02:30 / 15.05.2020
63779
Дунёдаги вазият. ЖССТ энди ҳаёт аввалгидек бўлмаслигидан огоҳлантирмоқда

Жонс Ҳопкинс маълумотига кўра, айни пайтда дунё бўйича коронавирусдан зарарланганлар сони 4,5 миллиондан ошган, 302 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Фото: AFP

Жаҳон соғлиқ ташкилотининг коронавирусга қарши кураш бўйича махсус вакили Дэвид Набарро BBC мухбири билан суҳбатда одамлар ҳаёти энди ҳеч қачон Covid-19 пандемиясидан олдинги ҳолатга қайтмаслиги мумкинлиги ҳақида гапирди.

Янги реаллик
Дэвид Набарро инсоният янги реалликка мослашиши кераклигини айтади.

«Биз таҳдидни камайтириш учун ўз хатти-ҳаракатларимизни ўзгартирамиз. Биз биламизки, айрим жойларда буни уддалаш бироз қийин. Аммо биз дам олишни, мулоқот қилишни ва вақтни яқинларимиз билан ўтказишни ўрганамиз. Амалда бу ҳаётимизнинг бир қисмига айланади», деб ҳисоблайди Набарро.

Умуман олганда, ЖССТнинг баҳолашича, вазият иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) пайдо бўлгандагига ўхшаш - олимлар терапия усулларини топишади, аммо вирус ҳеч қаерга йўқолмайди. Коронавирус тарқалишини тўлиқ назорат остига олиши учун инсониятга камида беш йил керак бўлади.

Европа дори воситалари агентлигининг маълум қилишича, энг оптимистик ҳисобларга кўра, коронавирусга қарши вакцина тахминан бир йилдан кейин тайёр бўлади. Агентлик раҳбари Марко Кавалери вакцинани тайёрлаш ишлари сентябргача тугалланиш ҳақидаги баёнотларга скептиклик билан муносабатда бўлган.

Набарро вакцина пайдо бўлганидан кейин ҳам дунё ижобий натижаларни ҳис қилиши учун анча вақт талаб этилишини ҳисобга олмоқда. «Биз бутун дунё аҳолиси эмланишини таъминлашимиз керак ва бу жуда катта лойиҳа бўлади. Шунинг учун барчага шундай дейишни истайман - вакцинани икки-икки ярим йил кутишга тўғри келади», дея ҳисоблайди БМТ махсус вакили.

Британия янги тестлардан умид қилмоқда
Британия тиббиётчилари коронавирусга қарши сунъий антитанани аниқлаш учун кенг миқёсда тест ўтказишни маъқуллашди - бунда Швейцариянинг Roche компанияси томонидан ишлаб чиқилган тест тўпламларидан фойдаланилади. Мамлакат ҳукумати коронавирусга қайта чалинганларни тезлик билан аниқлаш одатий ҳаётга қайтиш ва иқтисодиётни тиклашга ёрдам беришига умид қилмоқда.

GETTY IMAGES

Тестнинг маъқулланиши, регуляторлар унинг натижалари ишончли эканига аминлиги кўрсатади. Шу билан бирга, Британия ҳукуматидагилар ҳозирча оммавий синовларни қанча вақт ичида ўтказиш мумкинлигини аниқ билишмайди.

  • Тест чоғида олинадиган қон таҳлилидан мақсад одам вирусга чалинган бўлса, иммунитет шаклланганми ёки йўқлигини аниқлаш ҳисобланади.

Тест аввалроқ ЕИ ва АҚШда синовдан ўтганди. Roche компаниясидагилар Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) ва ҳукумат билан тест тўпламларини етказиб бериш бўйича музокара ўтказмоқда. Британия ҳукумати ҳафтасига юз минг тўплам харид қилишни режалаштирган.

Британияда сўнгги бир кунда коронавирусдан зарарланиш оқибатида 428 киши вафот этган. Расмий маълумотларга кўра, касалликдан вафот этганлар сони 33,6 мингдан ошган, шу билан бирга, ҳақиқий ўлим ҳолатлари сони расмий статистикада кўрсатилганидан икки баробар кўпроқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Айни вақтга келиб, Британияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 234 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган ва бу АҚШ ҳамда Россиядан кейинги учинчи кўрсаткичдир.

Европада нималар бўлмоқда?
Финляндияда мактаблар очилмоқда, ҳолбуки фин ўқитувчилари касаба-уюшмалари бунга ҳали эрта деб ҳисоблашганди. Ташкилот вакиллари карантиндан эрта чиқиш болалар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам хавфли эканини айтишган. Шу билан бирга, мамлакатда ёзги таътил фақат икки ҳафта давом этади.

Швеция қатъий карантин жорий этмади, аммо фуқаролардан ижтимоий масофа сақлаш сўралмоқда / AFP

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Финляндияда эпидемия бошланганидан бери 6145 киши касалланган ва 284 киши вафот этган.

Франция бош вазири Эдуар Филипп мамлакат фуқаролари курортларга фақат июль ва августда бориши мумкинлигини билдирди. У шунингдек, туристик саноатга 18 млрд евро миқдорида ёрдам пакети ажратилишини маълум қилган.

Ҳозирда француз меҳмонхоналари ва туризм инфратузилмасидаги бошқа объектлар ёпиқлигича қолмоқда. Ҳукумат ҳозирча айрим пляжларга муайян шартлар билан ишлашга рухсат берган, келувчилар ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя этиши керак бўлади.

