18:57 / 13.08.2020
39489
Беларусдаги намойишларда янги тактика қўлланмоқда – «бирдамлик занжири»

Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида одамлар қаторасига бешинчи кун намойиш ўтказмоқда. Дастлабки уч кечадаги намойишлар кучишлатар тузилмалар томонидан шафқатсизлик билан бостирилгач, шифохоналарга 200дан ортиқ киши ётқизилган, 7 мингга яқин киши ҳибсга олинган.

Фото: АР/ТАСС

12 август кунидан намойишлар янги шаклга ўтди - асосан оқ кийинган аёллар аввалги кунларда полициядан жабр чеккан намойишчилар билан бирдамликни намойиш этиш учун кўчаларда гуллар тутган ҳолда жонли занжирлар ҳосил қилишди. Бугун ҳам тонгдан шундай «бирдамлик занжирлари» Минскнинг турли ҳудудларида пайдо бўла бошлади.

Улар қарсак чалишмоқда ва «Кет», «Беларусь яшасин», «Биз тинчликпарвар одамлармиз» деб ҳайқиришмоқда.

Аёллар ҳам қўлга олинмоқда
Чоршанба куни гул кўтарган аёллар шу кунларда полициячилар томонидан куч ишлатилиши оқибатида намойишчилардан бири ҳалок бўлган проспект ёқасида тизилишди ва намойишлар вақтида қўлга олинганларни қўйиб юборишни талаб қилишди. Қўлга олинганларнинг қариндошлари тергов изоляторлари атрофида намойиш уюштиришди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Шунингдек, сешанба куни намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасида жиддий тўқнашувлар бўлиб ўтган Пушкинская метро бекати яқинига ҳам одамлар келишди. 

Бундай тинч намойишлар мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам ёйилган. Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, Смолевичи, Могилёв ва Витебскда полиция намойишга чиққан аёлларнинг бир қанчасини қўлга олган.

Иш ташлашлар
Махсус хизматлар ходимлари намойишларнинг бостирилишига норозилик сифатида формаларини ташлаб юбормоқда.

Фото: Instagram

Ижтимоий тармоқларда Беларусь кучишлатар тузилмаларининг собиқ ва ҳозирги ходимлари рўй бераётган ҳодисаларга норозилик сифатида флешмоб бошлаб юборишди. Улар ҳамкасбларининг намойишларни бостиришдаги хатти-ҳаракатларига жавобан ўз формаларини чиқинди қутиларига улоқтиришди.

«Мен ҳозирда одамларни уриб, майиб қилаётган қўшинларда хизмат қилганимдан жуда ҳам уятдаман», дейди ҳарбийлардан бири.

Интернетда кўплаб ҳарбийлар видеомурожаатлар жойлаган.

«Қаерда хизмат қилганим билан фахрлана олмайман, формани кийиш ёки уйда ҳам сақлай олмайман», дейди яна улардан бири.

12 август куни давлат телеканаллари ходимлари мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга норозилик сифатида ишдан бўшамоқда. Улардан бири тонги эфирда жилмайиб чиқишга хижолат бўлаётганини гапирган.

Милиция вакиллари орасида ҳам шу сабаб билан ишдан кета бошлашди. Хусусан, Гомелдаги участка нозири Иван Колос мамлакатни тарк этган. У аввалроқ видеомурожаат қилиб, ҳамкасбларини зўравонликни бас қилишга чақирганди. У ички ишлар органлари сафидан кетмаслиги, аммо жиноий буйруқларни ҳам бажармаслигини айтганди. У мамлакатдан чиқиб кетишига қўлга олиниш хавфи мавжудлиги сабаб сифатида келтирилмоқда. Аввалроқ худди у каби видеомурожаат қилиб, милициядан бўшаганини айтган, новополоцклик бошқа бир ходим Егорь Емельянов қўлга олинганди.

Беларусь президенти администрацияси ходими ҳам ишдан бўшаш учун ариза ёзди.

Шунингдек, мамлакатдаги йирик корхоналар ишчилари иш ташлашмоқда. Улар зўравонликни тўхтатиш ва овозларни қайта ҳисоблашни талаб қилишмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

13 август куни бутун Беларусь бўйлаб корхоналар, заводлар, шифохоналар ва маданият марказларида намойишлар ва иш ташлашлар тўлқини бошланди.

