16:05 / 11.05.2020
18243
Ўзбекистонда яна 62 бемор тузалди, Фарғона вирусдан холи ҳудуд бўлишга яқинлашмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд, Фарғона, Тошкент ва Сирдарёда яна 62 бемор коронавирусдан соғайгани тўғрисида маълумот берди.

Самарқанд вилоятида 14 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Самарқандда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (9 нафари Тойлоқ туманидан, 3 нафари Самарқанд шаҳридан ва 2 нафари Оқдарё туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 8 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 70 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда. 

Айни пайтга қадар ушбу вилоятда 80 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 94 нафарга етди.

Фарғона вилоятида 11 нафар киши тузалган. Уларнинг ҳам барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Олтиариқ туманидан, 4 нафари Қува туманидан, Марғилон шаҳри ва Риштон туманидан 1 нафардан) бўлиб, улардан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Қолган 8 нафари Россиядан келишган ва карантинга олинган. Инфекция аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Беморларнинг барчаси эркак бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 45 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 28 ёшда. 

Вилоятда шу пайтга қадар 139 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 150 нафарга етди.

Вазирлик маълумотида таъкидланишича, ҳозиргача ушбу ҳудудда 158та ҳолатда коронавирус қайд этилган бўлса, бир нафар вафот этган бемордан ташқари, айни пайтда 7 нафар бемор даволанмоқда. Шундай қилиб, ушбу вилоят коронавирусдан холи ҳудуд мақомини олишга жуда яқин турибди.

Бугун Тошкент шаҳридаги даволаш муассасаларида 36 нафар ҳамда Сирдарё вилоятида 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Тошкент шаҳрида тузалганларнинг 26 нафари Тошкент шаҳридан, 4 нафари Фарғона вилоятидан, Наманган ва Тошкент вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 26 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. 7 нафари Россиядан, 3 нафари эса Қозоғистондан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Беморлардан 28 нафари эркак, 8 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши 2019 йилда туғилган.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 575 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 611 нафарга етди.

Сирдарё вилоятида тузалган 40 ёшли эркак Янгиер шаҳридан бўлиб, Россиядан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Вилоятда шу пайтга қадар 13 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 14 нафарга етди. 

Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 101 нафар бемор бутунлай тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1982 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top