«Туризм замонавий тарихдаги энг оғир даврни бошдан кечирмоқда. Бу соҳа Франция иқтисодиётидаги жавоҳирлардан бири ва давлат туризм саноатини қутқариб қолишга эътибор қаратади. Французлар учун чиройли овқатланиш, учрашиш ва мулоқот қилиш муҳим - бу миллий менталитет», деган Филипп.

Германияда сўнгги бир кунда Covid-19дан зарарланиш билан боғлиқ 933та янги ҳолат қайд этилган, 89 киши вафот этган. Роберт Кох институти маълумотига кўра, бир кишининг бошқаларга касаллик юқтиришини ифодаловчи репродуктив сон — R кўрсаткичи 0,8тага тушган. Германияда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони эпидемия бошланганидан буён 174 мингдан ошган, 7861 киши вафот этган.

Черногорияда юзлаб кишилар Серб проваслав черкови епископларидан бири ва яна 7 нафар роҳиб карантин режимини бузгани учун ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Намойиш вақтида полиция билан тўқнашувлар рўй берган.

Черногориядаги диндорлар карантинга қарамай диний маросимларни давом эттиришди / REUTERS

Швеция ҳукумати ўз фуқароларига автомобилларда сафарларга чиқишга рухсат берди, лекин бу сафар уйдан икки соатлик масофадан ортиқ масофага бўлмаслиги керак; шу билан бирга саёҳат давомида одамлар ижтимоий масофани сақлаши талаб этилади. Мамлакатда 50дан ортиқ киши бўлиб тўпланиш тақиқланади ва кекса қариндошларни кўришга бориш тавсия этилмайди.

Швеция қатъий карантин чекловлари жорий этилмаган кам сонли давлатлардан бири бўлганди. Швециядаги кексалар уйларида Covid-19 дан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари етарлича юқори, аммо фуқароларини уйларига қамаган бошқа давлатлар билан таққослаганда коронавирус қурбонлари умумий аҳоли сонига нисбатан камроқ.

Дунёнинг бошқа давлатлари
АҚШда сўнгги бир ҳафтада яна уч миллион киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилди ва шу тариқа карантин даврида ишсиз қолган америкаликлар сони 36 млн кишини ташкил қилмоқда, бу эса мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг тўртдан бир қисми демакдир.

«Бугунги кунда ишсизлик нафақаси бўйича мурожаат қилаётганлар статистикаси тезлик билан ўсмоқда. Америка меҳнат бозори Буюк тушкунлик давридан буён бу қадар чуқурга шўнғимаган», дейди Charles Schwab молиявий компаниясининг британ бўлими раҳбари Ричард Флинн.

Сўнгги 10 кунда Американинг кўплаб штатларида карантин чекловлари бекор қилиниши бошланди, аммо мамлакат иқтисодиётининг катта қисми ҳамон тўхтаб турибди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Висконсин штати судини демократ губернатор Энтони Иверснинг изоляция режимини 26 майгача узайтириш ҳақидаги қарорини бекор қилгани учун олқишлади. Судьялардан бири локдаунни қамоқ режими деб атаган.

Чоршанба куни кечқурун, суд қарори эълон қилиши биланоқ маҳаллий аҳоли барларни тўлдирди. «Одамлар одатий ҳаёт тарзига қайтишни исташмоқда», дея ёзган Трамп твиттердаги саҳифасида Висконсин суди қарори ҳақида.

Иверс эса ўз навбатида CNN телеканалига берган интервьюда суд қарори «штатда тартибсизлик юзага келишига олиб келади», деб таъкидлаган.

АҚШ дунёда касалланганлар ва касалликдан вафот этганлар сони бўйича етакчилик қилмоқда - деярли 1,45 млн ҳолат ва 86,5 минг ўлим.

Австралиянинг Сидней шаҳрида кафе ва ресторанлар очилди, аммо уларда бир вақтнинг ўзида 10дан ортиқ киши бўлиши мумкин эмас. Кўпчилик ярми бўш жойларда ўтиришни истамаяпти ва айрим ресторанлар бунга чора топган: бўш қолдирилган стулларда манекенлар ўтирғизилган.

Ҳонгконгда яриморолга келувчилар учун мажбуриятлар белгиланди. Жараён босқичлари тўғрисида твиттердаги саҳифасида фотограф Лорель Чор ёзиб қолдирган. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда бу дунёдаги энг қатъий чегара чекловларидир.

Ҳонгконг аэропортида қатъий карантин чоралари белгиланган / REUTERS

Ҳонгконгга келувчиларнинг барчаси коронавирусни аниқлаш учун тестдан ўтиши керак, кейин натижалар улкан ҳоллда кутилади. Кутиш жуда узоқ вақт давом этади: Чор самолётдан тушганидан кейин бу жараён учун етти соат вақтини кетказган.

Тест натижаси ижобий чиққанлар шифохонага юборилади, қолганлар махсус билагузукларни тақишади ва ўз смартфонларига махсус иловани ўрнатишади. Бу илова бўйича уларнинг кейинги ҳаракатлари кузатиб  борилади. Келганларнинг барчаси уйида ёки меҳмонхонада 14 кун давомида қолиши керак.

Хитойнинг материкдаги қисми билан қўшни бўлишига қарамай Ҳонгконгда эпидемия бошланганидан буён атиги мингга яқин касалланиш ҳолати ва тўрт ўлим қайд этилди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top