20:13 / 15.05.2020
20244
«Четдан олиб келинаётганлардан кўра касаллигини билмай одамлар орасида юрганлар хавфлироқ» – Саудия, Миср ва Кувайтдаги ўзбеклар

Kun.uz пандемия туфайли Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси ҳамда Кувайтда қолиб кетган, авиақатновлар тикланмаётгани сабабли Ўзбекистонга қайта олмаётган юртдошларимизни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Жаҳонгир Жўраев:

– Кувайтга беш йил олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома қилган ҳолда келганман. Касбим анестезиолог-ревматолог. Ҳозиргача шифокор сифатида фаолият олиб боряпман. Бу ерда  8-10 нафар ўзбек шифокорлар билан бирга ишлайман. Коронавирус касаллиги ҳақида ўзимизга яраша тушунчамиз бор, бевосита даволаш ишларини олиб боряпмиз.

Ҳозир аҳволимиз яхши, ойликларимиз етарли, яшаш шароитимиз яхши. Лекин дўконларда, ресторанларда ишлаб юрган ҳамюртларимизда бундай эмас деб ўйлайман. Улар Ўзбекистонга қайтиш ниятида. Элчихонага бориб чартер рейслари учун рўйхатдан ўтиб қўйишган.

Элчихона маъмурияти биздан кўра Қатардаги юртдошларимизнинг аҳволи яхши эмаслигини таъкидлади. Биз шифокорлар бу ерга оиламиз билан келганмиз. Ўзбекистонга қараганда бу ерда карантин қоидалари бошқачароқ. Яъни Ўзбекистонда шифокор коронавирусга чалинган беморни даволаб бўлганидан сўнг 14 кун карантинга олинади, бу ерда эса шифокорлар ишдан сўнг уйига кетади. Бунда у касалликни ўз оиласига ҳам юқтириши мумкин бўлади. Шунинг учун оилаларимизни Ўзбекистонга қайтариб юборишимиз керак. Айнан шу сабабли уйга қайтиш учун рўйхатдан ўтиб қўйганмиз.

Ҳозир Кувайтда Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган фуқаролар 20-25 нафарни ташкил қилмоқда. Албатта, бу кўп бўлмаслиги мумкин. Элчихона маъмурияти шу боис агарда чартер рейс қўйилса, Қатар ва Баҳрайндаги фуқаролар билан биргаликда олиб кетишини билдирди.

Шифокор сифатида айтишим мумкинки, Кувайтда касалланиш ҳозиргидек ўсиб бораверса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Кувайтда 13 май ҳолатига кўра (суҳбат 13 май куни ёзиб олинган – таҳр.) касаллар сони 10 минг 277 кишини кўрсатмоқда. Шундан 75та ҳолат ўлим билан якунланган, айни пайтда даволанаётганлар сони 7101 нафарни ташкил этяпти. Касалланиш ҳолати Ўзбекистонга нисбатан 4 баравар юқори.

Кувайтдаги юртдошларимиздан ўзим таниган-билганларимдан хабар олиб, қийналса моддий ёрдам кўрсатиб турибман. Бундан ташқари, маблағ ва уйдан қийналганларга шифокорлар томонидан ёрдам кўрсатилишини айтиб келяпман. Масалан, ишсиз қолиб кетган уч йигитни биламан. Улар ресторанда ишларди. Ҳозир ресторан эгалари уй билан, озиқ-овқатлар билан таъминлаб турибди. Аммо иш берувчилар ёрдам бермаётганлар ҳам бор.

Пандемия сабабли ишини йўқотганлар Кувайтда қанча вақт яшай олиши уларнинг даромадига боғлиқ. Ҳамманинг ойлиги ҳар хил. Дўконларда ишлайдиган фуқароларимизнинг маблағлари анча камайиб, қийналиб қолган бўлишлари мумкин. Ўзимдан келиб чиқадиган бўлсам, ойликлар тўхтатилган тақдирда 2-3 ой яшашим мумкин. Аммо оддий ишда ишлайдиганлар анча қийналиб қолишган.

Кувайтда янги аэропорт қуриляпти. У ерда 30-40 нафар ўзбеклар ҳам ишлаяпти. Агарда у ерга касаллик етиб борса, қийин аҳволга тушиб қолишади.

