19:40 / 31.05.2020
3296
Синовли кунлардан ўтишда жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъулият сезиши керак

2020 йил – гўзал рақам. Минглаб йиллик тарихга эга инсоният тамаддуни учун бир йил, бир йил эмас, ўнлаб, юзлаб йиллар ҳам лаҳзадек гап...

Ўзбекистон учун охирги икки-уч йил баракали бўлиб келаётган эди. Жорий йил хам бир қарашда яхши бошланган, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига янгитдан танилаётган, жаҳонда тутган ўрни ва мавқейи мустаҳкамланиб бораётган эди.

Лекин… Ҳа, қанийди шу лекин бўлмаса. Синовли кунлар ўша лекиндан бошланди. Хитойнинг Уҳан шаҳрида 2019 йилнинг декабрь ойида аниқланган ва одамлар орасида жуда тез тарқалишни бошлаган янги коронавирус инфекцияси тез кунларда нафақат Хитой давлати, Осиё қитъаси, балки бутун дунёни эгаллаб олди.

Ушбу касаллик Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳам аниқланди ва тез кунларда тарқала бошлади. Касаллик дунёнинг ривожланган давлатларини ҳам эсанкиратиб қўйди. Вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга келиб ватанимизда коронавирусдан зарарланганлар сони нисбатан оз, ўлим ҳолати нисбатан жуда паст, ушбу балодан қутулиб, батамом соғайган ватандошларимиз сони эса кундан кунга ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда касаллик 2020 йилнинг март ойида аниқланган бўлса-да, унинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилиши анча эрта – жорий йилнинг январь ойидан бошланган эди ва касаллик бўйича бугунги кундаги ҳолат кўп жиҳатдан ушбу чора-тадбирларнинг самарасидир.

Бироқ юқумли касаллик, унинг тарқалишига қарши кўрилган чоралар, шу жумладан карантин, ўз-ўзини яккалаш, оммавий тадбирлар ўтказилишига қўйилган чекловлар, одамларнинг жамоат жойларида тўпланишига қарши амалга оширилган тадбирлар, корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолияти, жамоат транспорти ҳаракатига қўйилган чекловлар, коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқот қилгани сабабли стационар карантинга олинган инсонларни жойлаштириш учун тезкорлик билан қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган шифохоналар Ўзбекистонимиз иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Қуйидаги рақамлар бизнинг фикримизча ҳеч қандай шарҳга муҳтож эмас. 2020 йил 25 май ҳолатига кўра:

Ўзбекистон ва унинг халқини 2020 йилда нафақат коронавирус пандемияси, балки табиий ва техноген офатлар ҳам синовдан ўтказмоқда.

2020 йилда бошланган коронавирус инфекциясига қарши кураш, апрель ойининг охирида Бухоро вилоятида содир булган кучли бўрон, 1 май куни Сардоба сув омборининг дамбаси ўпирилиши оқибатида содир бўлган сув тошқини ва улар оқибатида юзага келган хам иқтисодий, ҳам маънавий зарар ҳали узоқ йиллар халқимиз хотирасидан ўчиши қийин.

Лекин жуда яхши биламизки, танганинг икки томони мавжуд.

2020 йилда халқимиз бошига тушган коронавирус пандемияси, табиий ва техноген офатларнинг халқимиз учун бўлган яхши томонларини ҳам (бундай фалокатлар ҳақида яхши деб гапириб бўлмаса-да) айтиб ўтиш зарур.

Биринчидан, халқимиз ва раҳбарият офатлар олдида ўзини йўқотиб қўймади, уларга қарши курашда, зарарли оқибатларни енгиб ўтишда якдиллик ва ҳамжиҳатлик билинди.

Бухородаги бўрон ва Сирдарёдаги сув тошқини оқибатида зарар кўрган, бошпанасиз, яшаш учун зарур маблағ ва моддий воситаларсиз қолган инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёти тез кунларда яна аввалгидай ўз ўзанига тушиб кетиши учун чин кўнгилдан ёрдам кўрсатишда, кўмак бўлишда халқимизнинг ўз-ўзидан, «юқоридан» ҳеч қандай кўрсатмаларсиз ҳаракат қилгани қувонарли бўлди.

