13:40 / 19.06.2020
2809
Ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлашни кўзда тутувчи қонун маъқулланди

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида «2007 йил 27 июндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишча, 2019 йил 29 апрелда Бишкекда қабул қилинган мазкур баённома ШҲТга аъзо  давлатларнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, давлатлар ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни кучайтириш, ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш, ҳарбий кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш кабиларни кўзда тутади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон давлатлари ўртасида 2001 йилда ташкил этилган халқаро-минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳит муҳофазаси ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши бирга курашиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Юқорида қайд этилган Баённома ШҲТ аъзоси бўлган исталган давлат унга қўшилиши учун очиқлиги, қўшилган давлат учун ушбу Битим депозитарий томонидан қўшилиш ҳақида ҳужжат олинган санадан бошлаб 30 кун ичида кучга кириши каби янги ўзгартишларни ўз ичига олган.

Сенаторлар «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни бир овозда маъқуллашди.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Ушбу Протокол 1972 йилнинг 10 апрель куни Москва, Лондон ва Вашингтон шаҳарларида имзоланган бактериологик (биологик) ва токсик қуроллар захирасини йиғиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларини мустаҳкамловчи ҳамда тўлдирувчи ҳужжат ҳисобланади.

Бугунги кунда ушбу Женева протоколига дунёнинг 142та давлати, МДҲ мамлакатларидан Арманистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Украина ҳамда Қирғизистон қўшилган.

Сенат аъзолари мазкур Қонуннинг қабул қилиниши республика мудофаа соҳасининг самарали тизимини таъминлаш ҳамда уни ривожлантириш алоҳида ўрин эгаллашини, қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, мазкур Протоколга қўшилиш Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги миллий қонунчилик меъёрларига мос келиши ҳамда қонунлар билан муомалага киритилган халқаро шартномалар талабларига зид келмаслиги қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Top