18:53 / 18.08.2020
1429
Ёшлар-2020: форумда кўтарилган 3та муҳим масала

«Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов пандемия кўплаб ёшларнинг ишсизлигига сабаб бўлгани, кейинчалик мана шундай вазият юзага келганида қандай йўл тутиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Самарқанд форумида энг кўп кўтарилган савол сифатида 3та масала кўтарилди. Биринчиси, таълим олиш. Ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш. Энг кўп маърузалар ёшлар таълимига бағишланди.

Иккинчиси, ёшлар ўртасидаги ишсизлик. Айниқса пандемия ёшларга қайси соҳаларда энг катта таъсир кўрсатди деганда иш билан банд қилиш соҳаси деб эътироф этилди. Ҳатто алоҳида эътибор бериш керак, алоҳида дастур қилиш керак деган таклифлар бўлди. Ёшлар ишлари бўйича агентликнинг раҳбари Саъдуллаев ҳозир биз Ўзбекистондаги ёшларни 2025 йилгача бўлган тараққиёти концепциясини тузаётганимизни айтди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш – энг катта муаммолардан бири.

Битта мисол келтираман: Ўзбекистонда ҳар йили 600-700 минг ёш мактабни ёки олий ўқув юртларини битиряпти. Биз йилига 500 мингга яқин иш ўрни яратяпмиз. Яъни 200 минг ёш қоляпти. Уларни нима қилиш керак? Ёшларнинг бандлигини таъминлаш бутун дунё давлатлари учун энг катта устувор вазифа.

Учинчи масала – ёшлар ўртасида тенгликни таъминлаш. Айтилдики, ўрта мактабда қиз болалар билан ўғил болаларнинг тенглиги таъминланган. Олий ўқув юртидачи? Олий ўқув юртида қизларнинг сони камайиб кетяпти. Бу фақат Ўзбекистондагина эмас, бутун дунёда. Имконияти чекланган ёшлар ҳуқуқини таъминлаш.

Мана шу 3та глобал муаммо нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё ёшларини ўйлантираётган муаммолардан. Самарқанд форумида нафақат Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди, балки бутунжаҳон ёшларини ўйлантирадиган умумий муаммолар кўтарилди», деди Акмал Саидов.

Top