01:07 / 26.07.2020
4282
Саудия Aрабистони ёрдам маркази 84 мингдан ортиқ яманлик болаларга ҳайитлик улашди
Фото: Arabnews

Ҳар икки мамлакат ўртасидаги зиддият давом этаётган бир вақтда Саудия томони Қурбон ҳайити арафасида яманлик болаларга ҳадялар юборди.

Ямандаги қаровсиз болаларга 2020 йил Қурбон ҳайити арафасида Саудия томонидан ҳайитликлар тарқатилди. Бу ҳақда Arabnews ёзмоқда.

Саудия Aрабистонидаги «Қирол Салмон инсонийлик ёрдами ва имтиёз маркази» «Aл-Хайр инсониятга ёрдам» фонди билан биргаликда 2 850та совға солинган 950 дона ҳайитлик халталарини Яманнинг Aл-Мукалла шаҳрида яшовчи уйсиз ва ота-онасиз болаларга тарқатди. Шунингдек, 5 250та совғани ўз ичига олган 1 750 дона ҳадя халталари Яманннинг Aдан ва 3 503та совғали 1350та ҳадя халталарни Лаҳиж губернаторлигига юборилди. Ушбу совғалар 84 750 нафар уйсиз, етим болаларга етказилади.

Яқинда «Қирол Салмоннинг инсонийлик ёрдами ва имтиёз маркази» «Уларнинг қувончи – бизнинг умидимиз» шиори остида хайрия дастурини амалга оширган эди. Қурбон ҳайити арафасидаги ушбу акция унинг мантиқий давоми бўлади. Бу ташаббус Яманда марказ томонидан бажарилган бир қанча лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Саудия қироли номидаги марказ бироз олдин Aданда денгга иситмаси (кучли безовталик билан кечувчи иситма, вирусли касаллик) билан курашиш учун фавқулодда ёрдам дастурини ишлаб чиққанди. Беш ойлик ушбу дастур Aдан вилоятининг 8та туманидаги 861 минг 719 нафар инсоннинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган. Денгга иситмасига турли ҳашаротлар, асосан чивинлар сабабчи бўлади ва бу ҳол аданликларни бир неча йиллардан буён оғир аҳволга солиб қўйган. Ҳолатни яхшилаш учун марказ чивинларни йўқотишга ёрдам берадиган ёпиқ ва очиқ сув ҳавзалари яратишни режа қилган. Бу ҳаракат Aдан бўйлаб нам жойлардаги ифлос сувларни камайтириб, чивинларнинг йўқолишига олиб келиши керак. 

Яман Соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси доктор Aли ал-Валиди «Қирол Салмон инсонийлик ёрдами ва имтиёз маркази»нинг соғлиқни сақлаш соҳасига қилган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва бу денгга иситмаси билан курашаётган яманликлар учун муҳим эканлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Саудия Арабистони ҳамда Яман ўртасидаги муносабатлар яхши эмас. 1,3 минг километрдан кўпроқ умумий чегарага эга давлатлар ўртасидаги зиддият деярли 100 йилдан буён давом этиб келмоқда.

Top