16:34 / 13.08.2020
5816
Мигрантлар фарзандларининг 33 фоизи ўзини бахтсиз ҳис қилиши маълум қилинди

Меҳнат миграцияси болаларнинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир қилади. Ота-онаси ишлаш учун хорижга кетган болаларнинг 33 фоизи ўзини бахтсиз ҳис қилади, 21 фоизи доимий хавотирда яшайди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистонда миграциянинг болаларга таъсирини ўрганишга бағишланган тадқиқот натижалари маълум қилинди.

Тадқиқот давомида ота-онаси (ёки улардан бири) ишлаш учун хорижга кетган болаларнинг ҳиссий ҳолати, ўз васийлари билан муносабатлари ўрганилган.

«Тадқиқотда қатнашган болаларнинг ярми ота-оналари кетгандан сўнг дарҳол кайфиятлари ёмонлашгани ҳақида хабар беришган. Сўровда қатнашган болаларнинг 33 нафари оилавий фермада ишлаш, укаларига ғамхўрлик қилиш ва ота-оналари зиммасида бўлган бошқа уй юмушларини бажариш каби мажбуриятлар кўлами кенгайгани тўғрисида айтишди. Оилада ўз зиммасига тушган жавобгарликнинг ортиши болаларнинг кайфиятига салбий таъсир қилади.

Тадқиқотда иштирок этган васийларнинг айтишича, ёш болалар кўпинча ўжар, қулоқсиз ва тажовузкор бўлиб қолишади, бу айниқса улар ота-оналарини соғинишганда яққол сезилади. Бундай ҳолатда болаларнинг 37 фоизга яқини ўз ғазабларини ака-ука ва опа-сингилларига йўналтиришса, 18 фоизи катталарга нисбатан қўпол муносабатда бўлишади.

Болаларнинг 7 фоизга яқини ота-онаси сафарга кетгач, васийлар томонидан қўлланадиган жисмоний жазолар кайфиятининг янада тушишига сабаб бўлишини таъкидлаган. Кузатувларга кўра, зўравонлик болаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, билим олиш қобилиятини пасайтиради, дарсларга қатновини камайтиради, ўз-ўзини ҳурмат қилиш даражасини тушириб юборади, ҳиссий стресс ва тушкунликни келтириб чиқаради, баъзида қасддан ўз-ўзига зарар етказишга ундайди.

Айтилишича, васийлар томонидан жазо чоралари сифатида болаларнинг 12 фоизи имтиёзлардан маҳрум қилинган, 3 фоизи «телба», «дангаса» ва шу каби сўзлар билан камситилган, 8 фоизига нисбатан қўпол муносабатда бўлинган», дейилади ҳужжатда.

Top