08:29 / 20.06.2020
17893
Орхан Сиврикая Uzbekistan Airways раисининг ўринбосари этиб тайинланди

Uzbekistan Airways’нинг бошқарув раиси ўринбосари лавозимига Туркиядан жалб этилган мутахассис Орхан Сиврикая тайинланди.

Turkish Airlines’нинг собиқ вице-президенти Орхан Сиврикая Uzbekistan Airways раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бундан Корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотлар дарак бермоқда.

Қайд этилишича, 2020 йил 18 июнь куни навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилган. Унда Uzbekistan Airways АЖнинг бошқарув раис ўринбосари лавозимига Туркиядан жалб этилган мутахассис Орхан Сиврикаяни тайинлаш ҳамда Uzbekistan Airways АЖнинг ижро аппарати тузилмасига бошқарув раиси ўринбосари лавозимини киритиш ҳамда янги ижро аппарати тузилмасини тасдиқлаш масалалари овозга қўйилди.

Порталдаги маълумотдан кўриш мумкинки, Uzbekistan Airways АЖнинг бошқарув раиси ўринбосари лавозимига Туркиядан жалб этилган мутахассис Орхан Сиврикая тайинланган, Uzbekistan Airways АЖ ижро аппаратининг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланган.

Uzbekistan Airways АЖнинг бошқарув раиси в.б. Б. Ҳакимов ўрнатилган тартибда Орхан Сиврикая билан меҳнат шартномаси имзоланишини таъминлаши белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябрь ойида Орхан Сиврикая Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси раисининг стратегик ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси бўлганди.

Орхан Сиврикая 1967 йилда туғилган, техника фанлари номзоди, фуқаролик авиацияси масалаларида таниқли топ-менежер. Босфор университети (саноат муҳандислиги факультети, 1991 йил) битирувчиси. Туркия, Европа ва Шимолий Америкада авиайўналишларни режалаштириш ва бошқариш, янги бизнес-моделларни ташкил этиш, маркетинг ва даромадларни бошқариш бўйича масъулиятли лавозимларда ишлаган. Turkish Airlines вице-президенти лавозимида фаолият кўрсатган.

Top