Ижтимоий тармоқларда чет элдан қайтиш истагидаги ўзбекистонликларга нисбатан айрим юртдошларимиз “Ўша ерда қол, Ўзбекистонга нега келасан? Келсанг бу ерда вирусни кўпайтирасан!” деган ҳар хил салбий фикрлар билдиришяпти. Авваламбор, ҳар бир фуқаро ўз ватанига қайтиш ҳуқуқига эга. Чет элдаги фуқароларимиз вақтинчалик ёки ишлаш учун борган, фуқароликларини ўзгартириб кетишмаган.

Қолаверса, улар Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин 14 кун карантинда сақланишади. Бу билан Ўзбекистонда касаллик тарқалиб кетиш хавфи йўқ. Бу ҳолат давлатимиз томонидан назоратга олинган. Бундан қўрқиш керак эмас.

COVID-19 касаллигига келадиган бўлсак, у симптомли ва симптомсиз турларга бўлинади. Симптомлисида касаллик равшан кўринади, яъни беморлар йўталади, тана ҳарорати кўтарилади. Аммо симптомсизида эса ҳеч қандай ҳолат кузатилмайди. Биз мана шунисидан қўрқишимиз керак. Чунки четдан олиб келинадиган фуқароларимиздан кўра Ўзбекистоннинг ўзида одамлар орасида юрган, аммо ўзининг касал эканини билмайдиган, касаллик аломатлари кузатилмайдиган шахслар жамият учун хавфлироқдир.

Ҳозир Кувайтдаги ўзбекистонлик шифокорлардан уч нафарида ушбу касаллик кузатилди. Бизда ҳам шундай ҳолат кузатилмаслиги, оиламизни ҳам ҳавф остида қолдирмаслигимиз учун уларнинг чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб кетилишини хоҳлардик.

Муҳаммадзиё Эргашев:

– Саудия Арабистонига 2019 йил декабрь ойида ишлагани келганман. Ресторанда ишлардик. 14-15 март кунлари карантин бошлангач, ишсиз қолдик. Бунгаям икки ой бўлди. Ишлайлик десак иш йўқ, уйга қайтайлик десак чегаралар ёпиқ. Нима қилишга ҳайронмиз. Пулларимиз тугаб бўлди. Уйдан пул сўрайлик десак, уларда ҳам аҳвол яхшимас.

Ҳозирги пандемия шароитида ишлаб турган ўзбекистонликлар ҳам бор. Аммо улар бармоқ билан санарли. Ишлаб турганлар ҳам олдингидай тўлиқ ишламаяпти, ойлигини ҳам тўлиқ ололмаяпти.

Мен билганларнинг жуда кўпи ишсиз, ахволи оғир, жуда-жуда қийинчиликда яшаб келишмоқда. Энг ачинарлиси, битта ётоқхонада 50-60 киши турамиз, агарда касаллик бизга ҳам етиб келса, аҳволимиз оғирлашади.

Мен ҳозир кўпчиликнинг номидан гапирмоқчиман. Бу ерда юртга қайтамиз деб турганлар 200 нафардан ортиқ. Аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтишни истаганлар орасида беморлар, қариялар, ҳомиладор аёллар ҳам бор. Мисол учун, кеча бир опа билан гаплашдим. У видеомурожаат тайёрлаётганимизни эшитиб: “Бизнинг ҳам аҳволимиз оғир, видеомурожаатда биз ҳақимизда ҳам гапиринг, тезроқ бу ердан олиб кетишсин ” деб айтди.

Кетадиганлар орасида авиачипта сотиб олиш учун пули қолмаганлар ҳам бор. Лекин улар кўпчиликни ташкил қилмайди. Агар чартер рейс қўйилса, албатта пул топамиз.

Пандемия Саудия Арабистонига кириб бормаганида чартер рейс қўйилишини сўраб мурожаат қилмаган бўлардик. Биз бу ерда шартнома асосида ишлашимиз ва яшашимиз мумкин. Агарда пандемия бўлмаганида ишимни давом эттирардим ва бошқалар ҳам шундай қилишарди деб ўйлайман. Бир йил ўтиб меҳнат таътилига чиқардим ва чартер рейсини қўйиб беришларини сўрамасдан ўзим чипта олиб кетаверардим.