Дастлаб «Гродножилстрой» ишчилари иш ташлаган. Ишчилар ҳукуматни ҳаракатсизликда ва ОМОН ходимларини асоссиз куч ишлатишда айбламоқда. «Одамлар биринчи бўлиб ГАИ ёки ОМОНга ҳужум қилгани кўрсатилган бирорта видео кўрсатингчи!», дейилади видеолардан бирида.

«Белмедпрепараты» ходимлари ҳам забастовка қилган. «Гродно-Азот» ишчилари касаба уюшмасига йиғилиб, овозлар тўғри ҳисобланишини исташларини билдиришган. «Минский автомобильный завод» (МАЗ) ишчилари ҳам умуммиллий иш ташлашларга қўшилган.

Беларусь автомобил заводи ва «Белкард» (барча турдаги автомобилларга эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи корхона) ишчилари ҳам корхона ҳудудида тўпланиб, раҳбариятга талаб қўйишган, унга кўра, раҳбарият маҳаллий ҳукумат органлари ва ИИВга мурожаат қилиб, шафқатсизликни ва асоссиз қўлга олишларни бас қилишни сўраши керак.

Шифокорлар ҳам акция уюштиришмоқда: Гроднодаги №1 стоматология клиникаси ходимлари, РНПЦ Кардиология, Минск 4-шифохонаси, 6-шифохона ходимлари кўчаларга чиқишган.

Миллий санъат музейи ходимлари ва «Белгосфилармония» ходимлари ҳам тинч намойиш уюштирган.

Алексиевич: «Ҳукумат ўз халқига уруш эълон қилди»

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Светлана Алексиевич Лукашенкони ўз ихтиёри билан ваколатини топширишга чақирди.

«Менимча, ҳукумат ўз халқига уруш очди. Мен кўз ўнгимизда халқимиз радикаллашганига гувоҳ бўлмоқдаман. Ҳеч биримиз ОМОН ўзини бундай тутишини тасаввур қила олмасдик», - деган Алексиевич «Радио Свобода»нинг Беларусь хизматига берган интервьюсида.

Ёзувчи Тихановская сайловда ғолиб чиққанига шубҳа қилмаслигини билдирган. У сўнгги кунларда ўз халқини янада кўпроқ севиб қолганини таъкидлаган.

«Ҳали кеч бўлмасидан, фуқаролик уруши бошланмасидан кет. Кет. Ҳеч кимга Майдан керак эмас, ҳеч кимга қон тўкилиши керак эмас. Сен фақат ҳокимиятни истайсан. Бу истагинг қон талаб қилади», дея Александр Лукашенкога юзланган ёзувчи.

Лукашенко намойишлар ҳақида
Александр Лукашенко чоршанба куни хавфсизлик масалалари бўйича йиғилиш чақирди. У намойишчиларнинг аксарини бекорчилар деб атади.

«Намойишчилар деб аталаётганларнинг барчаси жиноий ўтмиши бор бўлган одамлар ва бугунги кунда ишсиз бўлганлардир. Яхшиликча айтаман: уларни иш билан таъминланг.

Вазиятдан кўриниб турибдики, расмийлар, хусусан, хавфсизлик кенгаши қаршисида турган энг биринчи вазифа - фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти давом этишини таъминлашдир», деган Лукашенко.

У ишлашни истайдиганларнинг барчаси ишга жойлашиши ва муносиб маошга эга бўлиши зарурлигини таъкидлаган.

Фото: Reuters

ЕИ ва АҚШ санкциялари таҳдид солмоқда

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Европа Иттифоқи Беларусь билан муносабатларини қайтадан кўриб чиқиши кераклигини ва норозилик намойишлари қатнашчиларига нисбатан зўравонликларга алоқадор бўлган раҳбарларга нисбатан санкциялар қўллаши мумкинлигини маълум қилди. 

Боррелнинг таъкидлашича, ЕИ Беларусдаги президентлик сайловларини «эркин эмас ва адолатсиз» деб ҳисоблайди. Шунингдек, у Беларусь ҳукумати олдига норозилик намойишлари пайтида ҳибсга олинганларнинг барчасини озод қилишни талаб қилган.

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Беларусдаги сиёсий вазият сабабли мамлакатга қарши санкциялар қўлланилиши, шунингдек, нефть етказиб беришни тўхтатиб қўйиши мумкинлигини айтди. У ҳам бўлиб ўтган сайловларни адолатсиз деб атаган.
 

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top