундай хавфли кўриниш олмаган: 1980-йилларда рўй берган иқтисодий турғунлик даврида ҳам кўрсаткичлар деярли 10 фоиздан ошмаган.

АҚШ замонавий тарихда бир кеча-кундузда ўн миллионлаб иш ўринларини йўқотишга дуч келмаган. Аввалги рекорд 1945 йилга тегишли эди. Ўшанда АҚШ иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг армия сафида бўлган миллионлаб аскарларни ҳарбий хизматдан бўшатади ва улар ишсизларга айланади. Ўшанда ҳам аҳвол ҳозиргидан 10 баравар паст бўлган – бир вақтнинг ўзида 2 миллион одам ишсиз қолган.

Иқтисодчилар бундай йирик кўламдаги йўқотишлар ўрнини яқин бир неча йил ичида, вирус тарқалишидан олдинги энг паст натижагача тиклашнинг иложи бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Аммо йилнинг иккинчи ярмида бироз тикланишдан умид бор.

«Буюк тушкунлик» даврида одамлар ўз ишини бутунлай йўқотган ва иш ўринларини қайта тиклашнинг мутлақо имкони бўлмаган. Ҳозир вазият бироз бошқача, ўн миллионлаб америкалик ишсизлар карантиндан сўнг ишга қайтиши мумкин. Уларнинг аксариятини вақтинча иш ҳақи тўланмайдиган таътилга чиққан дейиш ҳам мумкин.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, вақтинчалик ишсизлар ишсизлик ўсишининг деярли 80 фоизини ташкил қилади. Карантин чоралари бекор қилиниши билан уларнинг аксарияти дарҳол ишга қайтади. Бошқалар эса карантин тугагач, имтиёз туфайли ҳукуматдан қўшимча маблағ берилиши тўхтатилиши сабаб ишлай бошлайди.

Конгресс маъқуллаган ва Трамп томонидан имзоланган инқирозга қарши чоралар учун ажратилган ақл бовар қилмас қийматдаги 3 триллион доллар маблағдан бугун ишсизлик нафақасини олувчи ҳар бир ишсизга қўшимча равишда ҳафтасига 600 доллар тўланмоқда. Натижада ишсизлар учун тўланадиган умумий маблағ ҳафтасига ўртача 978 долларга етди.

Wall Street Journal нашри АҚШ меҳнат вазирлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, АҚШда пандемия тўлқини пайдо бўлган пайтгача, бугун имтиёзли маблағ олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ярми ҳафтасига 957 АҚШ долларидан камроқ даромад қилган.

Фриланcер ёки юк машинаси ҳайдовчиси учун ишига қайтишдан кўра имтиёз олиш фойдалироқ бўлган бугунги кунда мамлакатдаги ишсизлик даражаси сунъий равишда ошиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Бошқа томондан, маълумотлар шунчаки тўлиқ эмас. Чунки у фақат фаол иш қидираётган меҳнатга лаёқатли ёшдагиларнигина қамраб олади.

Кўрсаткичлар ишлашни хоҳлайдиган аммо қобилиятига ва касбига мос келадиган иш топа олмайдиганларни, кунлик ёки соатбай ишлайдиганларни ҳисобга олмаган. Шунингдек, официант, стюартдесса, ди-жей, гардеробчи каби иш ўрнини йўқотмаган ҳолда мажбуран карантинда ўтирган касб эгаларини ҳам ишсизлар қаторида ҳисоблашган.

Яширин ишсизлик инқироздан олдин ҳам муаммо бўлиб келган. Расмийлар рекорд даражадаги паст натижалар ҳақида маълумотлар улашиб ҳаммани чалғитаётган бир пайтда, ҳаётнинг асосий даврида меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир қисми иш қидирмайди. Масалан, 25-54 ёшдаги ҳар ўнинчи эркак. Натижада ушбу тоифадаги расмий ишсизлик кўрсаткичи айтайлик 3 фоиз бўлиб тураверади, гарчи ундайларнинг 12 фоиздан кўпроғи ишсиз бўлса ҳам.

