23:51 / 31.05.2020
92453
Коронавирус. Икки ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди, яна икки ҳудудда карантиндагилардан вирус чиқди

31 май куни Ўзбекистонда жами 77та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва 54 бемор тузалди. Шу вақтгача 2837 киши соғайган, айни вақтда шифохоналарда 771 бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар тўрт ҳудудда - Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида аниқланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

77та янги касалланиш ҳолатининг 4таси аҳоли орасида қайд этилган.

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида аҳоли орасида коронавирусга чалинган бемор билан алоқада бўлган уч кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Шунингдек, вилоятда карантинга олинганлар орасида яна бир кишида ва халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчиси бўлган бир кишида вирус аниқланган.

Эндиликда Бухорода айни вақтда даволанаётган беморлар сони 12 нафарга етди (+5). Аввалроқ ушбу ҳудудда 442 бемор соғайиб чиқиб, вилоят коронавирусдан бутунлай холи ҳудудга айланганди. 

Шунингдек, Тошкент шаҳрида аҳоли орасида битта ҳолат қайд этилган. Пойтахтда карантин марказида 31 кишида вирус аниқланган.

Эндиликда Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанаётганлар сони 519 нафарга етди (+32). Тошкентда шу вақтгача жами 1636та ҳолат қайд этилган, 1110 бемор тузалиб чиққан, 7 киши вафот этган.

Самарқанд вилоятида бугун карантиндагилар орасида 2 кишида вирус аниқланди.

Вилоятдаги даволанаётганлар сони 79 нафарга етди (+2). Шу вақтгача жами 362та ҳолат қайд этилган, шундан 281 киши тузалиб, 2 киши вафот этган.

Навоий вилоятида карантиндагилар орасида 38та ҳолат қайд этилди.

Вилоятда даволанаётганлар сони 145 нафарни ташкил қилмоқда. Шу вақтгача жами 157 ҳолат қайд этилган, 12 киши даволанган. Вилоят даволаниш кўрсаткичи бўйича республикада энг охирги ўринда (8 фоиз).

Бугун Самарқандда 7, Тошкентда 47 бемор тузалди.

Айни вақтда республиканинг 7 ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида жами 771 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 416 118 нафар фуқаро карантинга олиниб, уларнинг 369 113 нафари карантиндан чиқарилган. 

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 25 862 нафар, стационар карантинда эса  21 143 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top