19:09 / 10.05.2020
23932
Қорақалпоғистонда 5 бемор қолди, Ўзбекистон бўйлаб касалликдан тузалганлар сони 1900га яқинлашмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон ва Фарғонада коронавирус беморларининг навбатдаги гуруҳлари тузалгани, жами тузалганлар сони 11тага ошиб, 1881 нафарга етгани тўғрисида хабар берди.

Қорақалпоғистон Республикасида 8 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилган.

Қорақалпоғистонда соғайганларнинг барчаси ушбу ҳудуддан (6 нафари Нукус шаҳридан, 2 нафари Қўнғирот туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 2 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2 ёшда.

Айни пайтга қадар Қорақалпоғистонда 101 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 109 нафарни ташкил этмоқда. Яна 5 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Фарғонада 3 киши тузалган, улардан 27 ёшли фарғоналик аёл коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Андижон вилоятидан бўлган 23 ёшли аёл ва унинг 2019 йилда туғилган чақалоғи Истанбул – Фарғона йўналишидаги чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Инфекция аниқлангач, шифохонага ётқизилган. 

Вилоятда шу пайтга қадар 136 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 139 нафарга етди. Яна 19 бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Шу тариқа, бугун касалликдан тузалганлар сони 35 нафарга етди ва ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар сони 1881 нафарни ташкил этмоқда. Жами 520 бемор шифохоналарда даволанишни давом эттирмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top