Қарзга ботиш

Меҳнат бозори муаммолари фақат АҚШ иқтисодиётидаги узилишлар туфайли юзага келади. Узилишларнинг сабаби эса бугун нафақат АҚШда, балки бутун дунёда карантин давом этаётгани билан боғлиқ. Дунё иқтисодиётининг пастлаши АҚШда савдо кўрсаткичлари тушиб кетиши билан изоҳланади: сўнгги бир ой ичида АҚШ портларига товарлар оқими 10 фоизга камайди, деб маълумот бермоқда Bloomberg.

АҚШнинг энг йирик савдо шериги Хитой. Сўнгги йилларда Трамп Хитой билан савдо алоқаларида анча муаммолар яратди ва унинг риторикасига кўра, ҳозирча бу мамлакат билан ўзаро савдо-сотиқнинг тез тикланишига умид қилиш керак эмас. Қолаверса, Трамп ҳозирги оғир вазиятга қарамай, жорий йил бошида Хитой билан ўнглана бошлаган савдо алоқаларини Чин юртини коронавирус тарқатишда айблаб, яна мураккаблаштириб юборди.

АҚШ энг кўп Хитойдан қарз. Мамлакатнинг 1 триллион доллардан ортиқ ташқи қарзи айнан Хитойга тегишли ҳисобланади. Савдога асосланган иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун Қўшма Штатлар мисли кўрилмаган қарзларни олмоқда. Иккинчи чоракнинг атиги уч ойида АҚШ 3 триллион доллар қарз олади – бу давлат қарзларини жойлаштиришнинг одатдаги йиллик ҳажмидан анча кўп ҳисобланади.

2009 йилда юз берган иқтисодий инқироз даврида АҚШ молия вазирлиги бутун йил учун бу йил олаётган қарзининг деярли ярмини, ўтган йил эса жорий йилдагидан уч марта камроқ қарз олган.

Жорий йилда йиллик қарз миқдори 4 триллион доллардан ошиши мумкин. Бу деярли АҚШнинг 4,8 триллион доллар бўлган йиллик бюджетига тенг. АҚШнинг умумий қарзи эса йиллик ЯИМ ҳажмидан (20 триллион доллар) ҳам ошиб кетиши мумкин.

АҚШга қарз бериш сармоядорлар орасида жуда оммабоп ҳисобланади. Шу туфайли ҳукумат яна қарз берувчиларни топишига ишонмоқда. Бундан ташқари, доллар захира валютаси ҳисобланади ва Қўшма Штатлар лозим топилганда уни хоҳлаганича чоп этиши мумкин. Бундай ҳолатларда АҚШ молия вазирлиги облигациялар чиқаради ва Федерал резерв уларни қисман нақд пулларда сотиб олади.

Ҳукумат учун пул чоп этиш ва тарқатишдан кўра, ҳозирги ҳолатда нол ставкасида кредит бериш ва инфляция қайтганида уни юқори ставкада стерилизация қилиш фойдалироқ.

Бугун АҚШда давлат қарзидан ташқари, одамларнинг қарзлари ҳам ўсиб бормоқда, уларда давлатдан фарқли ўлароқ пул чоп этиш имконияти йўқ. Биринчи чоракда америкаликларнинг қарзи рекорд даражада (14,3 триллион долларгача) ўсди. Ушбу ўсиш асосан ипотека кредитлари, ўқиш контрактлари ва кредитга автомобиль сотиб олиш ҳисобидан бўлди. Қизиғи, бу ҳисобот тайёрланаётганда ҳали карантин жорий қилинмаган эди.

Кейинги навбатда асосий юклама катта эҳтимол билан кредит карталари бўйича қарздорликка тушади: ҳукумат ортидан оддий америкаликлар ҳам қарзга ботиб, келажакда қўлга киритадиган даромадларини олдиндан сарфлай бошлайди. Юпанч берадиган битта ҳолат бор: коронавирус қачондир йўқолади ва иқтисодий ўсиш қайтади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top