16:39 / 27.07.2020
867
Республиканинг мобил алоқа билан қамрови 97 фоизга етказилди - вазирлик

«Ookla» компаниясининг Speedtest.net сервисининг 2020 йил июнь ойи бўйича Speedtest Global Index рейтингида Ўзбекистонда интернет тезлиги бўйича ўсиш қайд этилгани кузатилган. Мазкур рейтингда Ўзбекистон бир йил ичида 36 поғонага кўтарилган. 2019 йил натижаларига кўра, Ўзбекистонда симли интернет тезлиги 2,5 баробарга ўсган.

Бугун, 27 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмат раҳбари Шерзод Аҳматов интернет тезлигини яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазирлик расмийсининг қайд этишича, 2020 йилнинг биринчи ярмида мобил алоқа операторлари томонидан республика бўйича 1375та мобил алоқа таянч станцияси ўрнатилиб, аҳоли масканларининг мобил алоқа билан қамрови даражаси 97 фоизга ва кенг полосали мобил интернет тармоғига уланиш қамрови даражаси 78 фоизга етказилган.

«Хусусан, Қашқадарёда 138та, Самарқандда 157та, Наманганда 128та, Тошкент вилоятида 134та, Фарғонада 171та, Тошкент шаҳрида 164та, Хоразмда 64та, Сирдарёда 31та, Сурхондарёда 76та, Навоийда ва Қорақалпоғистонда 34тадан, Жиззахда 70та, Бухорода 61та, Андижонда 117та мобил алоқа станциялари ўрнатилган.

Шу кунгача, асосан, телефон хизматларини кўрсатувчи 2G мобил тармоқларни кенгайтириш вазифаси бажарилган бўлса, ҳозир тармоқнинг қамровини ошириш бўйича лойиҳалар 3G/4G тармоқларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Шу йилнинг ўзида ҳам 2200та 3G/4G база станциясини ўрнатиш режалаштирилган», деди Шерзод Аҳматов.

Шунингдек, «Ookla» компаниясининг Speedtest.net сервисининг 2020 йил июнь ойи бўйича Speedtest Global Index рейтингида Ўзбекистонда интернет тезлиги бўйича ўсиш қайд этилгани кузатилган.

Мазкур рейтингда Ўзбекистон бир йил ичида 36 поғонага кўтарилган. Ва охирги йил натижаларига кўра, Ўзбекистон симли интернет тезлиги 2,5 баробарга ўсган.

Top