08:39 / 18.05.2020
80400
Бельгиялик шифокорлар бош вазирни “шармандалик йўлаги” билан кутиб олишди

Бельгия пойтахти Брюсселда шифокорлар мамлакат бош вазири Софи Вильмесга норозилик сифатида уни “шармандалик йўлаги” билан кутиб олишди.  

Фото: Le Soir

16 май куни бош вазир мамлакатда коронавирус эпидемияси бошлангандан кейин илк бор пойтахтдаги 2 та шифохонага ташриф буюрган. Сен-Пьер шифохонасида унинг кортежи жонлантириш бўлими томон йўналаётганда, йўл бўйлаб тизилиб турган шифокорлар ва ҳамширалар бош вазир автомобилига намойишкорона тарзда тескари ўгирила бошлашган. Вильмес шифохонага кирганда ҳам тиббий ходимлар унга терс ўгирилиб, ўзларига қарсак чала бошлашган. Ушбу норозилик акциясида 120 га яқин одам иштирок этган. 

Маълум қилинишича, тиббий ходимларнинг бундай норозилик билдиришига уларнинг етарлича молиялаштирилмаётганликлари ва ҳукуматнинг тиббий ходимларни санитар инқироз ҳолатида иш вақтидан ташқари ишга чиқишга мажбурловчи қарори сабаб бўлган.   

“Шифокорлар ўтган 2 ой ичидаги оғир меҳнат учун молиявий компенсациялар тўланиши ёки маошлар оширилишини талаб қилади. Шифокор ва ҳамшираларимиз шундоқ ҳам иш вақтидан ташқари ишлашмоқда ва ҳукуматнинг бунга мажбурловчи қарорлари қаттиқ норозиликни келтириб чиқаради”, деб айтган шифокорлар касаба уюшмаси вакили Дирк ван Овертвельдт.

Бош вазир бундай “совуқ” қабулга изоҳ бериб, тиббий ходимлар муаммоларини ҳал қилиш учун мулоқот зарурлигини айтган. “Бирор иш нотўғри кетаётганда эшитишни ва тушунтиришни билиш керак”, деб айтган Вильмес. 

Софи Вильмес

У тиббий ходимларни ҳам моддий, ҳам руҳий қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Касаба уюшмалари вакилларининг таъкидлашича, айнан Вильмес бюджет ишлари вазири лавозимини эгаллаган кезда тиббий хизмат кўрсатишга харажатларни кесиб ташлаган.

Таъкидланишича, Бельгияда тиббий ходимларга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласи апрелдан бери кўрилмоқда, бироқ бу борада ҳали аниқ қарорлар қабул қилинмаган.

Охирги маълумотларга кўра, 11 миллионлик Бельгияда коронавирусга чалинганлар сони 55280 нафарни, ундан вафот этганлар 9052 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда вирусга тестлар касалликнинг оғир аломатларидагина ўтказилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top