Раҳматилло Раҳимов:

– Мисрда эпидемиологик аҳвол оғир. Сабаби, маҳаллий аҳоли карантинга тўлиқ амал қилмаяпти. Миср Араб Республикасида касалланганлар сони Кувайтники билан деярли бир хил. Лекин ўлимлар Кувайтда 75та, Мисрда эса 544тани ташкил қилмоқда. Шунинг ўзи ҳам аҳволнинг қандайлигини кўрсатиб турибди.

Мисрликларнинг карантин чекловларига беэътиборлиги учун касалланиш ҳолатлари кундан-кунга кўпаймоқда. Шу боисдан Ўзбекистоннинг мазкур давлатдаги элчихонаси бизга имкон қадар кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда.

Мисрдан Ўзбекистонга 18 мартда чартер рейс қўйилганди, бироқ жой етишмагани, кетувчилар кўп бўлгани учун биз қолиб кетдик. Ҳозир навбатдаги чартер рейсни кутиб кун ўтказяпмиз.

Аҳволимиз яхши, Мисрдаги ўзбекларнинг ҳеч бири коронавирусга чалинмаган, элчихона билан доимий алоқада бўлиб турибмиз. Мен ўзим араб тили бўйича малака оширгани келганман.

Лекин шунга қарамай, айрим талабаларнинг аҳволи жуда оғир деб эшитяпмиз. Шароит қийинлигидан ҳаттоки бир уйда 10 кишилаб яшаб келишмоқда.

Қолаверса, иши тўхтаган фуқароларимизнинг маблағлари тугаганлиги учун бир хонада кўпчилик бўлиб яшашяпти. Бундай ҳолатда касалланиш эҳтимоли  ҳам юқори бўлади. Ҳозирча амаллаб бир-бирларига ёрдам бериб келишмоқда. Лекин бир кун келиб ўзларининг ҳам пуллари қолмаса жуда қийин аҳволга тушиб қолишади. Шунинг учун эртароқ чартер рейсини қўйиб беришлари керак. 

Барчамиз уйга эртароқ кетсак деган умид билан яшамоқдамиз. Чартер рейслар бепул бўлмаслигини биламиз. Агарда махсус рейс ташкиллаштирилса, авиачипта учун амаллаб маблағ топамиз.

Элчихона билан мулоқот қилганимизда Ўзбекистонга қайтиш истаги билан мурожаат қилганлар 200 нафардан ошди дейишганди.  

Орамизда Мисрда ўқиётган неварасини кўришга келган 72 ёшли онахонимиз бор, операция учун келган беморлар бор, ёш болалар ва аёллар бор. Мен ҳаммаларининг номидан вакил бўлиб гапиряпман. Шуларни инобатга олган ҳолда президентимиз тезроқ Миср Араб Республикасига чартер рейсини қўйиб берсалар.

Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси оператив штабининг Kun.uz’га маълум қилишича, 18 март куни Шарм аш-Шайх ва Коҳира шаҳарларида қолиб кетган 181 нафар ўзбекистонлик ватанга олиб кетилган, 14 кунлик карантиндан сўнг улар ўз оилалари бағрига қайтишган. Элчихона оператив штаби томонидан Мисрдаги ватандошларимизга 24 соат давомида онлайн хизмат кўрсатилмоқда. Штаб аъзолари ҳар бир юртдошимизнинг мурожаатига индивидуал тарзда ёндашиб, эътиборсиз қолдирмасликка ва жавоб беришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганларнинг рўйхати юртимизнинг хорижий мамлакатлардаги барча дипломатик ваколатхоналари каби Қоҳира шаҳридаги элчихонада ҳам тузилмоқда ва ҳозирги кунгача шундай истак билан 300дан зиёд ватандошларимиз мурожаат қилди.

Элчихона томонидан юртдошларимиз учун чартер рейсларини амалга ошириш юзасидан Миср авиакомпаниялари билан ҳам қўшимча тарзда музокаралар олиб борилаётган бўлиб, хусусан, Мисрнинг «Air Cairo» авиакомпанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонга чартер рейсини ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда. Шу билан бирга, элчихона томонидан Мисрда соғлиғи оғирлашганлиги сабабли ёки қийин ҳолатга тушиб қолиб элчихонага мурожаат қилган олти нафар ватандошимизга керакли ёрдам кўрсатилмоқда.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Top