19:05 / 15.05.2020
25782
Ўзбекистонда яна 30 кишида коронавирусдан аниқланиб, жами ҳолатлар сони 2682тага етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яна 30 кишида коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берди.

«2020 йил 15 май соат 19:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2682 нафарни ташкил қилмоқда. Янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлиб, жорий йилнинг 13 май куни уларнинг 3 нафари Қозоғистондан, 2 нафари эса Россиядан келган.

25 нафар фуқаронинг касалланиш ҳолати эса (уларнинг 23 нафари Самарқанд вилоятидан, 2 нафари Тошкент шаҳридан) олдин касаллиги тасдиқланган 11 нафар бемор билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасидан аниқланди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида. 

Бугун ҳозирча 37та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва Наманган, Самарқанд ва Қорақалпоғистонда жами 22 бемор тузалди.

Касаллик Ўзбекистонга кириб келганидан буён 2158 киши коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайиб, ҳозирда мамлакатда соғайиш кўрсаткичи 80 фоизни ташкил қилмоқда.

Шифохоналарда бугунги кунда 513 нафар бемор даволанмоқда.

Top