08:33 / 25.06.2020
14497
Европани озод қилишда жасорат кўрсатган ўзбек қаҳрамонлари: катта лейтенант Бобоев ва партизан Тошниёзов ҳақида

Инсоният бошдан кечирган энг қонли, энг қора кунлар тарихга иккинчи жаҳон уруши номи билан кирди. Бу урушда ўзбек халқи бошқалар билан елкама-елка туриб, ҳам фронт ортида меҳнат қилди, ҳам фронтнинг олд қаторларида саф тортди.

Душман билан юзма-юз бўлиб, жанг майдонида қон кечган аскарларнинг қаҳрамонлиги ҳурмат билан эсланади.

Кичик батарея билан йирик батальонни енгган қаҳрамон

Гвардия катта лейтенанти Ботир Бобоев Европа ҳудудини нацистлардан озод қилиш, фашист Германияси ҳудудини забрт этишда жонбозлик кўрсатган шахслардан бири сифатида эътироф этилади.

1914 йил Сирдарё вилояти (ҳозирги Тошкент)да ишчи оиласида дунёга келган Ботир Бобоев ўрта мактабда, сўнгра Ростов иқтисодиёт институтида сиртдан таҳсил олади.

1941 йил августда қизил армия сафига чақирилади, жанг ҳаракатлари мобайнида бир неча маротаба яраланади ва контузия бўлади. 1942 йилда Харков артиллерия билим юртини битириб, фронтда артиллериячи сифатида хизмат кўрсатади.

Ботир Бобоев (биринчи қатор, ўнгдан иккинчи) / Шон-шараф музейидаги сурат

Ботир Бобоевнинг уруш даврида кўрсатган хизматлари орасида Польшани душмандан озод қилиш ҳаракатини алоҳида таъкидлаш лозим.

Польшанинг Оборники шаҳри учун ўтказилган жангларда немисларнинг кучли қаршилигига қарамай, гвардия катта лейтенанти Бобоев ўз батареясини тўғридан тўғри душман пиёда ва танклари қаршисига олиб чиқиб, уларни ўққа тута бошлайди. Жанг пайтида қаттиқ жароҳатланган бўлса-да, майдонни тарк этмайди.

Ушбу жангда унинг бошчилигидаги кичик батарея пиёдалар батальонича келадиган жангчиларни, 5та танк ва 2та ўзиюрар қуролни йўқ қилиб, барча ҳужумларни қайтаради.

Бунинг самараси ўлароқ, Ботир Бобоев душман мудофаасини ёриб ўтиб, Варта дарёсидан совет аскарларининг кечиб ўтишини таъминлади.

Польшанинг душмандан озод этилиши / Шон-шараф музейидаги сурат

Шунингдек, Днепр дарёсидан кечиб ўтишда, Берлин шаҳрини эгаллашда ҳам Бобоев бошчилигидаги батарея жонбозлик кўрсатади.

Ушбу хизматлари учун Ботир Бобоев «Фашист-Германия босқинчиларига қарши курашда кўрсатган жасорати, мардлиги ва қаҳрамонлиги учун» Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланади.

Бобоев уруш ниҳоясига етгандан сўнг ҳам ўз дивизияси штабида хизмат қилади. Кейинчалик нафақага чиққунга қадар Тошкентда ҳарбий комиссар этиб фаолият кўрсатади. Кексалик йилларида уруш фахрийлари кенгашининг Тошкент бўлимини бошқаради.

Партизанлик ҳаракати

Иккинчи жаҳон урушида фашистлар армиясини тор-мор этишда асосий фронтдаги ҳаракатлар билан бир қаторда, партизанлар ҳаракати ҳам ҳал қилувчи рол ўйнаган. Партизанлик душман томонидан босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг фашизм асоратидан тезроқ озод бўлиш учун бошланган умумхалқ ҳаракати эди.

1943 йилнинг охирида халқ қасоскорлари – партизанлар сафига бир миллиондан ортиқ жангчи бирлашган эди. Қуршовдан, асирликдан қутулиб чиққан аскарлар ва қўмондонлар партизанлик ҳаракатининг кучини ҳосил қилар, улар орасида ўзбеклар ҳам анчагина эди. Ўзбек партизанлари Россия, Украина, Беларусь, Болтиқбўйи республикаларида партизанлар ҳаракатига бошчилик ҳам қилишган.

Партизанларнинг ҳаракат йўналиши

Манбаларга кўра, уруш йилларида партизанлар фашистларнинг 1,5 миллиондан ортиқ аскар ва офицерини қириб ташлаган, асирга олган, ярадор қилган, 116та бронепоездни, 16,860та паровозини, 170,812та вагонини ағдарган, 4538та танкни, 2500дан ортиқ тўпни мажақлаган, 250та темир йўл станциясини тор-мор этган, 2200дан ортиқ йирик омборларни ёндириб юборган, 9644та кўприкни портлатган.

Сафдошлари учун ўзини қурбон қилган партизан

Партизанлик ҳаракати билан уруш қаҳрамонлари орасида алоҳида ном қолдирганлардан бири Ғанитой Тошниёзовдир.

Ғанитой Тошниёзов (ўнгдан биринчи) / Шон-шараф музейидаги сурат

Тошкентлик Ғанитой Тошниёзов 20 ёшида армияга чақириқ қоғозини олади. Беларуснинг Белосток ва Минск шаҳарларида хизмат қилиб юрган вақтида ўз қисми билан гитлерчилар қуршовида қолиб, ярадор бўлади. Қуршовдан қутулиб чиқиб, Минск вилоятидаги Жеремце қишлоғида Клячкинлар оиласида тўрт ойгача даволаниб юради. Сўнгра шу атрофда ҳаракат олиб бораётган «Разгром» партизан бригадасининг «Искра» отрядига қўшилади. Сафдошлари билан Минск — Могилев тош йўлида душман автоколоннасини тор-мор этишда жонбозлик кўрсатади.

Тошниёзов душманнинг 14та ҳарбий эшелонини ағдариш, 1400 нафарга яқин душман аскар ва офицерларини йўқ қилишда иштирок этади.

Партизан аскарларининг бош кийими
«Искра» партизанлар отряди аскарларига тегишли ашёлар. Шон-шараф музейи

1944 йил 9 февралда Минск ўрмонларида ўз бўлинмаси билан ўрнашган вақтида душман ҳужумига учрайди. Аммо партизанлар бригадасининг бошқа бўлинмалари қочиб яширинишга улгуриши, камроқ зарар кўриши учун ўз бўлинмаси билан чалғитиш мақсадида душманга тик чиқади. Душман тобора яқинлашган сари ҳам чекинмайди, уларнинг диққатини ушлаб туришда давом этади. Сўнгги лаҳзада душман қуршовида қолганда асир тушмаслик учун пистолети билан ўзини отиб ҳалок бўлади.

Ғанитой Тошниёзов ҳақидаги мақтов ёрлиқлари

Ғанитой Тошниёзов биринчи даражали «Ватан уруши» ордени ва «Жасурлик учун» медали би­лан мукофотланган.

Top