Иккинчидан, пандемияга қарши курашнинг биринчи қаторларида турган, ўз соғлиғи, ҳаётини кейинги ўринга қўйиб, касаллик билан курашаётган инсонларни даволаётган, уларга ҳар томонлама малҳам бўлаётган жонкуяр тиббиёт ходимлари, коронавирус деб номланган, миллат ва халқ танламайдиган кўринмас, ёвуз душман қачон, қаерда, қай ҳолатда ҳужум қилишини билиб бўлмайдиган даврда ўзини ўйламасдан, халқимиз ҳаёти ва соғлиғини сақлаш ишларига тиббиёт ходимлари билан бир қаторда ўз ҳиссасини қўшаётган, кунни тунга улаб хизмат килаётган мард ҳарбийлар, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари, Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги, ҳокимликлар, маҳаллий ўз-ўзини бошқарув органлари ходимлари фаолияти ҳам эътиборга молик.

Пандемиягача бўлган даврни бир ўзингиз эслаб кўринг, шифокорларни калтаклаш, ўқитувчилар, шифокорлар, ички ишлар ходимлари тўғрисида бўлар-бўлмас гапларни гапириб улар устидан мазғава ағдаришга бўлган ҳаракатлар кузатилганди. Ҳозирги синовли кунларда эса ушбу касб эгалари бутунлай бошқа қиёфада намоён булаётгани ва уларга бўлган муносабат яхши томонга тубдан ўзгариб бораётгани жамиятнинг катта ютуғи бўлди.

Учинчидан, иқтисодиёт тармоқларининг пандемия ва унинг натижасида қўйилган чекловлар даврида фаолият кўрсатишга тез мослаша олгани ва ушбу пандемия давридан иложи борича кам талафот билан чиқиб олишга бўлган интилишлар ва амалга оширилаётган тадбирларга назар ташлаш лозим.

Тўртинчидан, пандемия даврида интернет тармоғи, ахборот-коммуникация воситалари, компьютер технологияларидан фойдаланиш, масофадан туриб ишлаш учун улар билан ишлашни ўрганишга ва улардан фойдаланишга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг ортиб бораётгани улардан унумли фойдаланувчилар миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлди.

Лекин кўрилган чоралар, амалга оширилган ва оширилаётган қатор тадбирларга қарамай коронавирус пандемияси, табиий ва техноген офатлар иқтисодиётга ўз зарарли таъсирини ўтказмай қолмади.

Шу сабабли юртимизда эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиб бораётгани, инфекциядан зарарланиш ҳолатлари камайганини эътиборга олиб, давлатимиз раҳбарияти ва тегишли вазирлик ва идорадар томонидан пандемиянинг иқтисодиётга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида карантин қоидаларини юмшатиш бўйича қатор хужжатлар қабул қилинди, тегишли чоралар кўрилди.

Бироқ айрим инсонлар, айниқса баъзи ёшлар кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар, уларнинг мақсади ва аҳамиятини нотўғри тушунмоқдалар.

Энг хавфлиси – касалланиш ҳолатлари аҳоли орасидан ҳам аниқланаётгани, кўп ҳолларда инфекциядан зарарланган беморлар ушбу касалликни қачон, қай ҳолатда юқтириб олганликларини аниқ билмаётганликлари инфекция билан курашиш, инфекциядан зарарланган барча инсонларни аниқлаш ва изоляция қилиш тадбирларини амалга оширишда катта қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Азиз юртдошлар!

Ҳозирги давр, бугунги синовли кунлар биздан онглилигимиз, ҳамжиҳатлигимизни намоён қилиш, қабул қилинаётган қонунлар ва ҳужжатларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз зарурлигини талаб қилмоқда.

Шомансур Сагдуллаев,
сенатор, халқ депутатлари
Тошкент шаҳар кенгаши депутати

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top