19:11 / 25.07.2020
56586
Турмуш ўртоғидан ажралган уйсиз аёл 100 млн сўм хайрия қилди

Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ижарада яшовчи, жигар циррозига чалинган ва зудлик билан операция қилиниши зарур бўлган бемор Мурот Тлеумуратов учун хайрия акцияси ташкил этилган эди. Акция доирасида кўзланган маблағ йиғилгани боис айни пайтда бу мақола қоида тариқасида сайтдан олинган. Ўша хайрия давомида ва бошқа йўналишлар орқали боғланган саховатли инсонлар кўмагида 100 млн сўмдан ортиқроқ маблағ йиғилган эди.

Аммо беморнинг умри қисқа экан. Ҳиндистонда ўтказилиши керак бўлган операцияга 40 ёшли Мурот Тлеумуратов етиб бора олмади ва яқинда касаллик зўрайишидан вафот этди.

– Беш ёшли қизим ҳамон дадаси вафот этганини билмайди, нега шифохонага бормаяпмиз, деб сўрайверади, – дейди Муротнинг аёли Нурсулу. – Эрим сўнгги дақиқаларгача умид билан яшади. Kun.uz сайтида хайрия эълон қилганларингизда ва юртдошларимиз маблағларини аямай ёрдам берганларида жуда хурсанд бўлган, аҳволи ҳам анча яхши бўлиб қолганди. Лекин барибир умри қисқа экан...

– Пандемия сабабли операцияга бора олмадингизларми?

– Асосий сабаб шу. Ўзбекистонда зудлик билан операцияга бориши керак бўлган беморлар ҳозир ҳам жуда кўп. Битта самолёт уюштирамиз деб, кўпчилик ҳаракат қилди. Аммо иложи бўлмади. Қатор ташкилотларга мурожаат қилдик, хатлар ёздик. Ҳиндистоннинг ўзида ҳам вазият яхши эмаслиги яна бир сабаб бўлди.

Турмуш ўртоғим операцияси учун пул излаб юрган пайтларимиз ҳар ҳафта икки-уч марта парвозлар бўлар, уларда Ҳиндистонга асосан беморлар учишарди. Мен уларга ҳавас қилиб қолардим. Эримга жигаримнинг бир қисмини беришим керак эди. Кейинчалик пул йиғилди, аммо етиб бориш бизга насиб қилмади.

– Ёлғиз қолиб қийналмаяпсизми?

– Албатта, қизимга отасининг ўрни билинади. У дадасини тобора кўпроқ сўраяпти, мен нима дейишни билмай ҳам қолаяпман... Қайним бор, акасининг ўрнини билдирмаслик учун қизимни ҳар куни айлантириб келади. Яқинда боқувчисини йўқотганлар учун пенсия тайинланди ва илк марта 686 минг сўм олдим.

Хайрияга тушган 100 млн сўмни эса беморларга бўлиб бердим. Ҳеч кимнинг бошига биздаги каби айрилиқ тушмасин.

– Ижарада тураман дегандингиз, чоғроқ бўлса ҳам уй олишга ҳаракат қилмадингизми?

– Бу пулларни ўзим учун ишлатишга ҳаддим сиғмади. Ҳозир ҳам 1,3 млн сўм тўлаб ижарада турамиз, эримнинг жони ҳам уйсизликда узилди. Лекин Аллоҳнинг бизга, қизимга атагани ҳам борлигига ишонаман. Ўзи истаса уйлик ҳам бўламиз.

– Сизга сабр берсин, фарзандингизнинг камолини кўриш насиб этсин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Top